Мақола

655 21/11/2022

ЛЮБАЯ РАҚОБАТ ҲАРАША

Шундай қилиб бугунги эфирда:

  • Ўзбекистонда бир нечта хусусий авиакомпаниялар иш бошламоқда
  • Ўзбекистондан Россияга қўшимча авиарейслар йўлга қўйилади
  • Тошкент халқаро аэропорти энг «стрессли» аэропортлар рўйхатига киритилди
  • АҚШ ва БААга кириш қоидалари ўзгарди
  • Ўзбекистонликлар Россия енгил саноат корхоналарига ишлашга жалб қилинади
  • Путин хорижликларга Россия армиясида хизмат қилишга рухсат берди

Ўзбекистонда бир нечта хусусий авиакомпаниялар иш бошламоқда

Рақобат – ажойиб нарса. Рақобат бор жойда нархлар арзонлашади, маҳсулот ва ҳизматлар сифати ошади. Ҳатто Ўзбекистонда ҳам. Яққол мисол, илгари Ўзбекистондан умра зиёратига бориш фақат давлат ташкилотлари томонидан ташкил этиларди. Нархлар 2000 доллардан кўп бўларди. Қўшни давлатлардаги нархларга термилиб ўтирардик. Ҳозир бу иш билан хусусий компаниялар ҳам шуғулланишмоқда. Бунинг натижасида 14 кунлик умра сафарини 1000-1350 долларга таклиф қилинаётганини ҳам кўриб турибмиз.

Демак, нархлар қиммат бўлишининг асосий омилларидан бири бу монополия. 2022 йил 1 октябр ҳолатига кўра 11 турдаги йўналиш бўйича 134 та ташкилот Табиий монополия субъектларининг Давлат реестрида рўйхатга олинган. Бу фақат табиий монополиялар. Бозорни эгаллаб олган ёки ўз фойдасига божхона қоидаларини чиқариб олган “UzAuto” каби доимий равишда халқимиз “дуосини олиб юрган” ташкилотлар ҳам талайгина.

Йиллар давомида муҳожирларимиз авиабилетлар нархлари қимматлигидан шикоят қилишади. Бунга сабаб қилиб Ўзбекистонда хусусий авиакомпаниялар йўқлиги айтиб келинади. Энди бу йўналишда ҳам яхши томонга ўзгаришлар бўлиши мумкин.

1 ноябрда Адлия вазирлигининг “Интеллектуал Мулк” маълумотлар базасида “Air Samarkand” товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун ариза пайдо бўлди. Ариза “Sam Air” МЧЖ томонидан топширилган. Компания фаолиятининг асосий тури ҳаво транспортида йўловчи ташиш ҳисобланади. Ушбу компанияни Самарқанд аэропортини бошқарувчи “Air Marakanda” МЧЖ га алоқаси бор. Устав капиталининг 51%и асосий таъсисчи Фазилов Бахтиёр Шуҳратович, қолган 49%и Ғофуров Баҳодир Исмоиловичга тегишли.

Компания Самарқандда жойлашган бўлиб, Европа, Осиё ва Россиянинг кўплаб йўналишларига парвозларни амалга оширади. Шу ҳафтадан бошлаб янги авиакомпания самолётларда учиш ва ерда хизмат кўрсатиш бўйича мутахассисларни ишга қабул қилишни бошлаган.

Декабрь ойидан  бошлаб эса яна бир Panorama Airways хусусий авиакомпанияси Ўзбекистонда иш бошлайди. Panorama Airways — Ўзбекистон авиачипталари бозорида 2021 йилдан бери танилган авиаташувчи. Бугунги кунда компания Ўзбекистон вилоятларига, шунингдек, Дубай, Жидда, Мадина, Москва, Санкт-Петербург, Рига, Тель-Авив ва Сеул шаҳарларига парвозларни режалаштирмоқда. Ҳозирда Panorama Airways авиапаркида 2 та Airbus A-320 ҳаво кемаси бор. Йил охиригача компания эса 2 та Boeing-777 самолётларини олади.

Ҳозирда Ўзбекистонда 1998 йилда ташкил қилинган ва 2021 йилгача юк ташиш билан шуғулланган “Qanot Sharq” хусусий авиакомпанияси фаолият кўрсатмоқда. Компания Тошкент ва Самарқанддан Москва, Воронеж, Киев, Сочи, Шарм-эль-Шейх ва Шаржа ҳамда Ўзбекистоннинг Фарғона каби маҳаллий шаҳарларига авиақатновларни йўлга қўйган.

Бундан ташқари, октябр ойида Ўзбекистондаги аэропортларни бошқарувчи “Uzbekistan Airports” компанияси “Silk Avia” номли маҳаллий авиакомпания тадимотини ўтказганди.

Муносабат

Ўзи бу “Uzbekistan Airways” деган валломат компанияга инсоф кириб, авиабилетлар нархини туширишига умид йўқ. Маҳаллий хусусий авиакомпанияларнинг кўпайиши ва Ўзбекистон бозорига четдан компанияларнинг кириб келишигина рақобат ҳосил қилиб, нарх тушишига олиб келиши мумкин. Пандемия пайтида чартер рейслар кўпайганида бунга гувоҳ бўлгандик. 5000 рублга Москвадан келган пайтларимиз ҳам бўлди. Албатта, булар ўзаро келишиб, нархни сунъий равишда ушлаб туришмаса.   Аслида “Uzbekistan Airways” компаниясини аллақачон хусусийлаштириб юбориш керак эди. Нима бўлганда ҳам бу қўштирноқ ичидаги миллий компания доимо муҳожирларимизнинг дуоларида эслаб турилади

 Ўзбекистондан Россияга қўшимча авиарейслар йўлга қўйилади

Ўзбекистондан авиабилетлар нархи арзонлашишига рейслар сонининг кўпайиши ҳам таъсир қилиши мумкин.

Utair авиакомпанияси Москвадан Самарқандга рейслар сонини оширмоқда. Эндиликда Россия пойтахтидан Самарқандга парвозлар сони ҳафтасига тўрттага етказилади. Парвозлар душанба, сешанба, чоршанба ва шанба кунлари амалга оширилади. Utair Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари: Бухоро, Тошкент ва Фарғона вилоятларига ҳам парвозларни амалга оширади.

2022 йил 24 ноябрдан бошлаб эса Uzbekistan Airways авиакомпанияси Намангандан Оренбургга қатновларни тикламоқда. Парвозлар ҳафтанинг пайшанба кунлари амалга оширилади. Авиачипталар нархи 1 692 963 сўмдан бошланади.

 Тошкент халқаро аэропорти энг «стрессли» аэропортлар рўйхатига киритилди 

Ўзимиздаги аэропортларда кимдир ғашингизга тегса ёки нимадандир норози бўлсангиз, билингки бу фақат бизнинг аэропортларда учрайдиган ҳолат эмас.

Hawaiian Islands ахборот портали дунёдаги стресс даражаси энг юқори бўлган аэропортлар рейтингини тузди. Рейтингда Британиянинг Манчестер шаҳри аэропорти биринчи ўринни эгаллади – интернетда ушбу маскан ҳақидаги шарҳларнинг қарийб 82,5 фоизида салбий маълумотлар ёки шикоятлар бор. Йўловчилар шарҳларда «шармандалик», «етишмаслик», «навбатда туриш» ва «фарс» сўзларини энг кўп ишлатишган. Стресс даражаси юқори бўлган иккинчи аэропорт Грециянинг Ираклион шаҳридаги «Никос Казандзакис» ҳаво порти (82,12 фоиз) бўлди, учинчи ўринда Англия пойтахти Лондон шаҳридаги Станстед ҳаво порти (77,5 фоиз). Улардан кейинги ўринларни Канаданинг Торонто, Франциянинг Бордо, Англиянинг Лутон ва Бристоль, Германиянинг Берлин, Белгиянинг Брюссель аэропортлари эгаллаган.

Hawaiian Islands ахборот портали рейтингига кўра, Ўрта Шарқ ва Марказий Осиё ҳудуди бўйича энг стрессли аэропорт – Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Сабиҳе Гўкчан аэропорти (62,65 фоиз) ҳисобланади. Исроилнинг Бен Гурион аэропорти (53,58 фоиз) иккинчи, Туркиянинг Анталия аэропорти (53,04 фоиз) учинчи ўринда қайд этилган. Шунингдек, рўйхатда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ҳам бўлиб, 46,02 фоиз кўрсаткич билан 7-ўринда қайд этилган. Рейтингда Қозоғистоннинг Олмаота аэропорти (46,84 фоиз) бешинчи, Чимкент аэропорти (40,03 фоиз) ўн тўртинчи, Астана аэропорти (35,96) йигирманчи, Қирғизистоннинг Манас аэропорти (37,48 фоиз) ўн олтинчи ўринга лойиқ кўрилган.

Рейтингни тузишда тадқиқотчилар дунёнинг 500 дан ортиқ аэропортлари бўйича Google платформасида қолдирилган 1500 дан ортиқ шарҳларни ўрганиб чиқишган. Аэропортлар норозиликлар частотаси ва шикоятлари сонига қараб тартибланган.

Муносабат:

Охирги пайтларда бундай рўйхатлардан тез-тез ўрин оляпмиз. Хавонинг ифлосланиши бўйича биринчи ўринга чиқиб олганимиз ҳам сўзимиз исботи ҳисобланади. Рейтингга кирсак ҳам аэропортларимиздаги тушунарсиз қоидаларни бекор қилсак яхши буларди. Мисол учун, Ўзбекистон аэропорт ва вокзаллари ичига билети йўқ одамни қўйишмайди, юк аравалари етарли эмас. Юки кўп одам арава тополмай, бир ўзи 100-200 метр жойга юкини кўтариб боради. Негадир, Москвадаги аэропортда бу каби тушунарсиз қоидалар йўқ.  Умид қиламизки, бизнинг мутасаддилар ҳам дунё кўриб, ривожланган мамлакатлар аэропортларининг яхши томонларини ўзимизда жорий қилишади.

АҚШ ва БААга кириш қоидалари ўзгарди

Бизда коронавирус деган балони унутиб ҳам юбордик ҳисоб. Лекин, ҳамма жойда ҳам бундай эмас.

Хусусан, Америка Қўшма Штатларига келаётган 2 ёшдан юқори бўлган барча йўловчилар COVID-19 га қарши эмланганлиги тўғрисидаги ёки эмланишдан озод қилинганлиги ҳақидаги анкетани тўлдиришлари керак. Ушбу қоида 8 ноябридан бошлаб АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази (Centers for Disease Control and Prevention, CDC) ва Транспорт хавфсизлиги бошқармаси (Transportation Security Administration, TSA) кўрсатмасига биноан жорий қилинган. Бу талаб АҚШ фуқаролари ва АҚШ да ҳужжат олган имигрантлар учун амал қилмайди. Мазкур анкета ҳаво кемасига чиқишдан олдин авиакомпания вакилларига тақдим этилиши лозим. Анкетани тўлдирмаслик, нотўғри ва ёлғон маълумотларни келтириш рейснинг кечикишига, йўловчининг парвоздан четлаштирилишига ва келажакда АҚШга киришга рухсат берилмаслигига олиб келиши мумкин. Шунингдек, бундай йўл тутган ҳамда анкетага маълумот киритиш талабларига риоя қилмаган йўловчи АҚШнинг федерал қоидаларига кўра жиноий жавобгарликка ва қамоқ жазосига тортилиши мумкин.

БАА га кириш учун эса сайёҳлик ёки меҳмон визасига эга бўлган йўловчилар икки томонлама, яъни борди-келди авиачипталарга эга бўлиши керак. Мазкур талаблар 11 ноябрдан бошлаб кучга кирган.

Ушбу чора биринчи навбатда визасиз режимдан фойдаланиб БААда узоқ муддат қолиб кетиши мумкин бўлган хорижлик фуқароларга қаратилган.

 Ўзбекистонликлар Россия енгил саноат корхоналарига ишлашга жалб қилинади

Гайдар номидаги иқтисодий сиёсат институти экспертлари ҳисоботида таъкидлаганишича, Россия ҳукумати сентябрь ойи охирида қисман сафарбарлик эълон қилганидан кейин Россия саноатида ишчиларнинг кескин танқислиги юзага келган — бу «сўнгги 30 йилдаги рекорд» бўлган. «Кадрларнинг энг катта танқислиги енгил саноат корхоналарида (-70 фоиз), машинасозликда (-35 фоиз) ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда (-25 фоиз) қайд этилган.

Шунинг учун ҳам Россия ҳукумати Ўзбекистон фуқароларини енгил саноатда ишлашга жалб қилишга қарор қилди. Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини қурилиш объектларига жалб қилиш кўламини кенгайтириш бўйича пилот лойиҳасига доир ҳукумат қарорига ўзгартиришлар киритилди.

Тузатишлар пилот лойиҳада иштирок этувчи меҳнат муҳожирлари сонига нисбатан чекловни олиб ташлайди. Илгари уларнинг сони қурилиш соҳасида 10 минг, агросаноат комплексида эса 1108 киши билан чекланган эди. Шу билан бирга, кўрикдан ўтиш ва коронавирусга қарши эмлаш талаби ҳам бекор қилинади: Ўзбекистон фуқаролари иш берувчилар ҳисобидан ташкилий ишга қабул қилиш лойиҳаси доирасида Ўзбекистонга жўнатилган россиялик шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтишлари кифоя қилади.

2021 йил 6 октябрда Россия ҳукуматининг ўзбекистонликларни қурилиш соҳасига жалб этиш бўйича пилот лойиҳаси тасдиқланган. Лойиҳа доирасида Ўзбекистондан 10 минг меҳнат муҳожирини ишга олиш режалаштирилган эди. Кейинчалик, Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу квота доирасида РФ агросаноат комплекси корхоналарида ишга ёллаш учун ишчиларни жалб қилишни таклиф қилди. 2022 йилнинг сентябр ойида пилот лойиҳа доироасида қурилиш ишларига 13,5 минг киши танлаб олиниб, 4,5 мингга яқин киши Россия ҳудудига юборилгани айтилган. Энди эса, РФ Саноат ва савдо вазирлиги ҳам пилот лойиҳа иштирокчилари қаторига киритилган.

Путин хорижликларга Россия армиясида хизмат қилишга рухсат берди

Россия президенти Владимир Путин 14 ноябрь куни чет эл фуқароларини мамлакат армиясида хизмат қилишга руҳсат беришни кўзда тутувчи фармонни имзолади.

Ҳужжат билан 1999 йилда тасдиқланган «Ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисида»ги низомга ўзгартиришлар киритилган. Хусусан, энди хорижликлар ҳам Россия фуқаролари каби шартнома асосида армияда хизмат қилишлари мумкин.

Россия фуқароларида бўлгани каби, тергов остида бўлган, судланган ёки айблов олиб ташланмаган хорижлик билан шартнома тузиб бўлмайди.

Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилгани учун маъмурий жазога тортилган чет эл фуқароси билан ҳам жазо муддати тугагунга қадар шартнома тузилиши мумкин эмас.

Бундан ташқари, иккинчи фуқароликка эга бўлган россияликлар ҳам ҳарбий хизматга армияга чақирилади. Илгари хизматга фақат Россия фуқаролари чақирилар эди.

Муносабат:

Россия президентининг ушбу қарори мигрантларни Россияда ҳарби хизмат ўташга мажбур қилмайди. Россия фуқароси бўлмасангиз, ҳеч ким сизни мажбурлаб армияга олиб кетмайди. Бу қарор билан чэт эл фуқароларига ихтиёрий равишда Россия армиясида хизмат қилиш имкони бериляпти. Чунки, шу пайтгача бундай норматив ҳужжат мавжуд бўлмаган. Амалда эса, бу ҳужжатсиз ҳам ҳизмат қилганлар бўлган. Шундан келиб чиқиб сизларни ҳеч қандай ваҳимага берилмасликка ва тинчгина ўз ишларинг билан шуғулланишга чақириб қоламан. Яна бир эслатма. Ўзбекистонда чэт давлат армиясида хизмат қилганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик бор.

Бу Migrantnews эди. Мигрантлар учун энг фойдали хабарларни бизнинг телеграм каналда кузатиб боришингиз мумкин. Албатта, ютюбга хам обуна бўлишни эсдан чиқарманг. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Ёдингизда тутинг сизни ватанда яқинларингиз кутмоқда.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация