Мақола

200 13/09/2023

46 ёшли Нилуфар Умирова Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳридан. Унинг Россияга ишлашга кетганига 20 йилдан ошган.

“Москванинг кўп ерларида бўлдиму ҳалигача Кремлни кўрмаганман. Кўпчилик сўрайди, Кремл қанақа, кўрганмисиз, деб. Қаерда ишласам ҳам, доим дам олиш кунларисиз ишлаганим учун Кремлни бориб кўришга ҳеч вақт топа олмадим”, дейди Нилуфар.

“Онам билан йиғлаб гаплашдим”

Умрининг тенг ярми муҳожирликда ўтаётган тошкентлик аёлнинг асл касби ҳамширалик. У турмуши бузилиб, чақалоғи билан қолгач, маоши озлиги учун рўзғор тебратишга қийналади. Сўнг пул топиш, уй олиш мақсадлари билан Россияга кетишга аҳд қилади. Ва муҳожирлик ҳаётининг ҳамма машаққатларини бошидан кечиради.

— Москвага таниш бир аёл билан бирга келганман. У опа ишга жойлаган, ишлаганман. Аммо хужжатларингизни қилиб бераман деб паспортларимни олиб қўлимга бермаган. 2 ой қийналганман. Бир сўм ҳам ойлик ололмаганман.

Қийналиб юрган пайтларимда Намангандан келган Зина опа деган бир аёл билан танишиб қолганман, у киши “дворник” эди. Ўша опа мени “Пятерочка”га ишга гаплашиб, жойладилар. Русчани яхши билганим учун ўн кунча фаррош бўлиб турдим-да, кейин дарров залга қадоқловчи оператор қилиб олишди.  Маҳсулотларни қутилардан очиб, пештахталарни тўлдириб, тахлаб юрардим.

2 ой ишлаганману уйга кетиб қолганман. Ундан олдин 2 ой қийналганим, бир сўмсиз қолганим, соғинчдан қийналганим учун, йиғлаб-йиғлаб кетиб қолганман. У пайтларда мобил телефонлар йўқ эди.

Почтага бориб, онамни Телеграфга чақиртирганман. 3 сутка деганда чақириб беришаркан, 3 кун бориб кутганман. Онам билан қизимнинг овозини соғиниб, йиғлаб-йиғлаб гаплашганман ўша пайт, – хотирлайди Нилуфар.

“Подъезларда ҳам яшадим”

Муҳожир аёлнинг ватанида бошпанали бўлиши осон кечмади.  “Подъезд ювишдаям ишладим, дворниклик ҳам қилдим. Қилмаган ишим қолмади”, дейди у.

Нилуфар Умирова энг кўп ишлаган жойи япон ошхонаси бўлганини айтади.

— У ернинг эгалари ўзимизнинг Бектемирлик корейслар эди, “землячка” деб қўллаб юришарди. Оилавий кўчиб келишиб, емакхона очишган экан, ўнтача бўлимлари бор эди. Ўша ерда кўп ишладим.

Муҳожир аёл ўз юртдошларидан кўрган жабрларини ҳам хотирлайди.

“Биринчи келганимда Қозон вокзалида сумкамни ўғирлатиб қўйганман. Андижонлик болалар “Опа, ҳозир ушлаб олиб, кечасигача сумкангизни титкилайди, нимага келдинг савол-сўроқ қилади, деб қўрқитишган. Келинг, биз сумкангизни олиб ўтиб берамиз, дейишса, ишониб сумкаларимни бергандим. Вокзалдан чиқволиб кечгача кутдим, сумкам йўқ. Излаб, у болаларни ҳам топа олмадим. Энг ёмони, ҳамма ҳужжатларим сумкамда кетганди. Бир йил ҳужжатсиз жойларда ишлаб юрдим. Уйга кетишда элчихонага бориб, ҳужжат қилиб кетганман”.

Нилуфар уй олай, деб уйсизликда ҳам яшади.

— Ҳар хил кунларни кўрдим… 4-5 кунлаб подъездда ўтириб тонг оттириб, одамлар кўрмасин, деб саҳарда чиқиб кетардим. Баланд уйларнинг подъезларида бомжлар қоғоз-картон ташлаб ётадию, шу аҳволга ҳам тушдим.  Квартира топгунимча шундай қийналганман.

Сиделкалик осонми, қийинми?

Ҳозирда Нилуфар кекса аёл парвариши билан шуғулланади. “Менга алоҳида 3 хонали уй олиб беришган”, дейди хурсанд бўлиб. У 100 ёшга кирган москвалик кампирга қўшни уйга жойлашиб, қарияни парвариш қилаяпти. Нилуфар кекса боқувчилик ишига ўтганидан сўнг, оғир кунлари ортда қолгандек бўлди.

“Квартира тўламайман, озиқ- овқат маҳсулотларига пул кетмайди” дейди у.

Аммо бу ишнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор. Нилуфар кампирни 2 соатдан ошиқ вақтга ёлғиз ташлаб кетолмаслиги, ўзига яраша инжиқликларини кўтаришига тўғри келишини гапириб берди.

Муҳожир аёл нафақат қарамоғидаги кексани, балки йилларки, Россияни ҳам ташлаб кета олмайди. Ҳар йили уйга бориши, қимматчилик ва ҳаражатларнинг кўплигидан бир ой туриб, яна Москвага қайтади.

“Муҳожирликда юриб, 2 та уй олдим. Вақти келиб, Ўзбекистонга бутунлай қайтганидан кейин бир уйимни ижарага қўйсам, шунинг ўзи ҳам мени боқади. Ўзимга ўзим пенсия тайёрлаб қўйдим”, дейди у.

Нилуфар муҳожирликнинг қийинчиликларини бошидан кечираётган она сифатида, Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини муҳожирликда яшаб-ишлашдан қутқаришига умид қилади.

Оиладан, ота- онадан узоқда яшаб ишлаш осонмас. Муҳожирлик, айниқса, аёллар учун қийин. Ўзимизда ойликлар яхши бўлса, бу ерларга келмасдик – дейди Нилуфар Умирова.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация