Maqola

1 089 30/05/2022

Англияга ишга бориш учун танлов қандай ўтди?

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Англияда мавсумий қишлоқ хўжалигида ишлаш истагидаги фуқаролар учун 2022 йил 24 май куни танлов ўтказилишини эълон қилган эди. Migrant.mobi сайти ушбу эълонни ўз платформасида ҳам тарқатди.

Хўш, танлов қандай бўлиб ўтди?

Суҳбатга келган номзодлардан бири Жавоҳир Кимсанов танлов қандай ўтганига доир видеотасвирларни Migrant.mobi’га тақдим этди ва ўз фикрларини билдирди. Танлов қандай ўтганига доир видеотасвирларда:

“Англияга ишга кетаман деганларни қўйга ўхшаб далага қўйиб юборишди, ўтлаб олинглар деб…”, – дейилади тасвирларда.

Таъкидланишича, танловни уюштиришда ташкилий ишларга эътибор қаратилмаган. “…телеканалларнинг ахборот дастурларига чиройли кўрсатиш учун, мана одамлар келди, деб, бир икки аёлни ичкарида чиройли қилиб тасвирга олишган холос. Ташқаридаги аҳволни эса кўрсатишмаган”.

Қарзингиз борми-йўқ, текшириб кўринг!

Ушбу хабаримиз Ўзбекистоннинг Москвадаги консуллигининг мурожаат ҳақида. Консуллик бўлими меҳнат мигрантларини огоҳлантириб, Россияда меҳнат қилаётган ва элчихонанинг консуллик бўлимидан хорижга чиқиш паспортини (“қизил паспорт”) олмоқчи бўлган ўзбекистонлик фуқаро аввало қарздорлиги бор-йўқлигини текшириш кераклигини билдирди. Таъкидланишича, сизда қарздорлик ҳолатлари мавжуд бўлса, консулликка тўлаган маблағингиз ва ҳужжатларингиз қайтариб берилмайди. Қарзингизни эса, қуйидагича текшира оласиз:

“Мажбурий ижро бюросининг @mibuzbot Телеграм боти орқали сиз Ўзбекистоннинг чет эллардаги консулликларидан хорижга чиқиш учун биометрик паспорт олишда қарзлар, алиментлар, даъволар ва чекловлар бор ёки йўқлигини билиб олишингиз мумкин бўлади. Бу ботга кириб старт тугмасини босасиз, ундан сўнг ўзингизга керакли бўлимни танлаб, паспорт серия рақамини киритган ҳолда қарзингиз бор-йўқлигига доир маълумотларни олишингиз мумкин бўлади”, – дейилади огоҳлантириш мурожаатида.

Қирғизистонликлар учун Россияга боришда яна бир қулайлик

Шу йилнинг 6 июнидан бошлаб қирғизистонликлар Россияга поездда боришлари мумкин бўлади. Шу кундан икки мамлакат ўртасида йўловчи поездлари қатнови тикланади. «Кыргыз темир жолу» хабар беришича, 6 июндан Бишкек-Қозон поезди ҳафтасига бир марта ҳаракатланишни бошлайди. 8 июндан бошлаб Бишкек-Самара поезди ҳафтасига икки марта: чоршанба ва жума кунлари қатнайди. Бишкек-Новосибирск поезди 9 июндан, ҳар 8 кунда бир марта ҳаракатлана бошлайди.

ЕОИИ мамлакатларидан Россияга келаётган йўловчилар икки давлат чегарасини кесиб ўтишда камида 72 соат олдин коронавирус тестидан манфий тест натижасини кўрсатиши керак бўлади.

Ўзбекистондан Россияга поезд қачон тикланаркин-а, кутамиз, бошқа илож.

Мигрантлар кўп бўлсаям қийинда

Туркия Ички ишлар вазирлиги миграция бош бошқармаси хорижликларни рўйхатга олиш мумкин бўлмаган маҳаллалар рўйхатини эълон қилди. Бунга сабаб сифатида айрим маҳаллаларда хорижликлар зичлиги меъёрдан ортиб кетгани сабаб қилиб кўрсатилган. Маълум қилинишича, жами 781 та маҳаллада хорижликлар вақтинча рўйхатдан ўта олмайди.

Яъни, “Туркияга яқинда келган фуқаро ГЎЧ идораси тақиқлаган ҳудудлардан яшаш рухсатномаси (икамет изни) ололмайди. Лекин, кўрсатилган ҳудудларда яшаб келган бошқа шахс янги туғилган фарзанди ёки оила аъзосини рўйхатдан ўтказиши мумкин”.

Туркия миграция қонунчилигига кўра, қайси маҳаллада рўйхатдан ўтган хорижликлар улуши умумий аҳоли сонининг 25 фоизини ташкил этса, ўша маҳаллага кўчиб келган хорижий фуқарони рўйхатдан ўтказиш вақтинча тақиқланади.

Migrant.mobi огоҳлантиради: Фирибгарларга алданиб қолманг

Россияда юрист ва тадбиркор Ботиржон Шермуҳаммад номидан фирибгарлик қилинаётган ҳолатлар учрамоқда. Migrant.mobi асосчиси, юрист Ботиржон Шермуҳаммад номидан хориждаги MДҲ фуқароларига моддий ёрдам пули берилиши ҳақида migrant.uz номли сохта телеграм канали очилиб, фирибгарлик ҳолатлари юзага келаётганини маълум қиламиз.

Ушбу канал соҳиблари “Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларга 7120 рубль бир марталик моддий ёрдам пули картангизга ўтказиб берилади!” – дея эълон беришган. Фирибгарлар домига чув тушган фуқаролардан эса, паспорт, Ботиржон Шермуҳаммад номига ёзилган аризани тўлдиришлари сўралади.

Уларнинг айтганларини қилганингиздан сўнг, Билайн мобил (64 488 56 31) рақамига 634 рубль ўтказиш сўралади. Мана шу ерда уларнинг фирибгар эканлигини билиб олиш мумкин. Ўзбекистонда меҳнат мигрантлари оила аъзоларига бериладиган бир марталик ёрдам пули учун ҳеч қандай қўшимча пул талаб қилинмайди.

Шу ўринда, таъкидлаш керак, ушбу фирибгарларнинг телефон рақами ўзгариши ҳам мумкин. Migrant.mobi Россиядаги ватандошлар ва ўз ўқувчиларига мурожаат қилиб, мусофирларнинг пулларини ўз ҳамёнларига ураётган ғаразгўйлардан эҳтиёт бўлишга чақириб қолади.

Чунки, сохта каналга ишониб, пулларини ўтказиб қўйган ватандошлар биз билан боғланишмоқда. Эслатиб ўтамиз, фирибгарикка учраган фуқароларимиз тегишли идораларга мурожаат қилишлари мумкин. Улар ўтказиб қўйган маблағлари учун migrant.mobi ахборот портали жавоб бермайди. Энг сўнгги янгиликларни бизнинг телеграмдаги расмий саҳифамиз migrant.mobi орқали кузатиб боришингиз мумкин.

Россияни кўпроқ киши тарк этмоқда

3,8 млн киши. 2022 йил биринчи чорагида Россияни тарк этганлар салкам 4 млн кишини ташкил этмоқда. Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, 2022 йил январ-март ойларида 3 млн 880 минг 679 киши хорижий давлатга чиқиб кетган. Шундан:

  • Арманистонга 134 129 киши (2021 йил 1-чорагида  44 586 киши. +300%)
  • Озарбайжонга   56 475 киши (2021 йил 1-чорагида  20 378 киши. +250%)
  • Ўзбекистонга    53 084 киши (2021 йил 1-чорагида  15 206 киши. +350%) Тожикистонга   40 054 киши (2021 йил 1-чорагида    8 857 киши. +480%)
  • Қозоғистонга  204 947 киши (2021 йил 1-чорагида 122 330 киши. +175%)
  • Украинага       328 435 киши (2021 йил 1-чорагида 316 286 киши. +102%).
  • Грузияга            38 281 киши (2021 йил 1-чорагида     8 504 киши. +450%.

Россия фуқаролигини танлаётганлар ҳам камаймоқда

2022 йил бошидан буён атиги 187 минг киши Россия фуқаролигини олган. 2021 йили 222,8 минг Россия фуқароси бўлишни маъқул кўрган эди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36 минг нафарга кам. Шу билан бирга, 2022 йилнинг тўрт ойи давомида чет эллик фуқароларга берилган визалар сони 2 баробарга ошиб, 76 мингтани ташкил этмоқда. 2021 йилда эса, 44,6 минг киши виза расмийлаштирган эди.

Миграция рўйхатига киритилганлар сони 3 миллиондан 5,1 миллионгача ошгани хабар қилинди. 97 минг киши яшаш рухсатномасини олган. 2021 йилда 74 минг шундай рухсатномани олган эди. Вақтинчалик яшаш рухсатномаларини бериш ҳам деярли 2 баробарга кўпайган. 2021 йилда 35 минг мигрант вақтинча яшаш ҳуқуқини қўлга киритган бўлса, 2022 йилнинг ўтган даврида 61 минг кишига вақтинча яшаш рухсатномаси тақдим этилган.

Россия Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, йил бошидан буён 63 мингдан ортиқ хорижликка мамлакатга кириш тақиқланган. Ўтган 2021 йилда тақиқлар сони 13 минг кўпроқ эди.

Пулинг бўлса, навбат йўқ!

Кўрсатув якунида “десерт” хабарча. “Тошкент” аэропортида қўшимча ҳақ эвазига рейсга навбатсиз ўтиш имконияти тақдим этилмоқда. Fast Track деб номланган хизмат «Тошкент» халқаро аэропортининг учиб кетиш терминалида кўрсатилади.

Ушбу хизмат йўловчиларга рўйхатдан ўтиш, божхона ва паспорт назорати, шунингдек, парвоз олди текширувларидан навбатсиз ўтиш имконини беради. Fast Track хизматидан фойдаланиш учун йўловчи жўнаш терминалидаги маълумот бурчагига мурожаат қилиши керак. Uzbekistan Airports хабарига кўра, 170 минг сўм миқдоридаги тўлов амалга оширилганидан сўнг, аэропорт ходими йўловчини махсус “коридор” бўйлаб, “стерил” зонагача кузатиб боради ва у ердан йўловчи мустақил равишда бортга чиқади.

Шунингдек, оила аъзолари билан учаётган йўловчилар учун “Оилавий” пакети ҳам мавжуд. Тўловларни миллий валютада нақд ёки Uzcard, Humo, Visa, Mastercard ва бошқа тизимлар орқали онлайн амалга ошириш ҳам мумкин.

Қойил, нима қилиб бўлсаям пул қилишса бўлди. Ишқилиб, бу янгиликдан ЎзАвтодагилар хабар топмасин, навбатсиз машина олиш ставкаси қанча бўлишини тасаввур қилишнинг ўзи қўрқитади одамни. Саломат бўлинг.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya