Россиядаги меҳнат бозори доимий равишда ўзгариб туради – бу жараён айниқса коронавирус пандемияси туфайли тезлашиб кетди. Биз қайси соҳалардаги ишчиларга талаб кўплигини ва бу касбдагиларнинг қай бирига юқори ҳақ тўланишини аниқлашга ҳаракат қилдик.
Ҳайдовчилар
Россиядаги транспорт саноати кадрларга жуда муҳтож. Айниқса, Москва ва Санкт-Петербургда ва Россиянинг бошқа минтақаларида етишмаётган оғир юк ташувчи катта транспорт воситаларининг ҳайдовчиларига талаб юқори.
Катта юк машиналари ҳайдовчиларининг ўртача иш ҳақи: 79 000 рубль.
Тикувчилар
Россия меҳнат бозори тикувчиларга ҳам муҳтож. Тикувчилик корхоналарида уларнинг етишмаслиги анча вақтдан бери кузатилмоқда.
Тикувчилар меҳнатига ўртача тўланадиган иш ҳақи: 63 000 рубль.
Қурилиш
Россияда қурилиш соҳасида барқарор ўсиш кузатилмоқда – бу янги биноларни қуриш ва таъмирлаш лойиҳаларини ўз ичига олади. Шу билан бирга, ишчиларнинг кескин етишмаслиги мавжуд ва шунинг учун қурувчиларнинг иш ҳақи жуда тез ўсиб бормоқда.
Қурувчиларнинг ўртача иш ҳақи: 80 000 рубль.
Онлайн-савдо
Замонавий дунёда онлайн харидлар ҳукмронлик қилмоқда. Ва бу жараённи йўлга қўйиш учун йирик маркетплейсларга омбор ишчилари жудаям керак бўляпти.
Онлайн-савдоси билан шуғулланувчиларнинг ўртача иш ҳақи: 56 000 рубль.
Курьерлар
Пандемия даврида курьерлик соҳасининг кескин ўсиши у тугаганидан кейин ҳам тўхтамади. Одамларга етказиб бериш хизматларидан фойдаланиш қулай ва шунинг учун ҳар доим курьер учун иш бўлади, айниқса катта шаҳарда.
Курьерларнинг ўртача иш ҳақи: 74 000 рубль.
Юқорида айтилган касблар учун тўланадиган иш ҳақи Россиянинг турли ҳудудларида, иш берувчининг мулк шаклига қараб бир-биридан фарқланади.
Манба: Мол-булоқ.