Қирғизистон Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазири Худойберген Базарбаев Жанубий Кореяга ишлаш учун кетаётган қирғизистонликлар билан учрашди, деб хабар берди migranty.org.
Ваколатли давлат органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик меморандумига асосан 92 нафар қирғизистонлик фуқаронинг қонуний бандлиги ташкил этилди.
Худойберген Базарбаев қонуний ишга жойлаштириш Президент Садир Жапаровнинг “Миграция ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони доирасида амалга оширилаётганини таъкидлади.
“Бизга маълумки, бир пайтлар Жанубий Корея фуқаролари ривожланган давлатларга ишлагани боришган, кейин эса ўз ватанларига қайтиб, уни юксак ривожланган давлатлар даражасига олиб чиқишган. Туркия эса иккинчи жаҳон урушидан сўнг ўз фуқароларини Германияни тиклаш учун юборган ва у ердан тажриба орттириб қайтган мутахассислар замонавий Туркияни барпо этишган.
Бугун вазирлигимиз Япония, Буюк Британия билан шартномалар тузди, Германия билан ҳам ҳамкорлик битимини имзолаш кутилмоқда. Санкт-Петербургдаги меҳнат мигрантлари учун қулай шароит яратиб бериш имконига эга бўлган йирик компания вакиллари билан учрашувлар ўтказдик”,- деди вазир.
Таъкидланишича, Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш маркази томонидан 15 йил давомида 5000 нафардан ортиқ Қирғизистон фуқаролари Корея Республикаси корхоналарида иш билан таъминланганлар.
Айни пайтда 2000 нафарга яқин қирғиз фуқаролари Кореяда EPS дастури асосида меҳнат қилишмоқда. Уларнинг аксарияти озиқ-овқат ва қоғоз ишлаб чиқариш корхоналарида ишлашади.
Мигрантлар учун турар жойлар ва овқатланиш иш берувчи томонидан таъминланишини ҳисобга олинса, иш ҳақи 1800 АҚШ долларини ташкил этади.
Дастурнинг асосий талаби-мигрантларнинг корейс тилини билишлари зарурлиги. 2022 йилда корейс тили бўйича имтиҳонларда 1500 нафардан ортиқ фуқаро қатнашди, уларнинг 350 нафари синовлардан муваффақиятли ўтишди.