Статья

1 003 18/09/2022

2015 йил, июль ойи ўрталарида чегарага чиқиб келиш учун Москвадан Қозоғистонга бориб келдик. Москва-Қозоғистон йўлида ўзининг «Nexia» машинасида киракашлик қиладиган Рустам исмли дўстим бор эди.

Икки жияним, куёвим ва мен, тўртовимиз Рустамнинг машинасида қайдасан Астрахан дея йўлга чиқдик. Ўша вақтларда Қозоғистонга бориб келувчилар, уларни олиб бориб, олиб келадиган машиналар кўп бўларди.

Кўпчилик ҳайдовчилар, боришга бир кун, қайтишга бир кун кетади, йўлда тўхтамаймиз дерди. Бизлар бориб келгунча тўрт кун юрдик.
«Ака, вақт бемалол бўлса шошиб нима қиламиз. Ухламасдан машина ҳайдаб йўлда авто ҳалокатга учраганларни кўп кўрганман, шунинг учун шошилмаймиз, муҳими, узоқ йўлга соғ-саломат бориб қайтиш», деди Рустам.

Волгоград шаҳрини айландик, ўша машҳур ҳайкалларни томоша қилдик. Волга дарёсида чўмилиб ҳам олдик.

Астрахан вилоятидан Қозоғистон чегарасигача етти километр масофа қолган жойда ўзимизнинг ўзбеклар очган чойхоналар кўп экан, шу чойхоналардан бирига кирдик, бу йўлга чиққанимиздан кейинги иккинчи кун эди.

Ичкари кичкина Ўзбекистон, ҳамма шарт шароит яратилган, ўзбекча қўшиқ жаранглаб турибди. Россияга келувчи ҳам, Россиядан кетувчи ҳам шу жойга бир кириб ўтар экан. Ўзбекона сўриларгача тахлаб қўйилган. Ухлаб олишни истовчиларга хоналар ҳам бор. Узр, асосий айтмоқчи бўлган воқеамдан сал чалғиб кетдим.

Чегарага чиқиб, ортга қайтиб келяпмиз, йўл бўйида тахлам-тахлам қилиб қўйилган қовун-тарвузларга кўзимиз тушди.

— Ака, шу Астраханнинг қовун тарвузлари росаям ширин бўлади, битта-битта олиб кетмаймизми Москвага, — деб қолди Рустам.

— Майли, чанқаб тургандим бир донасини шу жойда еб ҳам оламиз, нима дейсан жиян, — дея орқа ўриндиқда ўтирган жияним Олимжонга қарадим.

— Яхши бўларди, мана шу жойга тўхтайлик, — деди у.

Машинани йўл четига қўйиб, қовун тарвуз тахланган жойга келдик. Сотувчилар озарлар экан.

Рустам савдо қилишга тушиб кетди. Нархини сал тушириб беринг деяпти. Сотувчи, ёши олтмишлар атрофидаги озар амаки туширмайман нархини, деяпти.

— Бўлди, арзимас пул учун тортишма, — дедим Рустамга. Олимжон битта катта тарвузни танлаб олиб, сотувчидан пичоқ сўради. Бешовлон айлана бўлиб ўтириб олиб сўйилган тарвузни еб турибмиз.

Қитмир Рустам:
— Берган тарвузинг ҳам яхши чиқмади, ширин эмас экан, камига нархига талашасан, — дея сотувчи амакига пичинг қилди.

Озар амаки ҳам жаҳли тез одам экан, бирдан қизишиб бақириб кетди.

— Ана шу тарвузларни сенларнинг ўзбекларинг етиштиради шу ердаги далаларда, яхши чиқмаган бўлса айб мендамас! Бизлар ҳам улардан сўраймиз нархини тушиб бер деб, ҳаттоки машинага юклаб берадиган нархидан ҳам бир тийинга тушиб бермайди, мен нега сизларга арзонга беришим керак экан? Олсанг шу, ёқса ол, бўлмаса ўзинг биласан, гапни кўпайтирма.
Шу нархдан бир тийин арзонга бермайман!!! Куни билан савдо қилиб чарчаган шекилли, амаки роса асабийлашиб кетди.

— Жим ўтир, ёши катта одам билан тортишма, — дедим Рустамни койиб.

Орага совуқлик тушиб, ҳаммамиз жим бўлиб қолдик. Амаки кароватида ўтирибди.

— Сизлар Озарбайжонданмисизлар? — дедим у кишига, орадаги совуқликни тарқатиш учун.

— Ҳа, — дея қисқа жавоб берди, ҳали ҳам қовоғи солиқ.

— Мактаб ўқиб юрган давримизда адабиётдан ўқиганман озар шоирларининг шеърларини, жудаям яхши кўриб ўқирдим, — дея гап мавзусини ўзим яхши кўрган адабиёт томонга бурдим.

Сотувчи амаки тезлик билан ўтирган жойидан туриб ёнимга келди.

— Қайси шоирларимизни танийсан?

Бояги жаҳлдор юздан асар ҳам қолмаган, кўзлари кулиб турибди. Адабиётнинг кучини қаранг.
— Мақсуд Шайхзода асли озар миллати, Ўзбекистонда яшаган. Фузулийни кўп ўқиганман. Насимий ҳақида ҳам ўқиганман.

Сотувчи амаки ўтирғичини олиб келиб ёнимга ўтириб олди.

— Фузулий, Насимий энг яхши кўрган боболарим менинг, — унинг хурсанд бўлишини кўрсангиз эди.

Фузулийнинг бир ғазалидан тўрт қатор ўқиб бердим. Бу даврада икковимиздан бошқа одам йўқ эди гўё. Суҳбатимиз қизиб кетди.

Насимийнинг қандай ўлдирилгани тўғрисида ўқиган маълумотларни ҳам айтиб бердим. Сотувчи амаки шеър ўқишни боплар экан, ифодали ўқишига қойил қолдим. Овози ширали экан, озроқ қўшиқ ҳам айтиб берди. Ўзиям роса яйради.

— Менга сенга ўхшаган суҳбатдош керак, мана бу адабиётнинг «а» ҳарфига тушунмайди,— деди шеригини кўрсатиб. — Одам зерикади, кейин асаб бузилади.

— Сиз билан суҳбат қилиб мазза қилдим мен ҳам, — дедим.

Ўртада чала ейилган тарвузни бир четга қўйиб, ўзи танлаб энг зўридан бир дона кесиб берди. Кетишимизда катта-катта тарвуздан беш донасини машинамизга солдирди шеригига. Пулини бергандик, олмади.

— Бизлар сизлар билан қардoшлармиз, бу тарвузлар қардoшлар учун ҳадя, — деди.

Яқин дўстлардек бир-биримизни бағримизга босиб хайрлашдик.

— Қойил қолдим-ей, бир тийинга ҳам тушмайман, деб турган одамни, тўрт қатор шеър ўқиб эритиб юбордингиз,— деди Рустам.

— Бу ўша сотувчи амакининг буюкларига бўлган ҳурматидан, қани ҳозир менинг ёнимга ҳам ўзга миллат вакили келиб, Навоий бобомиздан, ёки Бобур бобомиздан тўрт қатор ғазал ўқиб берса, пешонасидан ўпаман, — дедим.

Озроқ йўл юрганимиздан кейин «Пушкиндан ҳам шеър айтиб бера оласизми?» деб сўради Рустам.

— Ҳозир Пушкиндан шеър нимага керак?

— Шу яқин ўртада русларнинг ресторани бор-да, ўша жойга кирамиз, қорин оч қолди,—дейди.

Бахтиёр ТУРСУН

Навигация