Мақола

826 12/06/2023

Қирғизистон Марказий Осиёда аёл меҳнат муҳожирлари сони эркаклар сонидан кўп бўлган ягона давлат бўлиб, уларнинг ҳам кўп қисмини 20 ёшгача бўлган қизлар ташкил этади.

Бироқ четдан пул ўтказмаларига қарам бўлган мамлакатдаги айрим сиёсатчилар хорижга ёлғиз ишлаш учун кетаётган ёш ёлғиз аёлларга чекловлар қўйишни таклиф этмоқда.

Сиёсатчиларнинг таъкидлашича, қизлар кўпинча эксплуатация қилинади ва меҳнат миграцияси билан боғлиқ бошқа муаммоларга дуч келади.

Ўтган ой консерватив депутат Нодира Нарматова аёлларнинг камида 23 ёшга тўлгунга қадар ишлаш учун чет элга чиқишини тақиқлашни таклиф қилган эди.

24 май куни хотин-қизлар ва миграция масалаларига бағишланган муҳокамада сўзга чиққан Нарматова ўзлари уйда ўтириб, хотини ва қизларини чет элга ишлашга юбораётган эркакларни танқид қилган.

Яна бир депутат Шайлобек Атазов 26 май куни парламентда хорижга кетаётган қизлар аввало расмийларга хабар бериши ва нима учун, қаерга кетаётганини тушунтириши кераклигини айтган.

Атазов ўтган йили 23 ёшгача бўлган турмуш қурмаган ватандошларининг ота-оналари ҳамроҳлигисиз хорижга чиқишини тақиқлашни таклиф қилганида танқид остида қолган эди.

Бу таклиф аёллар ҳуқуқларини поймол қилиш экани айтилган ва Атазовнинг истеъфосини талаб қилган фаолларнинг норозилигига сабаб бўлган.

Атазов 26 май куни депутатларга ўтган йилги норозиликларни назарда тутиб: “Биз кетаётган 18 ёшли қизларнинг хавфсизлиги ҳақида қайғуринг, деганимизда, парламентдаги Оқ уйдаги митингга мини юбкада келиб: “Биз 18 ёшдамиз, қаерга боришни ўзимиз биламиз”, дейсизлар” деб эслатган.

Боқувчи аёллар

Сўнгги чақириқлар депутат Ирғал Қодиралиеванинг бундан 10 йил олдин 23 ёшгача бўлган қизларнинг ота-онаси рухсатисиз мамлакатдан чиқиб кетишини тақиқлашни таклиф қилган мунозарали таклифига ўхшаб кетади.

Қодиралиева таклиф қилган чиқиш чекловлари хорижда махсус иш ёки ўқиш таклифи олган аёлларга эмас,  фақат меҳнат муҳожирларига тааллуқли эди.

Қодиралиеванинг сўзларига кўра, унинг таклифи қирғиз ёш аёлларини жинсий эксплуатация ва одам савдоси таҳдидидан ҳимоя қилиш истагидан келиб чиққан.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги 30 май куни Атазов ва Нарматованинг чақириқларига жавоб бериб, аёлларнинг ҳаракатланишига қўйилган бундай чекловлар конституцияга зид эканини маълум қилди. Вазирлик қирғизистонлик меҳнат муҳожирларининг хавфсизлигини таъминлаш йўлларини ўрганаётганини айтди.

Қўшни Тожикистон ва Ўзбекистонда бўлгани каби, қашшоқлашган Қирғизистонда ҳам кўплаб хонадонлар меҳнат муҳожирларининг хориждан юборган пул жўнатмаларига қараб қолган. Бир ярим миллионга яқин қирғизистонлик хорижда меҳнат қилмоқда.

Қирғизистон меҳнат ва миграция вазири Кудайберген Базарбоев ўтган йили 2014 йилдан бери аёл муҳожирлар сони муттасил ортиб бораётганини айтган эди.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, хорижда меҳнат қилаётган қирғизистонлик аёлларнинг қарийб 14 фоизи 20 ёшгача бўлган ёшлардир.

Туркиядаги 30 мингга яқин қирғизистонлик муҳожирнинг аксарияти аёллардир. Уларнинг кўпчилиги меҳмонхона соҳасида, шунингдек, хусусий уйларда ҳамшира, хизматкор ва энага бўлиб ишлайди.

Уйда иш ўринлари яратинг!

Ҳозирда Россиянинг Сургут шаҳрида яшовчи қирғизистонлик меҳнат муҳожири Каникейнинг айтишича, аёлларнинг “четга чиқишини тақиқлаш” чақириқлари одамларнинг иш излаб мамлакатни тарк этишини тўхтата олмайди.

“Биз чет элда иш излаяпмиз, чунки бизнинг уйда яхшироқ (муқобил) ишимиз йўқ”, дейди 28 ёшли қиз.

Каникей 18 ёшида ўз ватанини ташлаб, аввалроқ Россияда қўним топган холасининг олдига кетган. Каникейнинг отаси ишда олган  жароҳатидан кейин тўлиқ ишлай олмайди.

“Баъзи [сиёсатчилар] ёш муҳожир аёллар ҳақида қандай фикрда эканини билмайман, лекин мен бу ерда ишлаётган қирғиз аёллари одобли, меҳнаткаш, оилаларига ёрдам бериш ниятида эканини кўраман”, дейди қирғизистонлик муҳожирга турмушга чиққан Каникей.

“Мен ота-онам ва укаларимнинг озиқ-овқат сотиб олиш имконияти бўлишини хоҳлайман. Шунинг учун Россияга келганман”, – дейди у.

Каникейнинг сўзларига кўра, агар Қирғизистонда имконият бўлса, кўплаб муҳожирлар уйига қайтар эди.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация