2022 йилда Россияга мигрантларнинг келиши рекорд кўрсаткичга етди. 3,12 миллион чет эллик фуқаролар мамлакатга келиш мақсади сифатида “ишлаш”ни кўрсатишди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Жорий йилнинг иккинчи чорагида Россияга кириб келган фуқароларнинг 3,12 миллион нафари “ишлаш” ниятини билдирганлар. Бу ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада кўп бўлиб, сўнгги олти йилдаги чораклик рекорд кўрсаткичдир. ТАСС бу хабарни ўз ихтиёрида бўлган FinExpertiza аудит ва консалтинг тармоғининг таҳлилий маълумотларига асосланиб маълум қилди.
“2022 йилнинг иккинчи чорагида 4,16 миллион чет эллик яшаш жойи бўйича миграция рўйхатидан ўтган бўлса, 3,12 миллион киши (75 фоиз) келиш мақсади сифатида “ишлаш”ни кўрсатган”, дейилади статистик маълумотларда.
2022 йилда Россияга нисбатан “санкциялар” эълон қилинган вақтда, иккинчи чоракда меҳнат мигрантлари сони ўтган йилга нисбатан 30%дан ортиқроқ бўлди – 2021 йилнинг шу даврида Россияга ишлаш учун атиги 2,34 миллион фуқаролар келишган.
2020 йилнинг иккинчи чорагида хорижий ишчи кучи кўрсаткичлари минимал даражага тушган ва бу биринчи навбатда карантин ҳолатидаги чекловлар билан боғлиқ бўлди.
Ўшанда мамлакатга бор-йўғи 330 минг мигрант келганди, бу эса 2019 йилнинг иккинчи чорагига нисбатан беш баравар кам эди. Бу йилги кўрсаткич эса ҳатто пандемиядан аввалги вазиятдагидан икки баравар юқори.
FinExpertiza компанияси президенти Елена Трубникованинг таъкидлашича, жорий йилнинг биринчи чорагида рублнинг кескин қадрсизланиши сабабли меҳнат мигрантларининг Россиядан чиқиб кетиши кузатилган бўлса, иккинчи чорагида бунинг акси кузатилди. Аввал мамлакатдан чиқиб кетган мигрантларгина эмас, балки янги ишчиларнинг катта оқими Россияга кириб келди.
“Бунга биринчи навбатда рублнинг кутилмаган даражада кучли мустаҳкамланиши таъсир кўрсатди. Шу сабабли Россия меҳнат бозори чет элликлар учун янада “жозибадор” бўлди, чунки уларнинг валютадаги даромадлари ошди”, деб таъкидлади компания раҳбари.
Шундай қилиб, мигрантлар ўз ватанларига пул ўтказмаларини кўпайтиришга муваффақ бўлишди. Меҳнат мигрантларининг кўп қисми банд бўлган қурилиш соҳасида эса ўсиш суръатлари кузатилди.
МДҲ мамлакатлари аҳолиси Россияда пул ишлаш учун яхши имкониятларга эга бўлдилар.
Таҳлилий материаллардан келиб чиққан ҳолда, меҳнат мигрантларининг кўпчилиги Ўзбекистон (1,54 миллион киши ёки 49,6 фоизи), Тожикистон (953 минг киши ёки 30,5 фоизи) ва Қирғизистон (223 минг ёки 7,2%) фуқароларидир. Бошқа давлат фуқаролари умумий ҳисобда мигрантларнинг 1,7%, яъни 54,2 минг кишини ташкил этди. Мигрантларнинг аксарият қисми меҳнат қилиш учун Москва шаҳри ва Москва вилоятини танлашади.