Мақола

518 07/06/2022

Ниҳоят Россияга поездда борамиз

Ўтиб бораётган ҳафта воқеа-ҳодисаларга бой бўлди. Уларнинг мигрантлар учун энг муҳими Ўзбекистон ва Россия ўртасида йўловчи поездлари қатновининг тикланиши десак, хато қилмаймиз. Шундай қилиб, қадрдон юртдошлар, 14 июндан бошлаб ўзбекистонликлар, ҳозирча, Россиянинг Самара ва Волгоград шаҳарларига Тошкентда поездда боришлари мумкин бўлади. Маълум қилинишича, йўловчи поездлари қатнови ҳафтада бир марта амалга оширилади. Аммо, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ёки  “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ қатновлар жадвали ҳамда чипта нархига ойдинлик киритгани йўқ.

Бизни кузатишда давом этинг, ушбу қатновларга доир янгиликлар бўлиб қолса, албатта, биринчилардан бўлиб хабар қиламиз.

Ўзбекистон-Тожикистон абадий дўст давлатлар

Ўтиб бораётган ҳафтада Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. Олий даражадаги учрашувлар самараси ўлароқ, икки давлат раҳбарлари икки давлат абадий дўстлиги тўғрисидаги Декларацияни имзолашди. Унга кўра,

  • давлат ўртасида янги транзит йўлаклари ташкил этиш, замонавий логистика инфра тузилмаларини барпо этиш;
  • авиа-, темир йўл ва автобус қатновларини кўпайтириш;
  • ҳамкорликда агрокластерлар ва замонавий ишлар чиқариш корхоналари ташкил этиш;
  • мева-сабзавот маҳсулотларини биргаликда қайта ишлаш ва учинчи мамлакатлар бозорларига чиқиш;
  • Тожикистон фуқаролари учун Ўзбекистон олий ўқув юртларида таълим грантлари сонини ошириш назарда тутилган.

Президент Мирзиёев қайд этганидек, икки томонлама муносабатларда улкан натижаларга эришишга муваффақ бўлинган.

Шу билан бирга, музокаралар якунида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида йўловчи поезд қатновини 20 июндан қайта тиклашга келишиб олинган. Бу ҳақда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Шавкат Мирзиёев билан музокаралари якунлари бўйича брифингда маълум қилди. Шундай қилиб, Тошкент-Душанбе йўналишида йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилади.

«Ҳар куни 20 минггача одам савдо ва туризм, қариндош ва дўстлар билан учрашиш мақсадида чегарани кесиб ўтади», — деган Раҳмон.

Бундан ташқари, тез кунларда, Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридан Тожикистоннинг Истаравшан шаҳрига микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилади. Қатновлар Гулистонда рўйхатдан ўтган “Тимур Авто Транс Сервис” МЧЖ ва Тожикистоннинг “Довуд” МЧЖлар ўртасида шартномага мувофиқ амалга оширилади. Унга кўра, “Янгиер” автостанциясидан Истаравшан марказига ҳаракатланадиган автобуслар жадвали тасдиқланган.

Йўл кира нархлари бир йўловчи учун:

  • Ўзбекистондан жўнаб кетиш – 27 000 сўм
  • Тожикистондан жўнаб кетиш – 27 сомонни ташкил этади.

Маълумот учун бугунги кунда Тошкент автовокзалидан Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрига ҳам автобус қатнови йўлга қўйилган.

Муштлашганлар “депорт” қилинади

Москва қурилиш майдончасида муштлашган мигрантлар Россиядан чиқариб юборилади. Москва шаҳар Троицкий район судининг маълум қилишича,  Москва қурилиш майдончасидаги оммавий муштлашувда иштирок этган 100дан ортиқ фуқарони Россиядан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилган.

“Москванинг Троицкий район суди чет эл фуқароларини Москвадаги оммавий муштлашув учун депортация қилиш шарти билан Россия ИИВ Бош бошқармасининг Москвадаги хорижлик фуқароларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштириш бўйича 107 та қарор чиқарди”, – дейилади хабарда.

Суд маълумотларига кўра, фуқаролар 90 кун давомида депортация марказига жойлаштирилиб, бу вақт давомида мамлакатдан чиқариб юборилади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрель ойида ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат мигрантлари Шелепихинскаяда оммавий муштлашувни юзага келтирган, можаронинг 120 дан ортиқ иштирокчиси полиция бўлимига олиб кетилган эди.

Рубл нима учун мустаҳкамланмоқда?

Рубл 2022 йил дунёда энг яхши натижага эришган валюта бўлиб турибди. Oxford Economics Россия миллий валютаси кескин қадрсизланишдан сўнг, ўзини тиклаб олиш сабабларини маълум қилди. Таъкидланишича, хом-ашё нархининг қимматлашуви, шунингдек, Россия марказий банкининг капитал ҳаракатини қатъий равишда назорат қилиши Россия рублининг мустаҳкамланишига олиб келмоқда.

Бунда, Oxford Economics’нинг ривожланаётган мамлакатлар бўйича эксперти Татьяна Орлова фикрича, энг асосий сабаб нефт ва табиий газ нархининг ўсишидир.

«Ҳозир хом-ашё нархлари жуда юқори. Россия экспортининг ҳажми санкциялар ва тақиқлар туфайли тушганига қарамай, нархларнинг ошиши камайиш ўрнини тўлдирмоқда», — деган Орлова.

Россия энергия захиралари, биринчи навбатда, табиий газ ва нефть экспортидан ойига 20 млрд доллар ишлаб топмоқда. Бундан ташқари, кўплаб хорижий компаниялар Россиянинг табиий газ учун рублда тўлаш шартини қабул қилишга мажбур бўлди. Бу ҳам рубл ўсишига таъсир қилган.

Иқтисодчининг фикрича, Россия банкининг, жумладан, акция ва облигациялар бўйича норезидентларга дивидентлар тўловини музлатиш орқали капитал ҳаракатини кескин назорат қилиши ҳам рубл мустаҳкамланишига олиб келган омиллардан биридир.

«Илгари бу Россиядан валюта чиқиб кетишининг сезиларли манбаларидан бири эди», — деган Орлова.

Шу билан бирга, Россия экспортчи компаниялари валюта киримларини рублга сотишга мажбурдир. Албатта, 23 май куни Молия вазирлиги бу борадаги талабни бирмунча енгиллаштирди ва аввалги 80 фоиз валютани сотиш талабини 50 фоизга туширди. Янги қоидага кўра, Россия компанияси 100 минг долларга маҳсулот сотса, унинг 50 минг долларини сотишга мажбур.

Қолаверса, хорижий инвесторларнинг Россиядаги компаниялардан улушини олиб чиқиш қийинлаштирилди.

Эслатиб ўтамиз, Россия армиясининг Украинада ҳарбий амалиётларни бошлаши ортидан ғарб мамлакатлари Россияга нисбатан кескин санкцияларни қўллай бошлади. Бунинг ортидан рублнинг доллар ва еврога нисбатан курси қулади. Хусусан, 9 март куни 1 АҚШ доллари Москва биржасида 139 рублни ташкил этди. Март ойи охиридан бошлаб, Марказий банк чекловлари ортидан рубл курси барқарорлашни бошлади. 4 июн ҳолатига кўра, рублнинг долларга нисбатан қиймати 61,97 рублни ташкил этди.

Сохта никоҳ учун қандай жазо бор?

Россияга борган мигрантлар ўртасида маҳаллий фуқаролар билан келишиб, сохта никоҳ тузаётганлар талайгина. Бундай никоҳлар, одатда, икки томонлама келишув асосида амалга оширилади. Сўнгги пайтларда, Россия ҳудудларида ана шундай сохта никоҳларни аниқлаш бўйича текширувлар ҳам ўтказиб турилибди. Хусусан, аввалги дайжестимизда Санкт-Петербург прокуратураси томонидан “сохта никоҳлар”ни аниқлаш бўйича рейдлар ўтказилаётгани ҳақида хабар қилган эдик.

Хўш, сохта никоҳ аниқланганда қандай чоралар кўрилади?

Қонунни ҳимоя қилиш органлари сохта никоҳни аниқлаганда қуйидагича чоралар кўради:

1) Сохта никоҳ натижасида олинган фуқаролик ёки яшаш учун рухсатномалар бекор қилинади.

2) Никоҳ тузиш мақсадида тузилган битимлар бекор қилинади.

3) Чет эл фуқароси депортация қилиниши мумкин.

4) Айрим ҳолларда чет эл фуқароси ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин.

Никоҳни сохта деб тан олиш учун ким судга мурожаат қилади?

Буни никоҳдан ўтган турмуш ўртоқлардан бири қилиши мумкин. Масалан, никоҳ тузаётганда турмуш ўртоқлардан бири уни қонуний деб тахмин қилган бўлса, бошқаси бирор фойдани кўзлаб, сохта никоҳни режалаштирган бўлиши мумкин. Прокурор ҳам бу борада судга мурожаат қила олади. У ҳар икки турмуш ўртоқни ҳам сохта никоҳдан ўтишда ва бу ҳақиқий оила тузиш мақсадида қилинмаганликда айблаши мумкин.

Суд айбловнинг адолатлилигини аниқлашда, турмуш ўртоқларнинг биргаликда яшашлари, умумий рўзғор қилишлари, бир-бирларининг муаммоларини билишлари, турмуш ўртоқларининг бошқа оилалари борлиги, шунингдек, никоҳдаги оиласи билан эмас, балки бошқа шахслар билан яшашларига оид омилларни инобатга олади. Шундай экан, Россия фуқаролигини олишда фақат қонуний асослардан фойдаланинг!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация