Мақола

676 23/07/2023

Россия банкларига санкция қўйилди

 Шундай қилиб бугунги эфирда:

  1. АҚШ Россиянинг “Тинькофф”, “Солидарность” ва “Юнистрим” банкларига санкция эълон қилди
  2. Муҳожир эрига аччиқ қилиб болаларини урган аёлга чора кўрилди
  3. Домодедово барча халқаро рейсларни терминалнинг янги сегментига ўтказди
  4. Новосибирскда муҳожирларни кетишга ундовчи варақалар пайдо бўлди
  5. Ўзбек сўми дунёдаги энг заиф валюталар қаторига кирди
  6. Нью-Йоркда ўзбекистонлик муҳожир отишма қурбони бўлди

 АҚШ Россиянинг “Тинькофф”, “Солидарность” ва “Юнистрим”  банкларига санкция эълон қилди

АҚШ Россияга қарши бир нечта янги санкциялар киритди, бу муҳим шахслар ва компанияларга таъсир кўрсатди. Санкцияга тушган шахслар орасида таниқли рус иқтисодчиси Алексей Кудрин ҳам бор, у илгари Ҳисоб палатасини бошқарган ва ҳозир “Яндекс”да корпоратив ривожланиш бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлайди.

«Тинькофф» банкига санкциялар АҚШ ва Канада томонидан киритилган. Бундан ташқари, “Юнистрим”, “Солидарность” банклари, Локо-банк ва Санкт-Петербург ижтимоий тижорат банки ҳам АҚШ кредит ташкилотларидан чекловларга дуч келди. «Точка» банки эса Канада санкцияларига тушган.

«Тинькофф» веб-сайтида банк пул ўтказмаларини валютада юборишни кечиктираётгани айтилмоқда.

“20 июл куни биз Америка ва Канада санкцияларига дуч келдик. Бу валютадаги пул ўтказмаларига қандай таъсир қилиши мумкинлигини аниқлаштиряпмиз. Биз “Тинькофф” расмий каналларида валюта ўтказмаларидаги ўзгаришлар ҳақида маълум қиламиз”, деб хабар берган банк. Бир кун олдин «Тинькофф» воқеаларнинг бундай ўзгаришига тайёрланаётгани ва “мижозларга буни имкон қадар сезилмай қолиши учун ҳамма нарсани қилиши” ҳақида хабар берганди.

Чет элга пул ўтказмалари оператори бўлган “Юнистрим” банки, ўз навбатида, шериклар билан узлуксиз ишлашни давом эттириш учун “инфратузилмавий ечим” ишлаб чиққанини айтмоқда. Улар уни “энг қисқа вақт ичида”ишга туширишга ваъда берган.

Ўзбекистон Россиядаги меҳнат муҳожирларидан катта миқдордаги пул ўтказмалари юбориладиган мамлакатлардан биридир. Ушбу пул ўтказмалари учун фойдаланиладиган Россия банкларига қарши санкцияларнинг жорий этилиши халқаро пул ўтказмаларининг қиймати ва мавжудлигига таъсир қилиши мумкин, бу эса Россиядан Ўзбекистонга молиявий ўтказмалар ҳажмини камайтириши мумкин.

Муҳожир эрига аччиқ қилиб болаларини урган аёлга чора кўрилди

Шу кунларда ижтимоий тармоқда ўта ачинарли видео тарқалди. Унда бир аёлнинг ёш болаларини қўлидаги таёқ билан ураётгани тасвирланган. Кўзларида шашқатор ёш билан йиғлаётган қизчаларни кўрган одам бу шафқатсизликни шу қоракўзларнинг онаси қилаётганига ишониши қийин. Айниқса унинг ўз фарзандларини битта-битта ўлдиришга қасд қилганидан унинг ақли жойида эканлигига одамда шубҳа уйғониши аниқ.

Видео тез тарқалиб масъул шахслар ҳам бу ишга аралашди. Самарқанд вилояти ИИБ хабар беришича, вояга етмаган фарзандларини урган аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. “Мазкур ачинарли ҳолат жорий йил 14 июль куни Каттақўрғон тумани “Баландравот” МФЙга қарашли Туйнак қишлоғида содир бўлган. Айни дамда Россия Федерациясида бўлган турмуш ўртоғи билан телефон орқали мулоқотда юзага келган келишмовчилик сабабли 1996 йилда туғилган З.Ш. икки нафар вояга етмаган фарзандларини уриб, ҳолатни тасвирга олиб турмуш ўртоғига юборган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳозирда болаларнинг аҳволи яхши. Улар онасидан олиниб, қариндошлари қарамоғига берилган. Ҳолат мутасаддилар назоратига олинган”, дейилади вилоят ИИБ хабарида.

Ўтган галдаги дайжестимизда, экспертимиз ҳам айнан шу ҳақида сўз юрутган эди. Мухожирларнинг кўпайиши, оиласини ташаб, узоқ муддат ўзга юртларда юриши  одам  руҳиятига салбий кўрсатиши мумкин. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам она ўз фарзандларини бу аҳволга солиши нотўғри эканлиги аниқ.

Домодедово барча халқаро рейсларни терминалнинг янги сегментига ўтказди

13 июлдан бошлаб Москванинг Домодедово аэропорти барча халқаро рейсларни йўловчи терминалининг янги сегментига ўтказди, деб хабар беради аэропортнинг телеграм канали. 6 июл куни аэропортда йўловчи терминалининг янги сегменти – Т2 очилди. Бу билан Домодедово Шарқий Европадаги энг йирик ягона терминалга айланди.

“13 июлдан бошлаб барча халқаро рейслар йўловчи терминалининг янги сегментида (Т2) амалга оширилмоқда”, — дейилади аэропорт хабарида. Аэропортга келган, учиб кетаётган  йўловчиларга нол кириш гуруҳи (0) ва А5-А7, В5-В7 кириш жойларидан фойдаланиш таклиф қилинади. Автомобилда кутиб олувчилар учун эстакаданинг пастки даражаси F1-F4, G1-G4 ва H1-H4 белгилари мўлжалланган.

Новосибирскда муҳожирларни кетишга ундовчи варақалар пайдо бўлди

Новосибирскдаги жамоат транспорти бекатларига номаълум шахслар муҳожирларни ўз ватанларига жўнаб кетишга ундовчи варақаларни ёпиштириб кетган.

“Затулинкадаги бекатларда шундай ёзувлар пайдо бўлди”, деб расмни изоҳлаган маҳаллий журналист Лариса Соколникова. Плакатда муҳожирларга мурожаат қилинган. Уларга “чегаралар очиқ”лиги, мигрантлар эса “уйларига бориб, ўз мамлакатлари иқтисодини кўтариши керак”лиги ҳақидаги хабар айтилган. Ёзувнинг пастида Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Грузия, Арманистон ва Туркманистон байроқлари жойлаштирилган.

Баҳорда Интернетда Новосибирск аҳолиси президент Владимир Путинга мурожаат қилган видео пайдо бўлди. Одамлар муҳожирлар ҳукмронлигидан шикоят қилган, деб хабар берган Sib.fm. Фаол Жанна Олейникова эса видеога Хилокская кўчаси аҳолисининг алоқаси йўқлигини ва новосибирскликлар муҳожирларни ҳурмат қилишларини, лекин ҳамма, ҳам маҳаллий аҳоли, ҳам меҳмонлар қонунларга риоя қилишни талаб қилишини қўшимча қилган.

Тўғриси, бошқа давлатлар айниқса, Россияда мухожирларни бу даражада кўксидан итариш, уларни кетишига бўлган турли тарғибот ишлари ачинарли ҳолат. Аслида ҳамма ҳам мухожир бўлишига тўғри келиб қолиши мумкин. Уруш бошланган бир вақтда айнан Россиядан кўплаб мухожирлар Ўзбекистон ва юқорида айтиб ўтилган мамлакатларда бир неча ойлаб яшашгани ҳеч кимга сир эмас. Бу ҳолатларда фақатгина биргина хулоса, четга бориб ишлаш ечим эмас, ўзимизда юқори ойликли ва стабил ишларни кўпайтириш, шунингдек нарх-наво барқарорлигини таъминлаш керак.

Россиядаги тинимсизлар текширувлар ва миллатчиликдан зерикканлар учун Migrant.uz порталидан яхши янгилик.

Сиз юк машинаси ҳайдовчисисиз ва Европа мамлакатларида ўз касбингиз бўйича ишлашни узоқ вақтдан буён орзу қиласиз! Аммо…бунинг учун нималар қилиш керак, қандай босқичлар сизни кутмоқда, қанча харажат қилиш керак, “беминнат” хизматини таклиф қилувчилар ёрдамисиз ҳам Европада ишласа бўладими? Иш шартномаси юбора оладиган компания ёки фирмани мустақил равишда топиш мумкинми? Шу каби саволларга ҳар хил кишиларнинг турлича гап-сўзларидан бошқа тайинли жавобнинг ўзи йўқ. Ўтаётган ҳафтада ютуб каналимизда “Европага фура ҳайдовчилари керак” деб номланган кўрсатув эълон қилинди. Сизлар учун мустақил журналист Толиб Раҳматов Европа бўйлаб юк ташувчи ҳайдовчилар ҳаёти ва иш жараёнларига оид қизиқарли репортажларни бошлади. Томоша қилишни тавсия қиламиз.

Ўзбек сўми дунёдаги энг заиф валюталар  қаторига кирди
Ўзбек сўми Forbes Advisor  томонидан тайёрланган дунёнинг энг заиф валюталари рўйхатида еттинчи ўринни эгаллади. Ўзбекистон миллий валютасининг бир бирлиги учун сиз 0,000087 (нол бутун миллондан саксон етти) АҚШ долларини сотиб олишингиз мумкин, яъни 1 доллар 11 516 сўмга тенг.

Нашрнинг таъкидлашича, “Ўзбекистон пахта экспорти бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди ва фойдали қазилмалар, нефт ва газнинг катта захираларига эга. Мамлакатда иқтисодий ислоҳотлар ўтказилмоқда, лекин Ўзбекистон паст иқтисодий ўсиш, юқори инфляция, ишсизлик ва коррупция билан курашишда давом этмоқда”.

Эрон риёли дунёдаги энг заиф валюта сифатида тан олинди – бир бирлик учун сиз атиги 0,000024 (нол бутун миллиондан йигирма тўрт) АҚШ долларини сотиб олишингиз мумкин ёки 1 доллар учун 42 273 риёл беришга мажбурсиз. Эрон валютасига босим сиёсий тартибсизликлар ва юқори инфляция билан бир қаторда Ғарб давлатлари томонидан Эронга нисбатан жорий қилинган иқтисодий санкциялар орқали амалга оширилди.

Шундай қилиб, дунёдаги энг қадрсиз топ-10 валюта:

Эрон риали (1 доллар — 42 273 Эрон риали);
Вьетнам донги (1 доллар — 23 711 Вьетнам донги);
Лаос кипи (1 доллар — 19 072 Лаос кипи);
Серра-Леоне леонеси (1 доллар — 17 665 леоне);
Индонезия рупияси (1 доллар — 14,993 рупия);
Ливан фунти (1 доллар — 14,986 фунт);
Ўзбек сўми (1 доллар — 11 600 сўм);
Гвинея франки (1 доллар — 8,583 франк);
Парагвай гуарани (1 доллар — 7249 гуаран);
Уганда шиллинги (1 доллар — 3669 шиллинг).

Ўзбекистон миллий валютаси муомалага киритилганидан буён АҚШ долларига нисбатан 1657 баробарга қадрсизланган. Негадир, қўшни Тожикистон ва Қирғизистон валюталари ҳам бизникидан қадрлироқ.

Нью-Йоркда ўзбекистонлик муҳожир отишма қурбони бўлд

Душанба куни Бруклинда асли ўзбекистонлик ўсмир отишма натижасида яраланди. Полициянинг айтишича, бола жиноий гуруҳ аъзоси билан жанжаллашган бошқа йигит билан бирга бўлган.

Тергов маълумотларига кўра, душанба куни соат 13:00 да 15 ёшли Фаридун Мавлонов Бенсонхерстдаги 20-авенюда яна олти нафар ёш йигит билан бирга эди. Ўсмирларнинг иккала гуруҳи ҳам Франклин Делано Рузвелт ўрта мактабида ўқиган. Иккала гуруҳ ҳам воқеа жойига етиб келгач, улардан бири  қуролини чиқариб, кўчанинг қарама-қарши томонидан гуруҳга бир неча марта ўқ узган.

Полициянинг фикрича, Фаридун Мавлонов отишманинг асосий нишони бўлмаган ва у ерга тасодифан кириб қолган. Отишмадан кейин бола кўчага йиқилиб тушган ва оғир аҳволда Маймонидлар тиббиёт марказига олиб кетилган. Афсуски, у сешанба куни вафот этди. Унинг отаси Фирдавс Мавлонов ўғлининг ўлдирилишини даҳшатли воқеа эканлигини айтган. Яхши ҳаёт излаб АҚШга келган ўзбекистонлик муҳожирлар зўравонлик қурбони бўлди.

Жанозада Нью-Йорк мэри Эрик Адамс ҳам қатнашиб, шаҳарни қамраб олган ёшлар ўртасидаги зўравонлик тўлқинини қоралади ва “кўчалардан ўт очувчи қуролларни йўқотиш” кераклигини айтди.

Қотилликларни тўхтатиш учун, расмийлар ўқотар қуролларни кўчалардан йўқотишлари керак. “Бизнинг кўчаларимизда жуда кўп қурол бор, ёшларимиз орасида зўравонлик кўп тарқалган”. Набирасининг қотилига нима дейишни сўрашганда, бувиси қисқа қилиб: “Аллоҳ жазосини берсин!”деди.

Жорий йилда умумий отишмалар 26 фоизга ва қотилликлар 11 фоизга камайган бўлса-да, Нью-Йоркда ҳар ҳафта икки бола ўлдирилаётгани сабабли вазият ҳамон ташвишли. Бу рақам камайиб бормоқда, аммо унинг аҳамиятини эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Ушбу фожиали воқеа келгусида бундай ҳодисаларнинг олдини олиш учун чоралар кўриш зарурлигини барчага эслатиб туради.

Бу мигрант news дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Қаерда бўлишса ҳам бизнинг мигрантларимиз соғ-омон бўлишсин. Бизни телеграм каналда ҳам кузатиб боринг, ютубга ҳам обуна бўлишни унутманг. Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация