288 23/05/2023

Ўзбекистоннинг 25 ёшгача бўлган фуқаролари учун хорижга чиқиш паспорти энди 5 йил муддатга берилади. Бу ҳақда жамоатчилик фаоллари ва ОАВ 2023 йилнинг май ойида гапира, ёза бошлади. Тартиб қарийб бир йил аввал – 2022 йил июнида ўзгарган экан (бунгача 16 ёшдан катта ҳаммага 10 йилга бериларди).

Ўзим ҳам бир ғалати бўлиб қолдим – бир йил аввал Ўзбекистонда бола ҳисобланиш ёши 16 ёшдан 25 ёшгача оширилган, шунча вақтдан бери 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган ҳамма 10 йиллик ўрнига 5 йиллик “загранпаспорт” олиб юрган, биров “10 йил эди-ку, нега 5 йил бўлиб қолди?” деб сўрамаган, индамаган, индаган бўлса ҳам буни ёруғга олиб чиқоладиган биров эътибор бермаган. Мен ҳам ишим тушмаганидан кейин билмаганман-да. Боз устига, ҳужжатлар билан ишлашда нўноқман. Алам қиладигани, ишлашга нўноқмаслар ҳам эътибор бермаган, “нега бундай бўлди ўзи?”, деб савол қўймаган.

“Айқаш-чуйқаш ҳиссиётлар оғушидаман”, дейди-ку – менда ҳам ҳозир тахминан шундай. Биласизми, энг ғалатиси нима – бола ҳисобланиш ёшини 16 ёшдан 25 ёшга кўтариб қўйганлар бу ҳужжатни яширмаган, ўша жойини кўринмайдиган қилиб қўймаган ҳам, ҳеч нарса қилмаган. Ҳа, ялтир-юлтур чироқлар билан алоҳида кўрсатиб ҳам қўймаган, “ёшлар, эътибор беринг, сизларга энди 10 йилга бермаймиз!” деб жар солмаган, лекин беркитмаган ҳам-да. Очиқ-ойдин ҳужжат, лекин биров эътибор бермаган (мен ўзимдан хафа бўляпман).

Ваҳоланки, етарлича кўп ёмон сигнал берадиган жуда муҳим ҳужжат бу: бугун “25 ёшгача бўлган болалар”га бериладиган паспорт муддатини 5 йил қилишади, кейин 3 йил, охири беш-олти йил аввалги “икки йиллик ОВИР”га ҳам қайтамиз, дўппи тор келса ундан ҳам ўтилади (охири бутунлай тақиқлашларидан асрасин!). “Болалар”га 1-2 йилга берила бошлагач, катталарники ҳам 10 йил бўлмайди, у ҳам қисқаради, катта эҳтимол. Тўғри, унгача ҳали бор, лекин шу кетишда, бу эътиборсизликда, бу бефарқликда, албатта, шу босқичга ҳам етилади.

Ҳозир қайси бирига кўпроқ куюнишни билмаяпман – ёшларнинг йўлига ҳозирча кўп ҳам сезилмайдиган, кўринмас бир тўсиқ қўйилаётганигами ёки умуммиллий эътиборсизлигимизга? Эътиборсизлигимиз, бефарқлигимиз оқибатлари оғирроқ, албатта. Ҳушёрлик ва огоҳлик давр талаби, азиз ватандошлар.

Мухрим Аъзамхўжаев©

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация