Мақола

791 08/01/2023

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўтган йил давомида 308 мингдан ортиқ хориждаги меҳнат мигрантларига турли хизматлар кўрсатилди.

1 минг 397 нафар оғир аҳволга тушиб қолган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди, хорижлик иш берувчиларидан меҳнат мигрантларининг 1,2 млн АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақлари, компенсация ва суғурта пуллари ундириб берилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 2022 йилда меҳнат миграцияси географиясини янги босқичга кўтариш, хориждаги меҳнат мигрантларини ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини йўлга қўйишда самарали ишлар олиб борди.

Жумладан, Россияда қўшимча 20 та, илк маротаба Қозоғистон ва Туркияда 4 та Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вакиллари фаолияти ташкил этилди. Хориждаги ваколатхоналар томонидан ташқи меҳнат бозоридаги 112 та йирик иш берувчилар ва рекрутинг агентликлари билан ташқи меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик бўйича шартномалар тузилиб, 15 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари аниқланди.

Хорижлик иш берувчилар талаблари асосида касбга ва хорижий тилларга ўқитиш орқали мигрантларни доимий даромад келтирадиган меҳнатга жалб қилиш йўлга қўйилди. “Ишга марҳамат” мономарказлар, касбга ўқитиш марказлари, чет тилларига ўқитиш курслари, маҳаллалардаги ўқитиш масканлари ва нодавлат таълим муассасаларида касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш имкониятлари яратилиб, 55 минг 377 нафар фуқаро ўқитилди.

Бугунги кунда Агентликнинг Россия Федерацияси, Қозоғистон, Туркия, Польша, Латвия, Чехия, Болгария, Кувайт, Германия, Жанубий Корея, Швейцария, Нидерландия, Малайзия, Словакия, Хорватия, Сербия, Саудия Арабистони, Чехия ва яна дунёнинг бошқа мамлакатларидаги 500 дан ортиқ иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан келишувлари мавжуд.

2022 йилда 36 минг нафарга яқин фуқаро Россия, Корея, Қозоғистон, Германия, Сербия, Япония, Англия, Туркия каби хорижий давлатларда ташкилий ва манзилли тартибда ишга жойлаштирилди.

Ўтган йил давомида хорижий давлатларда бўлиб турган 308 мингдан ортиқ меҳнат мигрантига турли хизматлар кўрсатилди. Жумладан, 1 минг 424 нафарига 72 минг 34 АҚШ доллари миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилди, 1 минг 397 нафар оғир аҳволга тушиб қолган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди, 7 нафар фуқаронинг 72,1 миллион сўмлик тиббий харажатлари қоплаб берилди. Шунингдек, 285 нафар бошпанасиз қолган фуқаро хостелларга жойлаштирилди ва 3 маҳал озиқ-овқат билан таъминланди, 14 минг нафар фуқарога ҳуқуқий, 20 минг нафар фуқарога ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди.

Иш берувчиларидан меҳнат мигрантларининг 1,2 млн АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақлари, компенсация ва суғурта пуллари ундириб берилди.

271 минг нафар фуқарога дипломатик ваколатхоналар, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг “Call-маркази”, филиаллари ва ваколатхоналари томонидан ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатилди.

2022 йилнинг январь-декабрь ойлари давомида хориждан 608 мингдан ортиқ фуқаролар қайтган, уларнинг 488,9 минг нафари Ўзбекистонда доимий ва вақтинчалик ишларда банд бўлиб, шундан 168,8 минг нафарига меҳнат органлари томонидан бандлик хизматлари кўрсатилди. Жорий йилда ҳам Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилади. Бу ҳақда “Кун.уз” хабар қилди.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация