Maqola

264 22/01/2024

Ассалому алайкум! Ўтиб бораётган ҳафтада рўй берган муҳим воқеалар таҳлили билан қаршингизда журналист Муслим Мирзажонов. Бугунги дастуримиздан ҳам миграция ва мигрантларга оид энг муҳим янгиликлар ўрин олган. 

Одамзотга хос битта камчилик бор: Бирор нарсанинг ёки кимнингдир қадри уни йўқотгандан кейин билинади. Ижтимоий тармоқларнинг рус сегментида қордан тозаланмаган, муз уюмлари қоплаб ётган йўллар ҳақидаги норозилик постлари ёки видеоларига тез-тез дуч келасиз.

Сабабини яхши биласиз: кам маош, полиция рейдлари ва депортациялар туфайли мигрантлар Россияда ишлашдан бош тортмоқда. Ёки яхшироқ ойлик берадиган бошқа соҳаларга ўтиб кетмоқда.  Мавжуд фаррошлар одам етишмаслиги сабабидан деярли кечаю кундуз қор курашга мажбур бўлаётганини айтишмоқда.

Ҳатто Москвада ҳам кўча тозаловчилар етишмайди. Шаҳар аҳолиси тозаланмаган ҳовлилардан шикоят қилмоқда. Шаҳар ҳокимияти ва коммунал хизматлари танқид остида қолган.

Мигрантларга аллергияси бор сиёсатчи, «Справедливая Россия — За правду» фракцияси раҳбари Сергей Миронов эса яна миграция тартибларини қатъийлаштириш талаби билан чиқди.

Мироновнинг иддаосича, минтақалар аллақачон ўз қарорларини маҳаллий даражада қабул қилиб, хорижлик мутахассисларга маълум соҳаларда, жумладан соғлиқни сақлаш, таълим ва таксиларда ишлашни тақиқлаб қўйган. Бироқ Федерал марказ ва Давлат Думаси меҳнат муҳожирлари масаласида қарор қабул қилишда ортда қолмоқда экан.

“Ишончим комилки, бизга ҳар қандай соҳада мигрантларнинг беш фоизидан кўп бўлмаган бир хил стандартларга эга федерал қонун керак. Буни албатта амалга ошириш керак, чунки Челябинскда махсус ҳарбий операция иштирокчилари ва уларнинг хотинларининг калтакланиши ва янги йил байрамларида содир бўлган бошқа кўплаб фактлар ўз-ўзидан далолат беради”, — деди Сергей Миронов.

Миронов ҳукумат Европада содир бўлаётган “бошбошдоқликлар”га йўл қўймаслиги кераклигини таъкидлаб,  улар Россия миллий манфаатлари ва фуқароларини ҳимоя қилишга мажбур эканлигини таъкидлаган. Мироновнинг сўзларини амалга оширса бўладими? Россия иқтисодиётига 5 фоиз мигрант етадими?

Ўтган 2023 йилнинг охирида Россия Фанлар академиясининг Иқтисодиёт институти тадқиқоти эълон қилинган ва унда 2023 йил охирига келиб Россияда 4,8 миллион ишчи етишмаслиги айтилган эди. 

Россияда ишчилар етишмаслиги билан боғлиқ ҳолатга реал баҳо бериб, муқобил ечим таклиф бераётганлар ҳам йўқ эмас. Масалан, россиялик иқтисодчи Наталя Зубаревич Татаристон ҳукуматига ишчи кучи етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш учун Ўзбекистонга юзланиш ва ўзбек тилини ўрганишни маслаҳат берди.

«Бу борада ҳеч нарса қилиб бўлмайди, фақат мослашиш керак. Татаристонда ва умуман Россияда ишчи кучи етишмаслиги муаммосини 2020-йиллар охиригача ҳал қилиб бўлмайди», деди у Татаристон Инвестицияларни ривожлантириш агентлиги (ИРА) йиғилишида.

Зубаревич буни Россия аҳолиси демографик тузилишининг ўзига хос хусусиятлари билан изоҳлади. «Улар [россияликлар] меҳнат бозорига 20 ёшда кирмоқда, бу жуда камчилик авлод. Уларнинг сони 35-38 ёшдагиларга қараганда уч баробар кам. Аёллар энди туғмай қўйди. Сизга ишчи кучи керак, аммо у йўқ», деб таъкидлади эксперт.

Иқтисодчи мутасаддиларга «Ўзбекистонга назар солишни» таклиф қилди.

«Тожикистондан кўра Ўзбекистон яхшироқ. Кадрлар сифати нуқтаи назаридан», деди Зубаревич. Шу билан бирга, у чет элликлар оиласи билан келиши туфайли ижтимоий харажатлар ортиб бориши ҳақида огоҳлантирди.

«Қисқаси, Россияда ишчи кучини топа олмайсиз. Кавказга бормасангиз ҳам бўлади – бу одамлар станок олдида турмайди. Ўзбеклар эса бир нечта заводларни, жумладан, кореяликларникини ташкил қилишди… Ва бу Тошкент яқинида, Фарғона водийсида иш берди. Шунинг учун ўзбек тилини ўрганинг, бу сиз учун осон», деди иқтисодчи Татаристон расмийларига.

Рус-украин уруши барча соҳаларда ойлик тушумлар ва маошларга салбий таъсир қилмоқда. Бир томондан бу рублнинг қадрсизланишига ҳам боғлиқ. «Химпек» заводида ишловчи тожик ва ўзбек ишчилари ойлик маошини оширишни талаб қилиб, акция ўтказишди.

Департамент маълумотларига кўра, Россия ва Буюк Британиядаги меҳнат шароитларини солиштириш орқали муҳожирлар ўртасида келишмовчилик пайдо бўлган.

Тожикистон Меҳнат, миграция ва бандлик вазирлигининг Россиядаги ваколатхонаси Шахти шаҳридаги “Химпек” заводида тожикистонлик ишчиларнинг иш ташлаши билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритди. Вакилликнинг жавобида айтилишича, иш ташлашга иш ҳақини ошириш талаби сабаб бўлган.

“Бир неча кун давомида аввал Буюк Британияда ишлаган 2-3 нафар тожикистонлик ишчилар иш ташлашга чақиришган. Улар Россия ва Буюк Британиядаги шароитларни солиштиришган. Натижада 55 нафар ишчи 15 январ куни иш ҳақини оширишни талаб қилиб, оммавий акция уюштирди. Иш ташлашчилар орасида Тожикистон ва Ўзбекистондан келган муҳожирлар ҳам бўлган”, — дейилади хабарда.

Можарони бартараф этиш учун Тожикистон Меҳнат вазирлиги ваколатхонаси ходимлари жалб қилинган, компания раҳбарияти ва меҳнат муҳожирлари билан учрашув ўтказилган. “Йиғилиш давомида ишчи гуруҳ аҳолининг яшаш ва меҳнат шароитлари билан яқиндан танишиб, иш берувчи томонидан ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси бўйича ўз зиммасига олган барча мажбуриятларни бажарганлиги ва қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўйилмагани аниқланди.

Ишчилар иш ҳақини 20-25% га оширишни талаб қилишди, гарчи 2023 йилда иш ҳақи 15% га оширилди ва ўртача 80-85 минг рублни ташкил этди “, – дея таъкидлайди ваколатхона.

“Бизга маошимизни 15 фоизга оширишни вада қилишган эди. Бизнинг банк карталаримизга 80 минг рубл ўтказилиши керак эди. Энг камида 75 минг рубл маош олишни кутаётган эдик. Лекин бунинг ўрнига бизга 64 минг рубл, баъзиларга эса 49 минг рублга яқин пул тушди”, деган ишчилардан бири.

Департамент маълумотларига кўра, провокаторлар аниқланган ва бир неча норози ходимлар билан бирга 2024 йил январ ойининг ярми учун маошлар тўланганидан кейин ишдан бўшатилган.

“Тожикистоннинг 35 нафар фуқароси ишдан бўшатилди, корхона раҳбарияти билан музокаралар олиб бордик, тушунмовчиликлар бартараф этилди, бу эса улардан 25 нафарининг ишга қайтишига имкон берди”, — дейилади хабарда.

“Химпек” компанияси юк ташиш учун контейнер ва қоплар ишлаб чиқаради. Шунингдек, кимё, металлургия, шиша, керамика, қурилиш ва бошқа хомашё етказиб берувчи йирик корхона ҳисобланади.

Бу ҳафтада Ўзбекистонда 100 минг киши уюшган ҳолда чет эл корхоналарига ишга жўнатилиши ҳақида хабар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ишсизлик ва меҳнат муҳожирлари масаласига ҳам тўхталиб, бандлик тизимига кирувчи касбга тайёрлаш муассасалари фаолияти ҳам талаб даражасида эмаслигини таъкидлаган. Масалан, ҳозирда чет элда ишлаётган ватандошларимизнинг аксарияти оддий ва оғир, кам иш ҳақи тўланадиган меҳнат билан шуғулланаётгани танқид қилинган.

Европа, Осиёнинг ривожланган мамлакатлари билан жуда катта келишувлар доирасида 150 мингта ишчига буюртма берилган бўлса-да, бор-йўғи 9 минг ишчи юборилган.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги иш ўринларини яратиш ва аҳолини касбга ўқитиш борасидаги камчиликларни бартараф этиб, 100 минг ишчига касб-ҳунар ва тил ўргатиб, уюшган ҳолда чет эл корхоналарига ишга юбориш вазифаси қўйилди.

Қиш келди, дегунча автоҳалокатлар ҳақидаги машъум хабарлар кўпаяди. Ўтган ҳафтада 8 нафар хоразмлик ватандошларимизнинг Россияда автоҳалокатда вафот этгани барчамизни маҳзун қилган эди. Минг афсуски, бу ҳафтада ҳам шунга ўхшаш фожиа рўй берди.

Жорий йилнинг 16 январь куни (Москва вақти билан) соат 13:00 ларда Россия Федерацияси, Самара вилояти, Ставропольск районида “Lada Largus” русумли  автомобили ва “Газель” русумли юк автомобили тўқнашиши оқибатида “Lada Largus” русумли  автомобилида бўлган жами 7 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан 3 нафари воқеа жойида вафот этган, 4 нафар йўловчи турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган ва тиббий муолажалар кўрсатилмоқда. Уларнинг қашқадарё вилоятидан экани айтилмоқда.

ФВВ хабарига кўра, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда вафот этган ва жабрланган фуқароларимизни ватанга олиб келиш юзасидан керакли барча зарур чоралар кўрилмоқда.

Нижний Новгород яқинида рўй берган автоҳалокатда ҳам ўзбекистонликлар жабрланди

Кстово шаҳридаги айланма йўлда автобус ва юк машинаси тўқнашиб кетган. Бироз вақт ўтмай, уларнинг устига енгил машина келиб урилган. Натижада оғир юк машинаси ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этган. Автобусда бўлган яна 11 нафар Ўзбекистон фуқаролари турли даражадаги тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.

Кейинчалик яна бир жабрланган шахснинг ҳам вафот этгани маълум қилинди. Қутқарувчилар жабрланганларнинг баъзиларини махсус асбоблар ёрдамида автобусдан олиб чиқишга мажбур бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, фожиага автобус ҳайдовчисининг ноўрин ҳаракати сабаб бўлган, у қарама-қарши йўлга чиқиб кетган ва бошқарувни йўқотган. Воқеа ҳолатлари юзасидан терговга прокуратура ҳам қўшилган.

Ақтўбе вилоятида эса қутқарувчилар Тошкентдан Қозонга автобусда кетаётган 55 нафар Ўзбекистон фуқаросини эвакуация қилишди. Автобус носозлик туфайли Самара-Чимкент миллий автомобил йўлининг 965-километрида тўхтаб қолган.

Йўловчилар Фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари томонидан Қорабутоқ қишлоғидаги масжидга эвакуация қилинган. Уларнинг аҳволи қониқарли бўлиб, тиббий ёрдамга муҳтож бўлмаган…….

Гоҳида изоҳларда кузатувчиларимиз каналда машъум хабарлар кўп берилмоқда, деб ёзишади. Тўғри, сўнгги пайтларда бундай хабарлар кўпайди ва биз ҳам имкон қадар уларни сизга етказишга ҳаракат қиламиз. Сабаби, биринчи галда биз ахборот берувчи манбамиз. Қолаверса, бу каби хабарлардан ҳукумат ва юртдошларимиз ўзлари учун тўғри хулоса чиқаришларини хоҳлаймиз.

Россия Африкадан мигрантлар олиб келмоқчи

Кения давлати ҳукумати Россияга 10 минг ишчи юборади, уларни ишга жойлаштириш аллақачон Москва билан келишилган, дейди Кения давлат палатаси вакили Ҳусайн Муҳаммад.

У муҳожирлар қайси соҳада ишлашига аниқлик киритмаган. Яна 30 минг кениялик Исроилга, 20 минг нафари Сербияга, 250 минг нафари Германияга ишлашга боради.

«Infoline-аналитика» компанияси раҳбари Михаил Бурмистровб бу воқеаларга ўз муносабатини билдирди.

“Жазирама Кениядан келган меҳмонлар, юмшоқ қилиб айтганда, 25 даража совуқда ишлаш жуда қулай бўлмайди. Ва бу биринчи навбатда қурилиш соҳасига тегишли.

Бундан ташқари, тил муаммоси. Аммо бизда кўп вариантлар йўқ. Ҳиндистон ва Покистон бор, лекин бир қанча сабабларга кўра Россия бошқа давлатлар билан рақобатда мағлуб бўлиши мумкин. Ҳозир Россия Федерацияси шундай вазиятга тушиб қолдики, биз меҳнат муҳожирларисиз иқтисодиёт олдида турган муаммоларни ҳал қила олмаймиз. Сафарбар қилинган ва шартнома бўйича аскарлар ҳисобига 800 минг киши меҳнат бозоридан четлаштирилган.

2024 йилда эса яна 400 минг шартнома имзоланишини кутилмоқда. Меҳнат муҳожирларига қўйиладиган талаблар ҳарбий рўйхатга олиш нуқтаи назаридан қаттиқлашганидан сўнг, бу анъанавий ишчи кучи етказиб берувчи давлатлар – Тожикистон, Ўзбекистон фуқаролари учун Россия фуқаролигини олиш жозибадорлигини янада пасайтирди”, деб ўз фикрини билдирган.

2023 йилда ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 13 йил ичида биринчи марта Кенияга борди. Найробида у мамлакат президенти ва ташқи ишлар вазири билан музокаралар ўтказди. 2022 йилда бош вазир ўринбосари Марат Хуснуллин Шимолий Кореядан Россияга ишчилар келишини эълон қилди. Бу камида 50 минг кишини жалб қилиш ҳақида эди.

Бироқ, Superjob портали президенти Алексей Захаров ҳокимиятнинг бундай меҳнат сиёсатидан ҳафсаласи пир бўлган:

“Улар малакасиз ишчиларни олиб келиши аниқ. Уй-жой коммунал хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, конлар, қурилиш майдончалари ишчилари ҳеч қандай касбий маҳоратга эга бўлмаслиги керак. Мен бу сиёсатга қўшилмайман. Арзон ишчи кучи Шимолий Корея ёки Кениядан келадими, бунинг аҳамияти йўқ, қабила бошлиғи пул олади, халқ эса деярли текинга ишлайди”, дейди  Алексей Захаров.

Дорогомиловский суди «фақат славянлар»ни ишга олиш ҳақидаги эълонларни экстремистик тарғибот деб топди

Прокуратура вакиллари Дорогомиловский судига “ВКонтакте” даги эълонлар устидан шикоят билан мурожаат қилишди. Эълонларда қурилиш, кийим-кечак дўкони ва нон дўконига ишчи излаган иш берувчилар номзоднинг “фақат славян” бўлишини шарт қилган.

Суд бундай эълонлар экстремистизмга қарши қонунчиликни бузади – меҳнат ҳуқуқлари бўйича ҳамма тенг, ишга қабул қилишда камситишларга йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблади. “ВКонтакте” даги эълонлар тақиқланган маълумотлар деб тан олинди, улар тез орада Роскомнадзор реестрига киритилади.

Бироқ бу тақиқни “славян кўриниши” талаби билан алмаштирилса, четлаб ўтиш мумкин. Дискриминация – бу номзодга иш сифати билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай талаблар ҳисобланади.

Ишга олишда камситиш қайси тармоқда бўлишидан қатъи назар, тадбиркорларга 500 дан 1000 рублгача, МЧЖ учун – 10 000 дан 15 000 рублгача жарима солиниши кўзда тутилган.

Пермда мигрантлар яна автобус ҳайдаши мумкин

Перм вилояти раҳбари Махонин мигрантларга йўловчи автобусларини бошқаришга рухсат берди. Перм ўлкасида мигрантларнинг шаҳар туманлараро йўловчи автобусларида ҳайдовчи бўлиб ишлашига қўйилган тақиқ бекор қилинди. Бу вилоят раҳбарининг мигрантлар учун бир қатор тадбирларни тақиқлаш ҳақидаги янги фармонидан олиб ташланган.

Вилоят раҳбарининг 2023 йилдаги қарорида “шаҳар ва шаҳар атрофи транспортида йўловчи ташиш” ва “шаҳарлараро йўналиш автобусларида йўловчиларни мунтазам ташиш” бандлари ҳам рўйхатда бор эди. Энди улар олиб ташланган. Аввалроқ Перм шаҳар автобус йўналишларига хизмат кўрсатувчи автокомпаниялар ҳайдовчиларга жуда муҳтожлиги ҳақида хабар берган эди.

Кўпгина йўналишларда ишчилар етарли эмас ва минимал талабларга жавоб берадиган одамларни ишга олишга тайёрмиз, деган эди шаҳар мэриясининг транспорт бошқармаси 2023 йил ёзида. Шунга ўхшаш муаммолар шаҳарлараро рейсларни амалга оширувчи ташувчилар орасида ҳам кузатилмоқда.

Петербургда рейд: бир неча мигрант Россиядан чиқариб юборилади

 Санкт-Петербургнинг Фрунзе туманидаги Салова кўчасидаги озиқ-овқат ишлаб чиқариш базасида полиция профилактик рейд ўтказди. 16 январь куни бўлиб ўтган тадбирда Ички ишлар вазирлигининг ички ишлар бош бошқармасининг махсус полки ва миграция хизмати ходимлари иштирок этди. Рейднинг асосий мақсади миграция қонунчилиги бузилиши ҳолатларини аниқлаш ва уларга чек қўйишдан иборат бўлди.

Полиция таъкидлашича, профилактика чоралари учун ушбу жой бежиз танланмаган. Яқинда ушбу ҳудудда миграция қонунчилигини бузган бир неча чет эл фуқаролари ўртасида муштлашув рўй берган. Бу корхонанинг барча чет эллик ишчиларини текширишга сабаб бўлди, уларнинг сони 100 га яқин эди.

Уларнинг аксарияти Россияда қонуний, бироқ 20 кишида миграция қонунчилигини бузганлиги аниқланган. Ушбу шахслар қўшимча тергов ва эҳтимолий маъмурий жавобгарлик учун полиция бўлимларига олиб кетилган. 

Санкт-Петербургда Россия паспортини олган 15 нафар муҳожирга дарҳол ҳарбийга чақирув қоғози берилди

“Фонтанка” нашри хабарига кўра, Санкт-Петербургда 15 нафар муҳожир Россия фуқаролигини қабул қилди ва ўша вақтнинг ўзида чақирув қоғозини олган.

Тадбир давомида Россиянинг янги фуқаролари Россия Федерацияси Конституциясига риоя қилишга ва мамлакат фуқароси бурчларини, жумладан, давлат мустақиллигини ҳимоя қилишга қасамёд қилишди.

Тадбирда миграция хизмати ходимлари иштирок этиб, қасамёд белгиланган тартибда қабул қилинганлигини тасдиқлашди. Қасамёд қилиш ва паспортлар берилганидан сўнг, Санкт-Петербург гарнизони бўйича Тергов қўмитасининг ҳарбий тергов бўлими вакиллари собиқ хорижликларга чақирув қоғозларини топширдилар.

“Ўзбек болажон халқ”, деган иборани кўп ишлатамиз. Бироқ сўнгги йилларда рўй бераётган фожиалар бунинг аксини исботлаётгандек туюлади. Турли сабабларга кўра аламини боласидан олаётган ота-оналарни кўриб, нафратимни изоҳлашга сўз топа олмай қоламан гоҳида. Бундайларни одам деган номга нолойиқ тубанлар деса ҳам бўлади.

Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда тахминан бир яшар гўдакни аёл шафқатсизларча ураётгани, яна бир лавҳада эса ана шу болани аёл билан эркак ерга кўмаётгани тасвирланган видео тарқалди.

Ҳолат ўрганилиб, аёлнинг шахси аниқланди. Маълум бўлишича, бу шахс 1995 йилда Андижон вилояти Жалақудуқ туманида яшовчи туғилган бўлиб, 2016 йилдан бери Россия Федерациясининг Новосибирск шаҳрида турмуш ўртоғи билан яшаб келган. Шунингдек, видеотасвирдаги гўдак уларнинг 2019 йилда туғилган фарзанди эканлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикасининг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси хабарига кўра, икки шахс Новосибирск вилоятининг тегишли идоралари томонидан Бердск шаҳрида қўлга олинди ва ҳолат юзасидан Новосибирск шахар Октябрский тумани тергов бошқармаси томонидан РФ ЖК 117-моддаси (қийнаш) бўйича жиноий иши очилиб, дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.

Олинган маълумотга кўра, аёл видеода бўлган воқеяларни (болани уриши ва дафн этилиши) тасдиқлаб, айбини тан олган.

Унинг турмуш ўртоғи сўроқ қилиниб, Чет эл фуқароларини вақтинча ушлаб туриш марказига (ЦВСИГ) жойлаштирилган ва Россияда нолегал булганлиги сабабли  Ўзбекистонга қайтариб юборилиши режалаштирилмоқда.

Халқимиз “Бирни кўриб фикр қилни, бирни кўриб шукр”, дейди. Кўз ўнгимизда содир бўлган ёки эшитган ҳар қандай воқеиликдан бир ҳикмат бор. Ундан тўғри хулоса чиқариш ақлли одамларнинг ютуғи.

Умид қиламизки, бугун етказганларимиз ҳам сиз учун фойдадан ҳоли бўлмайди.  

Насиб қилса, кейинги ҳафтада яна гаплашамиз. Фикр ва мулоҳазаларингизни, албатта, изоҳларда қолдиринг. Кўришгунча!

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya