Йўлда қолиб кетган икки автобус йўловчиларига ёрдам кўрсатилди. Улар мактаб ва масжидга жойлаштирилган.
Қозоғистонда совуқ об-ҳаво туфайли йўлда қолиб кетган 69 йўловчи эвакуация қилинди, деб хабар берди Inbusiness.kz. Қайд этилишича 11 январь куни Иргиз туманидан 20 км узоқликда, Самара-Чимкент автомобиль йўлининг 1153-километрида йўловчи автобуси тўхтаб қолганлиги ҳақида маълумот келиб тушган.
“Автобусда 3 нафар Қозоғистон ва 38 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган. Ноқулай об-ҳаво туфайли йўл тўсиб қўйилганлиги сабабли барча йўловчилар Иргиз қишлоғидаги уммтаълим мактабига жойлаштирилди”,- дейилади хабарда.
Мазкур нашр хабарига кўра, кейинроқ Айтекебий туманида, Самара-Чимкент автомобиль йўлининг 968-километрида, Қорабутоқ қишлоғидан 2 км узоқликда яна бир йўловчи автобуси ҳам ёрдамга муҳтожлиги ҳақида маълумот олинган.
Маълум қилинишича, автобус салонида 31 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлиб, улар масжид биносига жойлаштирилган, деб ёзади repost.uz.