Россияда икки марта қамалган йигит уруш орқали нажот топмоқчи бўлди.
Машҳур украиналик журналист Дмитрий Гордон Беҳруз исмли тожикистонлик йигит билан суҳбат уюштирди. 26 ёшли йигит Россия қамоқхоналаридан Украина можаросида Россия томонида жанг қилишга ёлланганидан сўнг украиналик ҳарбийлар томонидан қўлга олинган.
Беҳруз 2013 йилда, 16 ёшида Россияга келиб, отаси билан фермада ишлай бошлаган. У дастлаб қурилиш ва омборхоналарда ишлаган, бироқ 2016 йилда талончиликда айбланиб 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Қамоқда ўтказган беш йилдан сўнг у шартли равишда озод қилинган ва омборда ишлаган.
Бироқ кўп ўтмай у яна қонунни бузди ва бу сафар гиёҳванд моддаларни ташигани учун 8,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Украинада уруш бошланганда воқеалар янгича тус олди. Бу вақтда Беҳруз Толятти шаҳридаги колонияда эди. Унинг сўзларига кўра, у ерга маҳбусларни фронтга боришга ва Россияга ёрдам беришга кўндириш учун ёлловчи кимсалар кела бошлаган. Биринчи бўлиб “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин уларга урушда олти ойлик хизматдан сўнг озод этилишни ваъда қилди. Колонияда 500 дан ортиқ маҳбус бўлган ва улардан 200 дан ортиғи Пригожин билан урушга боришга рози бўлган. Кейинчалик, яна икки марта маҳбусларни Россия қуролли кучларига қўшилишга даъват қилишди. Бу сафар Россия Мудофаа вазирлиги уларга олти ой хизмат қилиш, кейин армияда қолиш ёки судланмаган ҳолда озодликка қайтиш имкониятини таклиф қилди.
Бироқ, Беҳрузнинг сўзларига кўра, “вагнер”чилардан фарқли ўлароқ, улар фронтда жанг қилиш учун маҳбусларни жалб қилишаётганини очиқ тан олишган, Россия Мудофаа вазирлиги вакиллари улар иккинчи мудофаа чизиғида хизмат қилиш, асосан хандақ қазиш, ҳарбий иншоотларни таъмирлаш каби муҳандислик ишлари билан шуғулланишларига ишонтиришган. Худди шундай ваъдалар билан 110 нафар маҳбус, жумладан Беҳрузни қамоқ кийимларини ҳарбий кийимга алмаштиришга ва фронтга кетишга кўндиришди.
2023 йил май ойида улар Донецк вилоятига олиб кетилди, у ерда икки ҳафталик тезкор ҳарбий курсдан сўнг улар хандақ қазишга юборилди. Бироқ, бир ой ўтгач, июн ойида, мудофаанинг иккинчи чизиғида хизмат қилиш ҳақида олдиндан ваъда қилинганига қарамай, улар олдинги чизиққа ташланди.
Беҳрузнинг айтишича, шундан сўнг қисқа вақт ичида 110 жангчидан атиги 35 нафари қолган, қолганлари ё ҳалок бўлган ёки жароҳатланган. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари бир неча кун жанг майдонида қолиб кетган. Бу даҳшатли ҳолат Беҳруз ва унинг сафдошларида қаттиқ таассурот қолдириб, улар ҳарбий хизматдан воз кечиб, бошқа ҳеч қачон қурол ишлатмасликка қасамёд қилишди.
Уларнинг отрядида атиги 35 киши қолганида, улар дам олишга жўнатилди. У ерда улардан бири унинг Украина томонида жанг қилаётган қариндоши борлигини айтади. Бу қариндоши уларга Украина қуролли кучларига таслим бўлишни таклиф қилган. Маҳбусларнинг аксарияти бу таклифни қабул қилганидан сўнг украиналиклар уларга мина майдонларини хавфсиз кесиб ўтиш йўналишини тақдим этди. Бу лаҳза Беҳруз ва унинг сафдошлари учун ҳал қилувчи бўлиб, украиналикларга таслим бўлишга қарор қилишди.
Айни дамда Беҳруз 10 йилдан бери ватанини кўрмаганини айтиб, у ерга қайтишга интилади. Унинг орзуси ватани Тожикистонга қайтиш.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 24 февралида Россия Украинага қуролли босқин бошлади ва дастлабки ҳафталарда бу мамлакатнинг анчагина ҳудудини эгаллаб олишга муваффақ бўлди. Бироқ, бундан кейин вазият ўзгарди ва Украина қуролли кучлари баъзи ҳудудларни қайтариб олишга муваффақ бўлди. Шу муносабат билан сафарбарликни бошлаган Россия ҳукумати Украинадаги ҳарбий амалиётларда иштирок этиш учун маҳбусларни ҳам фаол жалб қилди. Мигрантларга осон фуқаролик ва юқори маош, маҳбусларга эса тезда озодлик ваъда қилинган. Олинган маълумотларга кўра, юзлаб Тожикистон фуқаролари шу йўл билан урушга ёлланган. Украинада ҳалок бўлганларнинг аксарияти тезроқ озод бўлиш умидида жангга борган маҳбуслар эди.
Бу Беҳруз ва у каби урушга ёллаш қурбони бўлган муҳожирларнинг ҳикоясидир.