Мақола

1 934 02/09/2023

Калининград вилоятида 16 ёшли қизни унга уйланиш ниятида ўғирламоқчи бўлган 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Воқеа ҳақида вилоят СК – Тергов бошқармаси хабар берган.

Baza телеграм-каналидаги хабарга кўра, Калининграднинг “Империал Парк” от спорти клубида отбоқар бўлиб ишлаган ўзбекистонлик йигитнинг эътиборини от спорти клубига келадиган қиз тортган. 29 август куни кечқурун Самандар қизни клубдан чиқиш жойида кутиб турган ва уни ўғирлаб кетган. Тергов маълумотларига кўра, бу Гвардейский тумани Комсомолск қишлоғидаги автобус бекатида содир бўлган.

Ўғирланган қизни у аввал ўзи яшайдиган хонада бир неча соат ушлаб турган. Сўнг пичоқ билан таҳдид қилиб, Ўзбекистонга учиш учун аэропортга олиб кетган.

Тергов қўмитаси хизмати маълумотларига кўра, қиз Самандарнинг ишончини қозониб, аёллар ҳожатхонасига борган ва у ерда онасига қўнғироқ қилган. Она ҳам ўз навбатида полицияга мурожаат қилган. Бундан ташқари, Baza хабарига кўра, қиз аэропорт ходимларига ҳам белги бериш имкониятига эга бўлган.

Полиция ходимлари Ўзбекистон фуқаросини аэропортда қўлга олди, қизга тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага етказилди. Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан 126-модда 2-қисми (“Вояга етмаганни била туриб қурол ишлатиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли зўрлик ишлатиб ўғирлаш”) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистон фуқароси сўроқ қилиниб, айблов эълон қилиниши ҳамда ҳибсга олиниши тўғрисида сўровнома киритилиши керак. Марказий Осиё ва Шимолий Кавказнинг айрим ҳудудларида турмуш қуриш мақсадида аёлларни ўғирлаш амалиёти ҳозирги кунгача давом этмоқда. Бироқ, уларнинг айримларигина судга оширилади ва бундай жиноятни содир этган камдан-кам эркакка нисбатан жиноий иш қўзғатилади.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация