Maqola

1 136 13/04/2022

Cамарқандлик мигрант аёл — Шоҳсанам опа ҳикояси.

“Мен мусофирликда кексаларни парваришлаш билан шуғулланаман. Шу ишим ортидан ойига 2 минг долларгача топган, ўғлим билан бирга 3 минг долларгача пул юборган пайтларимиз бўлди. Маҳалламда 2 қаватли уй ҳам қурдим” — дейди Шоҳсанам опа Kun.uz нашрига.

Россияга 2010 йил январ ойида келганман. Булунғурдан 4 киши келгандик. Рус тилини мактабда яхши ўқиганман. Бир акам ҳарбий хизматда рус қизини ёқтириб, унга уйланганди. Янгам билан билганимизча рус тилида гаплашардик. Шу учун тилдан қийинчилик бўлмаган.

Кимдир ўзга юртларга келиб ишлаш жараёнидаги қийинчиликлар ҳақида гапиради, эҳтимол менинг бошимдан ўтганлар олдида улар ҳеч нарса эмасдир. Шунга қарамай, ҳеч қачон қийналдим деб айтмайман. Шу кунларга етказганига шукр, арзимаган пулга ишлаган пайтларим ҳам бўлган.

Тикув цехида 400 доллар маошга ишлаганман. Ҳамроҳ бўлса иккимизнинг даромадимиз 800 доллар бўлади, деб тўнғич ўғлимни ёнимга чақирдим. Ўшанда кичик ўғлим 13 ёшда эди. Уч қизимнинг ҳаммасини турмушга бергандим, у қудаларимникида қолган.

“Сил касаллигига чалинган аёл кишига қарадим”

Келишим билан уй хизматчилигига ишга кирдим. 82 ёшли нафақадаги полковникка қарардим. Ўзи юра оларди, жуда яхши инсон эди. Икки қизи бор эди. 500 доллар маошга ишлаганман. 8 ойча ишлаганимдан кейин у киши вафот этди.

Ўша пайтда ишлар сотиларди, пул бериб янги иш сотиб олдим. Қарияларга қараш менга кўпроқ маъқул келарди. Кейинги ишимда ўзим қараган аёл киши сил касаллигига чалингани учун ойлигим яхши эди. Яхши ният қилиб, юқмайди деб ишлайвердим. Худога шукр, мана, соғломман. Ўғлим ҳам ёнимда эди. Яна қўшимча ишим бўлган. Жами бўлиб 2000 доллар маош олардим. Ўғлим дўкондан 30 минг рубль оларди. Турар жойларимиз, овқатимиз бепул эди. Иккимиз 3000 доллар пул топардик. 4 йилча шундай ишлаганман. Кейин ўрнимга қайнсинглимни қўйиб, юртга қайтдим.

“Топган пулимизга уйлар қурдик, тўйлар қилдик, машинали бўлдик”

—Ўғлимни уйлантирдим, тўйлар қилдик. Бу орада икки қаватли уй қурдик. Кичик ўғлим улғайиб усталарга ўзи бош-қош бўлди. Spark олдик. Ўша пайтлар машинамиз 11 минг долларга тушганди.

Россияга яна келдим, лекин негадир ишлагим келмай яна ортга қайтдим. Уйда 5-6 ой юриб кичик ўғлим билан яна қайтиб келдим. Кичик ўғлим сиртқи таълимда ўқиб ишларди. Кичик ўғлим билан ишлаб тўнғичимга ҳам уйлар қуриб бердик. Бир-бирини қўллашди.

Ўзбекистонда тикувчилик қилсам ҳам ўша пулни топаман аслида

Уйга қайтгим бор. Ҳозирги ишимдан 50 минг рубль оламан, бу 600 доллар атрофида. Бошқа даромадим йўқ. Авваллари қараган аёлларим ётоқда эди, бошқа иш қилишим мумкин эди. Ҳозирги аёл 95 ёш, юради, аммо ақли жойида эмас. Шунинг учун бошқа иш қила олмайман. Изламадим ҳам, бироз чарчаганман. Балки шунинг учун кетгим келар. Ўзим тикувчиман. Ўзбекистонда тикувчилик қилсам ҳам ўша пулни топаман аслида.

“Наврўз сайиллари ҳақида тўлқинланиб гапириб берардим”

Яна бир онахонга қарадим; ўғли “Первый” каналда ишларди, бир ойда бир марта, менга ойлик бериш учунгина келарди. Бу уйда ишлаб, шу атрофларда қўшимча ишлар қилиб келардим. 100 минг рублгача ойлик даромадим бўлган. Кичик ўғлим ўзим билан турарди. Турар жой, озиқ-овқатларимиз бепул эди.

Қаерда ишлаган бўлсам, ҳаммалари ҳурмат қилишар, яхши кўришарди. Кечалари ўтиришларга чақиришарди. Ватанимиз, тўйларимиз, нафақалар ҳақида сўрашарди. Ундан сари уларга анъаналаримиз, Наврўз сайиллари ҳақида тўлқинланиб гапириб берардим. Юртимни, анъаналаримизни яхши кўраман.

Ёлғон гапирмадим, ҳеч қачон бировнинг ҳақини емадим, қўлимдан келганча янги келганларга ёрдам берганман ”

— Ширин муомала, тўғри сўз билан ҳамма жойда ҳурмат қозона оласиз. Бу ерда менинг мантиларимни, ошимни, овқатларимни яхши кўришади. Ҳозир иш жойимда қўшнилар ҳам мантиларимни сўрашади. Ҳаммаларига тарқатаман. Ғилминди, ошларимизни уларга танитганман.

Ёлғон гапирмадим, ҳеч қачон бировнинг ҳақини емадим, қўлимдан келганча янги келганларга ёрдам берганман. Ҳамюртларимиз кўчада қолган пайтларида 10-15 кун, бир ойлаб мен билан туришди. Бу гапларни миннат учун айтмаяпман. Шунчаки амалларимизга яраша жавоб қайтишини унутмаслигимиз керак. Бир ойлаб иш топа олмаган одамлар бўларди. Улар нон кўтариб келса ҳам уришардим. Керакмас, ишламаяпсиз ахир, дердим. Борини баҳам кўрардим. Ишга жойлашишларига қўлимдан келганча қарашганман.

“12 йилдан буён Москвадаман. Ҳали кўрмаган набираларим ҳам бор”

— Қайнсинглим, овсиним болалари билан шу ерда. Бир-биримизга ёрдам берганмиз. Ҳаётимдан нолимайман. 12 нафар набирам бор. Уларнинг чақалоқлигини деярли кўрмаганман.12 йилдан бери Москвадаман. Гарчи бу орада бир неча марта бориб келган бўлсам-да, ҳали кўрмаган набираларим ҳам бор. Борсам танишаман, бағримга босаман, насиб қилса.

Интернет бор, кунига 2-3 марта набираларим билан гаплашиб кўнглим кўтарилади. Лекин барибир соғинаман. “Онажон, қачон келасиз?” деб сўрашади. Худо хоҳласа, яқин кунларда кетиш ниятим бор, юртимни, яқинларимни соғинганман.

Бу ерда бир онахонга қараб, овқатларини пишириб ўтириш қийин эмас. Ўзимиз тарафдан 4-5 аёллар бор, улар билан ҳам кўришиб турамиз. Ҳаммаси ҳалол, покиза аёллар. Аммо ватан, яқинлар соғинчи одамни барибир қийнайди.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya