Россиядан кетиш керакми ёки кутиш маъқулми?
Украинадаги ҳарбий ҳаракатлардан сўнг эълон қилинган санкциялардан кейин Россиядаги аксарият мигрантларни юқоридаги савол қийнаётган бўлса ажаб эмас.
Россия Украинага қарши бошлаган ҳарбий операциялари натижасида санкциялар ёмғирига учради. Кўп мамлакатлар Россия ва руслар учун эшикларини ёпди. Мамлакатнинг иқтисодий ҳолати кундан кунга таназзулга учраб бормоқда. Хўш, бу ҳолат ватандошларимиз ҳаётига қандай таъсир кўрсатяпти?
Daryo.uz Россияда меҳнат фаолиятини юритаётган мигрантлар билан боғланиб, уларнинг ҳозирги ҳаёти ва яқин келажакдаги режалари ҳақида суҳбатлашди. Migrant.mobi уни тўлиқ шаклда келтиради.
Дилафрўз Жўраева, 42 ёш. Фарғона вилояти
«Муҳожир ўгай болага ўхшайди»
13 йилдан бери Россиянинг Самара шаҳрида яшайман. Йиллар давомида муҳожирларга нисбатан муносабат турлича бўлган ва бўлмоқда. Сўнгги 3-4 йилда эса вазият янада таранглашди. Аввал коронавирус сабаб пандемия бошланди. Карантин чекловлари туфайли минглаб одам ишсизга айланди. Энди эса Украина ва Россия уруши…
Ҳозирги ҳолат, шубҳасиз, муҳожирларга ўз таъсирини кўрсатади. Чунки доллар курсининг кескин кўтарилгани ортидан рубль қийматини йўқотди. Аввал 400 долларга ишлаган муҳожирнинг ойлик тушуми энди 200 долларга тушди-қолди. Самара шаҳрида ҳар ойлик ҳужжат тўлови 4419 рублни, вақтинчалик рўйхатдан ўтиш эса 4000 рублни ташкил этади.
Бундан буёғига улар шу маблағи билан еб-ичиши, ижара пули ва ҳар ойлик расмий ҳужжатлар тўловини амаллаши керак. Муҳожир оиладаги ўгай болага ўхшайди. Уни ҳамма силтайверади. Мусофир юртда ҳам шундай. Унинг иқтисодий-ижтимоий муаммоси айнан ўша давлат учун қизиқ эмаслигини ҳисобга олсак, бугун Россия учун ҳам шундай.
Ишсиз қолган юртдошларимиз кўп. Кетишга тайёрланаётганлари ҳам етарлича. Ўзи нарх-наво ҳар йили сезиларли тарзда ошади. Лекин бугунги таранг вазиятда шу ҳам муҳожирларга қўшимча юк бўляпти. Бизнинг оилада нохуш ҳолатнинг таъсири ҳозирча сезилгани йўқ. Турмуш ўртоғим иккимиз мева ва гуллардан буюртмага гулдаста тайёрлаймиз. Маҳаллий аҳоли билан ишлаганимиз, нақд пулга савдо қилганимиз учун ҳозирча аҳволимиз дуруст.
Зафар Эшонқулов, 57 ёш. Қашқадарё вилояти
«Агар вазият ўзгармаса, бу ерларда юришдан фойда йўқ»
Беш боламни боқиш, ўқитиб, олий маълумотли қилиш ниятида 2005 йили шу ерларга келганман. Чита шаҳридаги хусусий корхонада пайвандчи бўлиб ишлайман. Корхонанинг ёқилғи қуйиш шохобчалари ҳам бор. Шу жойларда нима иш бўлса, бажаравераман. Бошлиғимиз менга ишонади. Шунинг учун 17 йилдан бери ишлаб келяпман.
Ҳозирги вазиятда руслар учун ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Лекин нарх-наволар ошган. Доллар ошгани ҳисобига топган пулимизни уйга юбора олмаяпмиз. Агар вазият ўзгармаса, бу ерларда юришнинг фойдаси йўқ.
Очиғини айтсам, оиладан узоқда, совуқ об-ҳавода яшаш жонимга теккан эди. Читада қаҳратон 45-50 даражагача совуқ бўлади. Ишимиз сабаб ташқарида юришга мажбурмиз. Қолган умримни оилам, набираларим бағрида ўтказиш ниятида кузда бу ерлардан бутунлай кетмоқчи эдим. Айни кунлардаги ҳолат қароримни яна ҳам тезлаштиряпти. Мабодо йўллар очилиб, вазият яхшиланса, дарров кетишга отланаман.
Шаҳноза Саидқулова, 39 ёш. Сурхондарё вилояти
«Рубль тушиб, топаётган пулимиз ‘копейка’ бўлиб қолди»
Ўзимизда тайинли иш тополмай, мажбурликдан 2010 йили турмуш ўртоғим иккимиз Россияга ишлагани келдик. Дастлаб Тверь шаҳридаги бир ресторанда идиш ювувчи бўлиб ишладим. Ойлигим 1000 доллар атрофида эди. Эрим эса юк ташувчи эди. Маошим яхши эди-ю, фақат 15-17 соатлаб ишлардим. Кейин директоримиз чаққонлигим ва тил билишимни кўриб, овқат тарқатиш бўлимига ошпаз қилиб тайинлади. Эрим эса ҳозир шу ресторанда иш бошқарувчи бўлиб ишлайди. Атрофимизда ўзбекистонликлар жуда кўп. Адашмасам, 40 фоиз ватандош шу ерда қурилишда, тозалашда ишлайди, яна ошпаз, таксист бўлиб юрганлари қанча.
Сўнгги вақтлардаги воқеалардан кейин ишда қисқартиришлар бўлмади-ю, лекин рубль тушиб, топаётган пулимиз «копейка» бўлиб қолди. Қолаверса, ҳамма нарсанинг нархи ошиб кетган. Биз яшайдиган шаҳарда каттакон завод, кўплаб бренд дўконлар ёпилди. Ишчилари эса энди ишсиз, даромадсиз қолди. Табиийки, руслар биринчи бўлиб ўз фуқароларини иш билан таъминлайди. Энди муҳожирларни янада эзиш бошланади. Айниқса, бу ернинг ҳокими мигрантларни ёмон кўрадиган миллатчи одам. Тверь шаҳрида бутун Россия бўйича қиммат патент тўлови бор. 7000 минг рублга чиққан. Ўз фуқаролари ишсиз қолгач, энди бизни чиқариб юборишга уринишади. Аммо кетолмаймиз. Чунки юртимизда шу пулни ҳам топа олмаймиз.
Меҳриддин Сатторов, 36 ёш. Самарқанд вилояти
«Йўллар очилса, кетамиз. Ўзбекистонда ҳам ҳозир шароит яхши-ку!»
2011 йил январь ойидан бери Санкт-Петербург шаҳрида тахта кесиш цехида ишлайман.
Бўлаётган уруш турмушимизга жуда ёмон таъсир қилди. Заводда аввал оператор бўлиб ишлардим. Уруш бошланганидан кейин уч сменалик ишимиз битта қилиб қўйилди. Кўпчилик ишдан бўшатилди. Мен ҳам заводдаги бошқа ишга ўтказилдим. Ҳозир тракторда ёғочларни ташийман.
Маошимиз ишлаган кунимизга қараб берилади. Бир кунда 2500 рубль оламан, ёғоч кесадиганларга эса кесган ёғочлари сонига қараб пул тўланади. Иш камайган. Икки кунда бир ишга чиқяпмиз. Хўжайин заводни ёпсак ҳам керак, дейди.
Ватанга қайтмоқчимиз. Биринчидан, иш йўқ, иккинчидан, доллар жуда юқорилаб кетди. Топганимизни ҳам юбора олмаяпмиз.
Мен билан бирга ишлайдиган икки ҳамқишлоғим уйига қайтиш учун билет олганди. 8 мартда учиши керак эди, лекин негадир рейс қолдирилибди, кетолмади. Эшитишимча, пулини ҳам қайтариб беришмабди. Биз ҳам йўллар очилса, кетамиз. Ўзбекистонда ҳам ҳозир шароит яхши-ку! Ростми-ёлғонми, одамлар 3-4 миллион ойлик оляпти экан. Режам — тезроқ ортга қайтиб, оилам олдида ишлаш.
Алиёрбек Маҳмудов, 29 ёш. Фарғона вилояти
«Билет тугул озиқ-овқатга ҳам пул йўқ»
Ўтган йили уй-жой қилиш, машина олиш мақсадида Россияга ишлагани келгандим. Дастлаб, Москвадаги қурилиш фирмасига жойлашдим. Ойлигим 75 минг рубль атрофида, уруш бошлангунгача ҳаммаси жойида эди.
Февралдан бошлаб маош кечиктирилиши бошланди. Чунки барча зарур қурилиш анжомлари чет элдан келар эди. Ҳозиргача февраль ва март ойи учун ҳақимизни ололмадик. Эртадан иш жойимиздан чиқариб юборади. Уйга қайтай десам авиачипта нархи осмонда (25-30 минг рубль).
Очиғини айтсам, билет тугул озиқ-овқатга ҳам пул йўқ. Муҳожирларга ҳеч қандай амалий ёрдам беришмаяпти. Энди кунлик иш топиб бўлса ҳам кетишга етарли пул жамғариб, уйга қайтаман.
Суҳроб, 25 ёш. Самарқанд вилояти
«Ҳужжатларинг жойида бўлса ҳам, қўлга тушсанг — ё қамоқ, ё жарима»
2016 йилдан бери Санкт-Петербург шаҳрида ишлайман. Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятлар бошлангач, ҳаётимиздаги ўзгаришлардан энг каттаси рўй берди — доллар курси ошди.
Қолаверса, иш ўринлари қисқаргач, олдинлари уйига 500 доллардан юборадиган танишларим (шу қатори мен ҳам) энди 300 доллар жўнатишга ҳам рози. Ишсизлик кўпайгани сари охирги пайт фақат кунлик харажатларга ишлаб юрибмиз.
Текширувлар кучайган. МДҲ давлатлари фуқаролари ишлайдиган ишхона, турар жойларида рейдлар кўпайиб боряпти. Кимдир шу пайт қўлга тушса, ёппасига 5 минг рублдан жаримага тортилади (ҳатто ҳужжатлари жойида бўлса ҳам, барибир сабаб топишади). Ҳозир кўпчилигимиз воқеаларнинг ёмон тарафга ўзгаришидан ваҳимага тушиб, қўрқиб яшаяпмиз. Гўё жаҳон уруши бошланиб кетади-ю, шу ерларда ўлиб кетадигандекмиз.
Авиарейслар аввалгидан кам. Талаб кескин ошгани учун билет нархи уч баробар қимматлашди. Ҳозирча «Яндекс Еда»да курьерман. Уруш туфайли тушум камайган. Охирги йигирма кун ичида пулни тежаш бошланди. Олдинлари 8 соатда 2500 рубль ишлардик, ҳозир 1700-1900 рубль атрофида.
Оиламизда ҳамма ишлайди. Ойим билан укам Истанбулда. Мени ҳам олдиларига чақиришяпти. Чунки онам сўнгги воқеалардан жуда хавотирда, бироқ у ерда ҳам ойлик кўнгилдагидек эмас. 2000-3000 лира эмиш. Кетиш керакми ёки қолиш? Ҳозир фақат шуни ўйлаяпман. Бошим қотган.
Улуғбек Акрамов, 22 ёш
«Туркияга кетай десам, у ерда ҳам шу аҳвол. Қозоғистонда ҳам»
Ўтган йил сентябрида Россияга келганман. Дастлаб Подмосковеда ишлаб чиқариш цехида оддий ишчи бўлиб беш ой ишладим. Ойлик 50-60 минг рубль эди (600-700 доллар). Лекин шунга қарамай, ойлигимни учдан бири — патент, еб-ичиш, квартира, гоҳи дори-дармон каби чиқимлар бўларди. Масалан, квартира киши бошига 3 минг рубль, еб ичишга ўртача 7 минг рубль, патентга 6 минг рубль сарфлардик. Хуллас, ҳар ой чиқимларга 200 доллар кетса, уйга 400-500 атрофида юборардим. Яқинда Москвага кўчиб, устачилик қила бошладим.
Россия бозорларида ҳам нархлар ўсмоқда. Бу ерга мигрантларнинг кўпи уйланаман, машина оламан, уй-жойимни тиклайман деб келган. Улардан қанчаси қурилишда ишлаб, эҳтиётсизлик қилиб ногирон бўлган, ҳатто оламдан ўтиб, ўлиги сарсон бўлганлар ҳам бор. Оилада ёлғиз боқувчиман. Туркияга кетай десам, у ерда ҳам шу аҳвол, Қозоғистонда ҳам. Масъул раҳбарлардан Европага виза олишни соддалаштиришни сўрардим.
Фазлиддин Мамасолиев, 30 ёш. Андижон вилояти
«Раҳбарлар ойликлар кечикишини, лекин устама қўшиб берилишини ваъда қилишди»
Россиянинг Амур вилоятида Yamata газни қайта ишлаш заводида ишлайман. Бу ерда ўзбеклардан ташқари Европа ва Ҳиндистондан келган 6000 дан зиёд муҳожир ишлайди. Мен бу ерда труба монтажчиси бўлиб ишлайман. Ойлигим 48 минг рубль атрофида эди.
Мамлакатда доллар курси ошиб кетгани сабаб нафақат ўзбеклар, балки бу ерда ишлаётган бошқа миллат муҳожирлари ҳам қийин аҳволга тушиб қолди. Масалан, январдаги ойлигимни 100 долларни 7600 рублдан ҳисоблаганда 600 доллардан ошганди. Ҳозирги курс бўйича эса…
Қолаверса, икки кун олдин завод раҳбарлари бизларни тўплаб, ҳозирги мураккаб вазият туфайли ойликлар бироз кечикишини, лекин ойликка қўшиб илгари қанча доллар жўнатаётган бўлсак, шуни ҳисоблаб ойликларга устама қўшиб, мартнинг сўнгигача пластик карталаримизга тушишини ваъда беришди. Ҳозирча яхши янгилик шу бўлиб турибди, лекин, қўрқаманки, энг ёмони ҳали олдинда…