Қозоғистоннинг Костанай шаҳридаги махсус амалиёт вақтида 16 нафар ўзбекистонлик қулликдан озод этилди, деб хабар бермоқда Kun.uz Sputnik Қозоғистонга таяниб. Уларнинг орасида ёш болали аёл ҳам бор.
Одамлар Костанайдаги тегирмон комплексларидан бирида бўлишган. Уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, ёнларида ҳужжатлари бўлмаган. Иш берувчи паспортларни махсус сейфда сақлаган. Бу ҳақда «Қозоғистон жинсий ва репродуктив саломатлик бўйича ассоциацияси»нинг Костанай филиали ходими Александр Косюк айтиб ўтган.
Полиция ҳаммаси бўлиб 18 нафар хорижлик ишчини топган. Бироқ, икки киши иш берувчига қарши даъво аризаси билан чиқишдан бош тортди. Дастлабки тергов бошланган.
Александр Косюк шунингдек, барча ишчилар, жумладан, аёл ва ёш бола ҳам жамоатчилик ташкилоти томонидан ижарага олинган хонадонга жойлаштирилганини айтди.
Костанай вилояти Ички ишлар департаменти вазиятни изоҳламаган. Бироқ, аввалроқ, департаментда жорий йилда меҳнат мигрантлари сонининг ўсиши қайд этилганини хабар қилишган. Мутахассислар буни, хусусан, минтақадаги қурилиш ишларининг фаоллашиши билан боғламоқдалар.