Maqola

813 26/06/2022

Сўнгги 30 йил ичида Душанбедан Тошкентга илк бор йўловчи поезди йўлга тушди.

20 июнда Душанбе шаҳридаги темир йўл вокзалида йўловчиларни тантанали равишда гуллар билан кузатиб қўйишди.

Дастлабки рейсда “Asia-Plus” нашри муҳбири Сайфиддин Қораев шу йўналишдаги поезднинг илк йўловчиларидан бўлди. У сафар таасуротлари билан ўртоқлашди. Қуйида биз муаллиф мақоласидан баъзи парчаларни келтирамиз.

• Украина вагонлари.

Илк бор ҳаракатланаётган поезд “Тожикистон темир йўллари” га тегишли бўлиб, у 4 та купе, 4 та плацкарт, битта ўтириб кетадиган ва вагон-ресторандан иборат бўлди.

Вагонлар 2012 йилда Крюков вагон қурилиш заводида (Кременчуг шаҳрида) тайёрланган ва улар жуда яхши ҳолатда. Поезд таркибида йўловчиларга хизмат кўрсатиш мукаммал йўлга қўйилган. Барча плацкарт ва купе вагонларда алоҳида ёритиш тизимлари, шунингдек телефонларни қувватлантириш учун 200 вольтли розеткалар мавжуд.

• Поезддаги – чойшаблар, сочиқлар, йўлак гиламчалари ва матраслар – ҳаммаси янги.

• Ичкарида ахборотлар таблосида сана, йўналиш графиги, салондаги ҳарорат ҳақида маълумотлар кўрсатиб турилади.

• Битта вагон-купеда 40 нафаргача йўловчини, плацкартларда – 58 нафаргача йўловчини қабул қилиш мумкин. Лекин биринчи рейсда йўловчилар кам бўлишди. Ҳар бир вагонда бўш жойлар қолди.

Вагон-ресторанда 10 нафар ходимлар бир вақтда 40 йўловчига хизмат кўрсатишлари мумкин.

• Поезд ҳафтасига бир марта қатнайди. Душанбедан ҳар душанба куни соат 18:37 да йўлга чиқиб, сешанба куни Тошкентга 13:43 да етиб келади. Шу куни Тошкентдан 16:15 да чиқиб, чоршанба куни 11:23 да Душанбега қайтиб келади. Йўлга сарфланадиган умумий вақт 19 соатдан ортиқ.

• Поезднинг биринчи тўхташи Ҳисордаги “Хонақа” бекатида 5 дақиқага тўғри келди. Сўнг 19:51 да Турсунзода шаҳрининг “Регар” бекатига етиб келиб, 40 дақиқа тўхтаб турди. 20:32 та поезд ҳаракатланишни давом эттирди ва Ўзбекистон чегарасидан ўтди.

• Ўзбекистон ҳудудида бир нечта техник бекатлар бўлиб, йўловчиларнинг ташқарига чиқишларига рухсат берилмас экан. Улардан биринчиси “Пахтаобод” посёлкасидан 8 км масофада бўлган “Қудуқли” темир йўл чегара пункти.

Бу ерда бутун таркибнинг ҳужжатлари ва юкларини текширишга икки соат кетди. Айнан шу жойда Тожикистон тепловози узбек электровозига алмаштирилди.

• Кейинги бир неча бор тўхташлар ярим соатдан давом этди.

•Темир йўл орқали Душанбе-Тошкент ўртасидаги масофа 904 км бўлиб, унга 19 соатдан ортиқ вақт сарфланди.

• Йўл давомида баъзи ноқулайликлар ҳам бўлди: булар – кондиционерлар ва ҳожатхоналардаги носозликлар, вагон-ресторандаги тартибсизликлар. Биринчи рейсдаги баъзи техник носозликларни“Тожикистон темир йўллари” масъул ходимлари бартараф этишадиган бўлишди.

• Баъзи вагонларда кондиционерлар ишламади, иссиқда йўловчилар ўзларини лоҳас ҳис қилишди, баъзи вагонларда ҳожатхоналар ишламади, йўл кузатувчилари уларни ёпиб қўйишга мажбур бўлишган экан.

• Фавқулодда кескин тормоз беришлар ва темир йўл атрофидаги ахлат уюмлари. ТТЙ ходимлари бундай нарсаларга ҳам эътибор беришса, яхши бўларди.

• Ўзбекистон ҳудудида темир йўллар ҳар томондан стандарт бўйича 14 метрлик масофада тўсиқлар билан ўралган. Бу бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш чораларидан ҳисобланади.

•Душанбе-1 ва Душанбе-2 станциялари бўйича темир йўл ҳеч қандай тарзда тўсилмаган. Йўлни кесиб ўтишларни ҳар дақиқа кузатасиз, болалар рельсларнинг устида ўйнаб юришганини кўрасиз.

• Темир йўл таркибининг тормоз бериш масофаси 800 метрдан 1000 метргача бўлиб, фақатгина шу масофада машинист қоида бузувчини узоқдан кўрса, поездни тўхтатиши мумкин. Акс ҳолда поездни зудлик билан тўхтатишнинг имкони бўлмайди. Бунда темир йўлни кесиб ўтаётган йўловчилар, ҳайвонлар, айрим ҳолларда автомашиналарни ҳам уриб кетиш эҳтимоли бўлади.

• Темир йўл бўйича Ўзбекистон чегарасига қадар ахлат уюмларини кўриш жуда ёқимсиз бўлди. Қўшни давлатга ўтилгач, бундай холатни кўрмадик…

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya