Мақола

910 13/02/2023

ЭНДИ ПОЕЗДДА КЕТАМИЗ

Шундай қилиб бугунги эфирда:

  • Туркиядаги ер қимирлаши оқибатида 1 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган, 4 нафар фуқаро бедарак йўқолган;
  • 2022 йилда Россияда мигрантларга қанча патент берилгани эълон қилинди.
  • Пермда мигрантлар учун таъқиқланган иш турлари маълум қилинди;
  • Россия бизнеси вакиллари миграция қонунчилигини соддалаштиришни сўради;
  • 2023 йилда меҳнат мигрантларини қизамиққа қарши эмлаш талаб этилади;
  • Консуллар қирғизистонлик муҳожирларни урушга ёлланмасликка чақирди;
  • Uzbekistan Airways Тошкентдан Омск ва Нижний Новгородга парвозларни амалга оширади;
  • Panorama Airways авиакомпанияси Тошкентдан Қозон ва Минводига парвозларни бошлади;
  • “Тошкент – Новосибирск – Тошкент” халқаро йўналиши қайта тикланди.

Туркиядаги зилзила оқибатида вайроналар орасидан яна икки ўзбекистонлик қутқарилди

Туркияда юз берган табиий офат бугунги кунда барчанинг диққат марказига айланди. Зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида Туркияга сафарбар этилган Ўзбекистон республикаси фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари Ҳатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлаган. Бу ҳудудда асосан 10 мингдан кўп этник ўзбеклар истиқомат қилади.

Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги Элчихонаси ва Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси томонидан фуқароларимизни табиий офат юз берган ҳудудларидан хавфсиз жойларга кўчириш ва мамлакатимизга олиб келишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

2023 йил 7 февраль Тошкент вақти билан соат 10:00 ҳолатига кўра, ер қимирлаши оқибатида Малатья вилоятида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани маълум. Бундан ташқари, тўрт нафар ҳамюртимиз бедарак йўқолган. Уларни топиш бўйича тезкор қидирув-қутқарув ишлари кетмоқда. Бу ҳамюртларимизнинг топилгани ҳақида расмий хабар ҳозирча йўқ.
Зилзила оқибатида зарар кўрган фуқароларимизга тегишли ёрдам кўрсатиш ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги Элчихонаси қошида 24 соат фаолият юритадиган штаб ташкил этилган.
Ер қимирлашидан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш учун Ўзбекистоннинг навбатдаги махсус борти Туркиянинг Ғозиантеп шаҳрига етиб борган.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жабрланганларга ёрдам бериш мақсадида идоранинг тиббий отрядига қарашли 50 нафар ходим хизмат қиладиган махсус дала шифохонаси ташкил қилади.

Қидирув-қутқарув операцияси бошланганидан буён 9 февралгача Ўзбекистон ФВВ қутқарувчилари томонидан жами 11 нафар жабрланган ва 33 нафар ҳалок бўлганлар вайроналар остидан чиқарилган.

Туркияга Ўзбекистондан 60 нафар ФВВ қутқарувчилари ва 3 та махсус авария-қутқарув техникаси юборилган. Улар 7 февраль куни жўнаб кетган.

Сўнгги маълумотларга кўра зилзила қурбонлари сони 21 минг 43 кишини ташкил этган, 80 минг 97 киши эса жароҳат олган.
2022 йилда Россияда мигрантларга қанча патент бергани эълон қилинди

Мигрантлар фаолияти бўйича 20 000 000 ҳужжат расмийлаштирилди

Россия Федерацияси дунёнинг кўплаб мамлакатлари фуқароларини ишлаш ва яшаш мақсадида жуда қизиқтиради. Бу ерга баъзилар вақтинча ишлаш учун келса, бошқалар Россия фуқаролигини олишни мақсад қилган бўладилар.

2022 йил натижаларини кўрсаткичлари билан танишинг:

  • Чет эл фуқароларига берилган визалар – 299 569;
  • мигрантларга берилган патентлар – 2 059 964;
  • ишлаш учун рухсатнома – 95 328;
  • вақтинчалик яшаш учун рухсатнома (РВП) – 174 243;
  • доимий яшаш учун рухсатнома (ВНЖ) – 286 220;
  • Россия фуқаролигини олганлар – 691 045;
  • Россияга кириш учун тақиқлар – 141 350 фуқарога нисбатан қўлланилди;
  • Миграция рўйхатига олинганлар – 16 870 094 нафарни ташкил этди.

Пермда мигрантлар учун таъқиқланган иш турлари маълум қилинди

Пермь ўлкаси губернаторининг 2023 йил 16 январдаги 2-сонли Фармони 2023 йил 27 январда кучга кирди. Унга кўра Пермь ўлкаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи чет эл фуқароларининг қайси касбларда ишлаши таъқиқланганлиги белгиланди.

Фармонга мувофиқ, Пермь ўлкаси ҳудудида баъзи фаолият турларига хорижлик ишчиларни жалб қилиш таъқиқланди.

Булар:

  • нефть ва газ қазиб олиш;
  • нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш;
  • ихтисослашмаган дўконларда чакана савдо билан шуғулланиш;
  • махсус дўконларда ичимликлар сотиш;
  • махсус дўконларда тамаки маҳсулотларининг чакана савдоси билан шуғулланиш;
  • хавфли юкларни ташиш.

Шунингдек чет эллик мигрантларга қуйидаги йўловчи ташувчи транспортларни бошқариш таъқиқланган:
• шаҳар ичида ва шаҳар атрофидаги транспортда, шаҳарлараро автобусларда, таксиларда ва ҳайдовчи билан ижарага олинган автомобилларда йўловчиларни ташиш мумкин эмас.

Фармон қонуний равишда Пермь ўлкасида бўлиб турган ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун патент олган барча чет эллик мигрантларга нисбатан қўлланилади.

Шу билан бирга, иш берувчилар Пермь ўлкасида берилган патентларнинг амал қилиш муддатини ва фармоннинг кучга кирган санасини ҳисобга олишлари шарт. Фармоннинг тўлиқ матни билан Пермь ўлкаси губернатори ва ҳукуматининг расмий веб-сайтида танишиш мумкин.

Пермь губернаторига ўзбек меҳнат мигрантлари нима ёмонлик қилишган билмадим. Балки баъзи ишларни маҳаллий аҳоли ҳам эплайди, деяётгандир. Аммо ижтимоий тармоқларда видеолари тарқалиб турадиган баъзи йўловчиларнинг келгинди такси ҳайдовчиларига ҳаддан ортиқ қўпол муносабатларини кўриб, юртдошларимиз шу ишлардан нари юргани ҳам маъқул деб ўйлаб қолади одам. Бу ҳам ҳали вақтинча. Пандемия пайтида меҳнат муҳожирлари тўлдириб турган айнан шу иш ўринлари бўшаб қолиб, одам топилмай, тоза дефицит бўлган эди. Россия фуқароларига қараганда мигрантлар меҳнатидан 50% маош тежаб қолишни ҳали соғинишади. Чунки Россия фуқароларини бу ишларга жалб қилиш учун ойликни бир ярим баробарга ошириш керак бўлади. Майли, ҳозирча ишлари битиб, эшагим лойдан ўтди, деб туришсинчи.

Россия бизнеси вакиллари миграция қонунчилигини соддалаштиришни сўради

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил –Борис Титов Россия Федерацияси Бош вазирининг ўринбосари Татьяна Голиковага хорижлик фуқаролар учун меҳнат патентининг амал қилиш муддатини 12 ойдан 36 ойгача оширишни таклиф қилди.

“Қонунда патент олиш учун аризани кўриб чиқишга белгиланган муддат 10 кундан ошмайди. Шунда ҳам, зарур бўлган барча ҳужжатларни тўплаш ва қайта ишлашга мигрантларнинг 20 кунгача вақти кетади”, дейди Титов.

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг сўзларига кўра хорижлик ишчилар ҳар йили янги патент олиш учун 30 кунгача вақт сарфлашлари керак бўлиб, бу вақт ичида улар иқтисодий айланмадан чиқиб кетишади.

Яъни, тадбиркорлар ҳам мигрантларнинг ишламай қолишларидан зарар кўрадилар ва бюджетга камроқ шахсий даромад солиғи тушади, чунки иш берувчи янги патентни рўйхатдан ўтказиш даврида чет эллик ишчилар учун солиқ тўламайди.
2023 йилда меҳнат мигрантларини қизамиққа қарши эмлаш талаб этилади.

Хорижлик ишчиларни қизамиққа қарши эмлаш янги талаб эмас. 2019 ёки 2020 йилларда эмлаш ёки қизамиққа қарши антитаналарни текшириш керак эди. Аммо пандемия даврида қизамиқ касаллиги иккинчи даражага ўтди.

Бугунги кунда эса Россияда қизамиқ касаллиги тарқалишининг олдини олиш ҳақида яна гапирилмоқда.

2023 йил 31 декабрга қадар иш берувчилар қизамиққа қарши эмланганлиги ҳақида маълумотномаси бўлмаган, қизамиқ касаллиги билан оғримаган ишчиларнинг вакцинациясини таъминлаши шарт. Иш берувчи энди чет эл фуқароларини эмлаш учун юбориши ёки қизамиққа қарши антитаналар мавжудлигини тасдиқловчи маълумотномага эга бўлиши керак.

Агар чет эл фуқароси эмлама олган бўлса, эмланлигини тасдиқловчи ҳужжатдан бошқа нарса талаб қилинмайди. Лекин маълумотномада эмлаш санаси кўрсатилиши шарт. Вакцинация олинмаган бўлса, ишчи қизамиққа қарши антитаналар мавжудлигини текшириш учун синовдан ўтиши керак.

Чет эллик ишчилар иш берувчига қизамиққа қарши антитаналар мавжудлиги ҳақидаги тиббий маълумотнома тақдим этса, у қачон берилганлигини текшириш керак.

Бундай маълумотноманинг амал қилиш муддати – бир йил, бундай ҳужжат ишчининг 10 йил давомида қизамиққа иммунитети бўлишини кўрсатади. Аммо сертификат чет эллик фуқарода иммунитет қачон пайдо бўлганини аниқ кўрсатмаганлиги сабабли, бундай тестни ҳар йили топшириш керак бўлади.

Агар иш берувчи ишчига бундай сертификатсиз ёки эмланганлиги ҳақидаги маълумотномасиз ишлашига рухсат берса, у Россия Федерациясининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 6.3 моддасига асосан жаримага тортилади.

Консуллар қирғизистонликларни урушга ёлланиш учун шартнома имзоламасликка чақирди

Қирғизистон дипломатлари Россида судланган қирғизистонликлар билан учрашишда давом этмоқда. Консуллар ҳозирда Россия қамоқхоналарида жазо ўтаётган 450 нафар қирғизистонлик билан суҳбатлашганлар.

Дипломатлар ҳар бир маҳбусга жазо ўташни Қирғизистонга ўтказиш тартиби жараёнларини тушунтирувчи хатлар юборишади.

2022 йилда дипломатлар Татаристон, Бошқирдистон, Мордовия, Ёқутистон, Красноярск ва Хабаровск ўлкаларида, Москва, Самара, Воронеж, Тверь, Оренбург, Липецк. Рязань, Мурманск, Владимирь, Амур вилоятларида ва шунингдек Ханти-Мансийск автоном округида жазо ўтаётган Қирғизистон Республикаси фуқаролари ёнига ташриф буюришди. Россия Федерациясида жами 1077 нафар Қирғизистон фуқароси жазони ўтамоқда.

Uzbekistan Airways Тошкентдан Омск ва Нижний Новгородга парвозларни амалга оширади

Uzbekistan Airways авиакомпанияси 2023 йил баҳор-ёз учиш мавсумидан бошлаб Тошкентдан Россия Федерациясининг иккита шаҳрига янги йўналиш бўйича авиақатновлар сонини оширмоқда.

Авиакомпания Тошкент–Омск–Тошкент йўналиши бўйича 26 мартдан ҳафтасига бир марта, якшанба кунлари, шунингдек, Тошкент–Нижний Новгород–Тошкент йўналиши бўйича 28 мартдан ҳафтасига икки марта, сешанба ва шанба кунлари мунтазам парвозларни аималга ошира бошлайди.

Авиакомпания томонидан “Шарқий” хабни ривожлантириш лойиҳаси доирасида Намангандан авиақатновлар сони ҳам кўпайтирилмоқда. Шу йилнинг 27 мартидан бошлаб Наманган – Оренбург–Наманган йўналиши бўйича ҳам парвозлар тикланади. Тўғридан-тўғри мунтазам авиақатновлар ҳафтада бир марта душанба кунлари амалга оширилади.
31 мартдан бошлаб эса Uzbekistan Airways ҳафтада бир марта, жума кунлари Наманган–Нижневартовск–Наманган йўналиши бўйича янги рейсларни йўлга қўяди.

Тошкентдан ва Намангандан парвоз қилувчи санаб ўтилган барча авиақатновлар авиакомпаниянинг кам бюджетли йўловчи авиаташувчи ҳисобланган Uzbekistan Airways Express бренди остида амалга оширилиб, авиация бозорида йўловчилар учун ҳамёнбоп нархдаги авиачипталарни тақдим этади.

Авиачипталарни авиакомпаниянинг расмий сайтидан 3% чегирма билан, Uzbekistan Airways Sales филиалидан, “UzAirways” мобил иловаси орқали ва авиакомпания агентларидан харид қилиб олиш мумкин.

Panorama Airways авиакомпанияси Тошкентдан Қозон ва Минводига парвозларни бошлади

Panorama Airways авиакомпанияси Тошкент–Қозон йўналиши бўйича мунтазам рейсларни йўлга қўйди.
Янги авиаташувчи шаҳарлар ўртасидаги биринчи парвозни 2 февраль куни амалга оширди. Йўналишга 144 ўринли Airbus А320 самолётлари хизмат кўрсатади. Парвозлар ҳафтада бир марта – чоршанбадан пайшанбага ўтар кечаси амалга оширилади.

Жадвал (ҳар икки аэропорт учун маҳаллий вақтда):

• Тошкентдан учиш — 23:50,
Қозонга келиш — 01:10;
• Қозондан учиш — 02:40,
Тошкентга келиш — 07:50.

Panorama Airways авиакомпанияси аввалроқ Тошкент – Минеральние води йўналиши бўйича авиарейсларни йўлга қўйишини маълум қилганди. Мазкур йўналишдаги авиарейслар ҳар чоршанба куни учади. Эндиликда авиакомпания Россиянинг бошқа шаҳарларига – Самара, Новосибирск ва Екатеринбургга парвозларни йўлга қўйишга тайёрланмоқда.
3 февралдан бошлаб авиаташувчи Тошкентдан Дубайга ҳафтасига уч марта – сешанба, жума ва якшанба кунлари парвоз қилишни бошлади. Бир томонга чипта нархи 250 доллардан бошланади.

Жадвал:
• Тошкентдан учиш — 21:00,
Дубайга етиб келиш — 23:40;
• Дубайдан учиш — 01:10,
Тошкентга келиш — 05:10.

2023 йилнинг 2 февраль кунидан 369/370 сонли “Тошкент — Новосибирск — Тошкент” йўналишида халқаро поезд қайтадан ўз ҳаракатини бошлади.

Ушбу йўналиш қатнови 2020 йилда пандемия сабабли тўхтатилган эди. Йўловчиларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда бугунги кунга келиб ушбу йўналиш қайтадан тикланди.

Поезд таркиби 11 та вагондан иборат бўлиб, 3 та купе, 7 та плацкарт ва 1 та вагон-ресторани бор. “Тошкент-Новосибирск” йўналишидаги 369-сонли йўловчи поезди 2023 йилда мана бу жадвалда ҳаракатланади:

  • Февраль ойида 2, 10, 18, 26-кунлари;
  • Март ойида 2, 6, 10, 14, 18, 22, 26, 31-кунлари;
  • Апрель ойида 4, 8, 12-кунлари;
  • Май ойида 6, 14, 31-кунлари;
  • Июнь ойида 4, 12, 20, 28-кунлари;
  • Июль ойида 6, 14, 22, 31-кунлари;
  • Август ойида 8, 16, 24-кунлари;
  • Сентябрь ойида 2, 6, 26-кунлари;
  • Октябрь ойида 12, 24, 28-кунлари;
  • Ноябрь ойида 2, 6, 10, 14, 18, 22, 26, 30-кунлари;
  • Декабрь ойида 4-куни.

“Новосибирск-Тошкент” йўналишида ҳаракатланадиган 370-сонли йўловчи поездининг 2023 йилдаги жадвалини ҳам кўриб олишингиз мумкин.

  • Февраль ойида 5, 13, 21-кунлари;
  • Март ойида 1, 5, 9, 13, 17, 21, 25, 29-кунлари;
  • Апрель ойида 3, 7, 11, 15-кунлари;
  • Май ойида 9, 17-кунлари;
  • Июнь ойида 3, 7, 15, 23-кунлари;
  • Июль ойида 1, 9, 17, 25-кунлари;
  • Август ойида 3, 11, 19, 27-кунлари;
  • Сентябрь ойида 5, 9, 29-кунлари;
  • Октябрь ойида 15, 27, 31-кунлари;
  • Ноябрь ойида 5, 9, 13, 17, 21, 25, 29-кунлари;
  • Декабрь ойида 3, 7-кунлари қатновини амалга оширади.

Мазкур йўналишга чипталарни йўловчилар нафақат темир йўл чиптахоналаридан, балки электрон тарзда chipta.railway.uz сайтидан харид қилишлари мумкин.

Бу Migrantnews эди. Мигрантлар учун энг фойдали хабарларни бизнинг телеграм каналда кузатиб боришингиз мумкин. Албатта, ютюбга хам обуна бўлишни эсдан чиқарманг.

Қаерда бўлсалар ҳам бизнинг муҳожирлар соғ-омон бўлишсин. Ўзингизни эҳтиёт қилинг, сизни ватанда яқинларингиз кутмоқда. Кейинги ҳафтагача ҳайр!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация