Баъзида ҳужжатларимиз ўзгариб, янги маълумотларни патентга киритиш керак бўлади. Масалан, паспорт алмаштирганда янги паспорт серия, рақамларини патентимизга киритишимиз керак. Чунки патентда кўрсатилган паспорт рақами эски бўлади. Шундай вазиятларда патентга қандай ўзгартириш киритиш мумкин?
Агар фамилия, исм ёки отангизнинг исми ўзгарган бўлса ёки янги паспорт олинган ҳолларда мазкур ўзгартиришларни патентга киритиш учун Россияга кирган кундан бошлаб 7 иш кунида бажаришингиз лозим.
Паспортни Россия ҳудудида, консуллик орқали янгилаган бўлсангиз, паспорт берилган кундан бошлаб 7 кун ҳисобланади.
Патентдаги маълумотларга ўзгартириш учун Россия Ички ишлар вазирлиги номидан сизга патент расмийлаштирган идорага мурожаат қиласиз. Москва ва Москва областида –ММЦ Сахарово, қолган регионларда “паспортно-визовый центр МВД” дейилади.
Агар патентда касбни ўзгартириш керак бўлса ҳам патент олган жойингизга мурожаат қиласиз. Аммо касб ўзгартириш бўйича мурожаат қилиш керак бўлган муддат белгиланмаган. Ўз эҳтиёжингиздан келиб чиқиб, сизга керакли вақтда мурожаат қилишингиз мумкин. Фақат маълумотларни ўзгартириб беришларига кетадиган муддат – 10 кунни ҳисобга олишни тавсия қиламиз.