Maqola

1 296 04/10/2023

Бу мақолани ўқиган тошкентда яшовчилар “Мен бунча пулни қандай топяпман?” деб, пойтахтга интилаётганлар “Мен бунча пулни қандай топаман?” деб ўйлаб қолсалар ажаб эмас. Аммо асримизнинг аччиқ ҳақиқати шуки, нафақат Тошкентда, балки бутун мамлакат бўйлаб сарф-харажатлар шиддат билан ошиб бормоқда.

Бу айни мавзудаги иккинчи мақоламиз. Биринчиси эълон қилинганига ҳам кўп бўлгани йўқ, лекин ўзгаришлар салмоқли. Айниқса даромадларда айтарли ўсиш бўлмай туриб, харажатлар илдамлаб кетиши яққол кузатиляпти.

Олдингидек, ҳисоб-китоб объекти сифатида икки фарзандга эга, Тошкентни забт этиш учун келган ёки алоҳида рўзғор қилган ёш оила харажатларини оламиз.

  1. Ижара – бошпана муаммоси

2023 йилнинг кузи. Ўзбекистон пойтахтида 2 хонали жиҳозланган хонадон ижараси 350-400 долларга етди ва ўсишда давом этмоқда. Бу жараён ҳатто долларнинг кескин “сапчиши”да ҳам тўхтамади. Ҳали коммунал тўловлар ҳам бор. Аномал иссиқ ва совуқларда бир оиланинг биргина электр энергияси харажати 100 минг сўмдан кам бўлмаяпти. Қолган харажатларниям қўшамиз ва бир ойлик бошпананинг тақрибий баҳосини 5 млн сўм деб оламиз (ўтган йили бу кўрсаткич 3,5 млн сўм эди);

  1. Егулик

Албатта, кимдир Олой бозорида ёки “Корзинка”да аравалаб бозорлик қилади. Яна кимдир эса Қўйлиқдан пакетда нарса олиб чиқади. Биз супермаркет ва қиммат бозорларни қўйиб, Фарҳод, Чорсу каби бозорлар харидорларидан келиб чиқамиз.

Озиқ-овқат баҳоси ошиши нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда кузатиляпти. Аммо даромадларда орқада қолиш ватандошларимизни борган сари қийин аҳволга солиб қўйяпти. Бозорга тушган оила бошлиғи ҳар сафар “чўнтагимдаги пулим етармикин?” деган ҳадикда бўлади. Етмаслик эҳтимоли эса чиндан юқори – чунки 4 кишилик оила ҳафтасига 700-800 минг сўмлик бозорлик ва кундалик егулик харажатлари учун тахминан 150-200 минг сарфлмаса, оилада танқислик бошланиши ҳеч гап эмас. Яъни бу харажатлар ҳам ҳафтасига ўртача 900 минг, ойига 3,5 млн сўмдан ошади (олдин 2-2,5 млн сўм эди);

  1. Таълим

Замонамиздаги қизиқ манзара – нафақат болалар, балки катталарнинг ҳам қандайдир курсларда ўқиб юриши. Бугунги кунда фарзандлар таълим олишига ҳамма жиддий эътибор беряпти. Тил ўргатилмаётган, бирор қўшимча машғулотга қатнамаётган болани топиш қийин бўлиб қолгани қувонарли. Лекин келажакка инвестиция ҳам чўнтакни аёвсиз қоқлайди.

Бир болани боғчага, иккинчисини мактабга боради деб оламиз. Ҳар иккиси ҳам хусусийга эмас, давлат таълим масканларига борсин ҳам. Боғчага борадиган боланинг бир ойлик харажати камида 300 минг, мактабники эса 600 минг сўм атрофида бўлади. Чунки боланинг қўлига 10 минг сўмдан кам пул берилмайди. Мактабнинг ўзида битта қўшимча дарс олса ҳам, ойига 250-300 минг сўм деяверинг. “Продленка”га бормаган тақдирда ҳам мактабдаги турли фондлар йиғимларидан қочиб бўлмайди. Хуллас болалар таълими энг камида 900 минг сўмни “шилиб” кетади (ўтган йили 600 минг сўм).

Диққат қилинг: бу ҳали болалар репетиторга бормаган, ўқув курсларида ўқимаган, ота-оналар қўшимча таълимга пул сарфламаган ҳолатдаги миқдор. Болалар хусусий таълим масканларига боришса, она-оналардан ҳеч бўлмаса биттаси ўз устида ишлаш учун тил ўрганса, бу сумма кескин ошиб кетиши шубҳасиз.

  1. Транспорт

Кўпчилик “вариант”га бўлсаям машина оляпти. Бундай ҳолатда бюджет автомобилнинг ойлик қарзлар, ёқилғи ва бошқа харажатлари учун ўртача 400-500 доллар кетиб қолиши табиий. Шу боис биз бу катта харажатдан воз кечамиз ва автомобилсиз оила мисолида ўрганамиз.

Оиланинг икки аъзоси доимий равишда такси ва жамоат транспортида юриши 900 минг – 1 млн сўмдан кам бўлмайди. Чунки қисқа масофага таксига чиқиш ҳам 10 минг сўм бўлиб қолди. Бир киши бир кунда бир марта таксига чиқиши оддий ҳол, демак икки кишиники камида (!) 600 минг сўм. Қолган ҳаракатларни жамоат транспортида қилганда ҳам салмоқли суммага айланади.

Ҳали олдинда болаларни мактаб-боғчага олиб бориш, олиб келиш турибди. Ижара уй мактабга яқин бўлсаку, жуда яхши. Йўқса “Яндекс”нинг ўзи қоқлаб ташлайди.

Умумий тарзда, лекин минимал ҳисобда бу йўналишдаги харажатларни 1,2 млн деб оламиз. Кимдир балки камроқ сарфлар, лекин кўпроқ сарфловчилар кўпроқ (ўтган йили оптимистик руҳда 600 минг деб ҳисоблаган эканмиз).

  1. Кийиниш

Албатта, уст-бош ҳар доим ҳам харид қилинавермайди. Биз ота-онанинг бу борадаги харажатларини киритмадик. Лекин болаларни кийинтирмаса бўлмайди. Аввал мактаб, кейин қиш олдидан харид қилиш тажрибасидан келиб чиқамиз. Мактаб ўқувчиси бўлган бир нафар, боғча тарбияланувчиси бўлган яна бир нафар болаларга биттадан куртка, этик, жемпер, шим ва кўйлак олиш энг камида 2-2,5 млн сўмга тушади. Бу бир мавсумники. Камида икки мавсум кийиниш икки баробар харажат демакдир.

Демак бир оиланинг кийиниш учун ойлик харажатларни камида 800 минг-1 млн сўм деб олиш мумкин. Бу ҳам иқтисод қилинганда, катталарники ҳисобланмаганда.

  1. Алоқа ва коммуникация

Ҳозир болалар ҳам ҳаётини телефонсиз тасаввур қилишмайди. Бугун уяли алоқа, интернет, кабел телевидениеси каби қулайликлар ҳаётий заруратга айланган. Уйга ўртача интернет пакетни 150 минг, икки кишининг телефон тўловларини 100 минг, болаларга 20 мингдан, кабел тўловини 35 минг деб олсак, бир хонадонга камида 300 минг сўм харажат қўшилади.  Бу мунтазам харажат.

Бундан ташқари ёш оила замонавий телефон ва ноутбукларсиз бўлиши мумкин эмас. Доим харажат қилинмасада, бир ойга чақилганда буларнинг хариди ўртача 300 минг сўмдан камига айланмайди. Чунки 4 кишининг ҳеч бўлмаса биттаси йилига бир марта телефонини янгилайдида. Жамланганида эса юқоридагиларга яна 600 минг қўшилиб турибди.

  1. Тушлик

Албатта, ишга уйдан овқат олиб бориб еювчилар ҳам бор. Шу билан бирга кунига 60-70 мингга тушлик қилувчилар ҳам талайгина. Бизнинг фокусимизда эса ўртаҳол оила. Демак ишга қатновчи эр-хотин бир ойда камида 20-22 кун тушлик қилишга мажбур бўлади. Мана шу нуқта ҳам бироз оғриқли, маҳаллий аҳоли билан бирга Тошкентга мунтазам келиб кетувчи хорижликлар ҳам умумий овқатланиш тармоқларида егулик нархлари мунтазам ошиб бораётганини таъкидлашган. 2023 йилнинг иккинчи ярмига келиб Тошкентда 30 мингга овқатланиш деярли имконсизга айланди. Лекин биз минимумни оламиз ва икки киши учун 60 минг сўм, ойлик харажатни эса 1,3 млн сўм деб чиқарамиз (ўтган гал 800 минг сўм ҳисоблаган эканмиз).

  1. Даволаниш харажатлари

Тўрт кишилик оилада йил давомида ҳеч ким касал бўлмаслиги мўъжиза. Энг камида бир кишининг нисбатан енгил дардга чалиниши ҳам оилавий бюджетга камида 3 млн зарар келтиради. Ана шу минимумнинг бир ойликка нисбати 250-300 минг сўмни ташкил қилади. Бу ҳам ўз-ўзини даволаш жараёнида дорихонадан дори сотиб олиб ичаверишни ҳисобга олмаганда.

Хўш, “итогоо” нима бўлди?

5 млн+3,5 млн+900 минг+1,2 млн+800 минг+600 минг+1,3 млн+300 минг=13,4 млн* сўм! (ўтган йили бу кўрсаткич 9,5 млн сўм бўлган экан). Долларнинг бугунги курсига ҳисобланса, мазкур харажатлар миқдори 1100 долларни ташкил қилади.

Қайта таъкидлаймиз: бу фақат тирикчилик харажатлари. Маданий ҳордиқ, сафарлар, узоқ муддат фойдаланилувчи буюмлар харид қилиш, кимгадир ёрдам бериш, турли маросимлар, нималарнидир таъмирлаш каби харажатлар киритилмаган. Бироқ ҳаёт уларсиз ҳам кечмайди.

Манзара аён: бугунги кунда Тошкентга қараб йўл олган ёки бу ерда ўрнашиб яшаётган ёш оила ойига 1000 доллар топса етмай қолади, 1100 доллар топса ўз даражасини сақлаб туради, бундан кўпроқ топган тақдирдагина қандайдир ривожланиш ҳақида ўйлаши мумкин. Бежиз бизнинг харажатларимизга маошлари катта чет элдагилар ҳам ҳайратда қолишмайди.

Бунча пул топиш учун қаерда ва қай тарзда ишлаш эса алоҳида мавзу. Албатта, юқоридаги рақамлар ёшларни қўрқитмаслиги керак. Аксинча, интилишни кучайтириш лозим. Зеро нафақат бизда, балки бутун дунёда қийинчиликлардан қўрқиб чекинганлар эмас, дадил олға интилганлар ютиб чиқишади.

P.S.: Ҳисоб-китоблар расмий статистикага эмас, кундалик кузатувлар ва сўровларга асосланган.

Аброр Зоҳидов

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya