18 декабрь куни Migranto.ru портали Москва шаҳрида меҳнат муҳожирлари учун «Қонуний хаёт. Қонуний иш» шиори остида учинчи бўш иш ўринлари ярмаркасини ўтказади.
Айни пайтда меҳнат бозорида мураккаб вазият юзага келди: йирик ритейлерларнинг кетиши ва хорижий компанияларнинг ёпилиши билан нафақат Россия фуқаролари, балки чет эллик меҳнат муҳожирлари ҳам ишсиз қолмоқда.
Москва ҳукумати Россия фуқаролари орасидан бўшатилган мутахассисларни қўллаб-қувватлаш бўйича катта дастур ишлаб чиқди: уларга янги касблар учун қайта тайёрлаш, турли ижтимоий имтиёзлар таклиф этилади. Меҳнат муҳожирлари бундай кафолатларга эга эмас ва ўзлари янги иш қидиришга мажбур.
Миграция сиёсатининг кескинлашуви, муҳожирлар учун иш ўринларининг қисқариши, Украинадаги МҲО(Махсус ҳарбий операциялар)да қатнашиш учун мигрантларнинг оммавий сафарбар этилиши ҳақида кўпинча мигрантлар жамоаси ўртасида турли миш-мишлар ва сохта хабарлар тарқалади, шунингдек, турли хил фирибгарлар ва виждонсиз иш берувчилардан иш тўғрисидаги эълонларнинг катта оқими мавжуд. Буларнинг барчаси иш берувчиларга ишончсизлик ва ишга жойлашиш қўрқувини келтириб чиқаради.
“Migranto.ru портали ҳам иш берувчилар, ҳам меҳнат муҳожирлари билан фаол мулоқот қилиб келади. Биз меҳнат бозорининг ҳар икки томони ҳам бошдан кечираётган муаммоларни биламиз. Шу боис барча қийинчиликларга қарамай, III меҳнат ярмаркасини ўтказиш, иш берувчилар ва чет эллик иш изловчиларга бир-бирлари билан шахсан учрашиш имкониятини беришга қарор қилдик. Мулоқот қилинг ва контактларингизни алмашинг” — дейди Migranto.ru портали раҳбари Светлана Саламова.
Порталдагиларнинг таъкидлашича, бу сафар ҳам улар, бўш иш ўринлари ярмаркасининг барча иштирокчилари учун катта дастур тайёрлашмоқда.
Бўш иш ўринлари ярмаркаси 18 декабрь куни Москва шаҳрида Москва технополиси Волгоградский проспекти, 42 уй, 5-бино, 3-қават (“Текстилшчики” метро бекати, 6-чи чиқиш) манзилида бўлиб ўтади. Ярмарка кундуз соат 10:00 дан тушдан кейин соат 16:00 га қадар давом этади.