«Анча йиллар олдин ишим билан Москва шаҳрига бордим. У ерда беш-ўн кун юрар эканман, ишимдан бўш пайтимда Москванинг диққатга сазовор жойларини бориб кўришга ҳаракат қилдим. Шу жумладан Москвадаги масжидларни ҳам. Масжидларга асосан намоз пайтида боришга ҳаракат қилардим. Намозни ўқиб бўлиб, кейин масжидни бафуржа томоша қилиб кетардим.
Шундай кунларнинг бирида бориб кўрмаганим охирги масжидга пешин намозини ўқиш учун, ҳам масжид зиёрати учун жўнадим. Намоз ўқилишидан ярим соат олдин масжид олдига етиб бордим. Масжидни эшигига озгина масофа қолганда йўлимни бир ўзимизнинг лўлилардан бири тўсди ва русчалаб салом берди, мен алик олдим. У мени кўринишимни кўриб кавказликками, арабгами ўхшатди шекилли, рус тилида «Мен фалон давлатдан келганман, сен кўринишингдан савобталаб одамга ўхшаяпсан. Ўша юртни фалон жойиданман. (Вилоятлардан бирини айтаяпти) Юртимда, ўша яшайдиган жойимда масжид қурилаяпти, давлатимиз ва сахий одамлар ёрдам беришаяпти, аммо масжид жудаям катта ва баҳайбат қурилаётганлиги туфайли барибир маблағ етмаяпти. Шунга сен ҳам баҳоли қудрат ҳиссангни қўшсанг яхши бўларди. Қанча тез ва қанча катта маблағ йиғилса масжид қурилиши шунча тез битади» деб қолди.
Уни русчани ниҳоятда бузиб, зўрға тутилиб-тутилиб гапирган гапини охиригача сабр қилиб эшитдим-да, кейин юзига индамай бирпас қараб турдим. Ёлғон гапираётганлиги аниқ. Чунки у айтаётган вилоятда унақа масжид қурилмаётганини яхши биламан. Демак, бу нокас мана шунақа масжидлар олдида туриб олиб, ёлғон гапириб, юртимиз обрўсини тўкиб, шу баҳона ҳар кимлардан тиланиб пул сўраб юрибди. Адашмасам бу ишни биринчи марта ҳам, тахминимча охирги марта ҳам қилаётгани йўқ. Олдиндан шу иш билан шуғулланади ва олдиндан шу «масжид қурилиши» баҳонасида ҳар кимлардан пул ундириб юрган.
Унинг юзига бирпас қараб турдимда, чўнтагимдан пул чиқариб қўлига тутқаздиму, кейин у ҳам тушунадиган она тилимда «Нега ёлғон гапирасан, сен айтаётган жойда масжид қурилаётгани йўқ-ку! Сен тиланчи лўлисан-ку! Мана бу пулни ол, аммо бошқа тиланган пайтингда мамлакатимизни номини ҳам тилга олма, масжид ҳақидаги эртакни эса умуман гапирма. Акс ҳолда, яна шу ёлғонингни айтаётганингни кўрсам мелисага топшириб юбораман» дедим.
Тушунадиган тилида гапирганим ва мелисани номини эшитиб у лўлини юзи қизариб кетди. У менга ҳа ҳам демади, ҳу ҳам. Овози ўчди. Мен бошқа унга эътибор бермай масжид эшигига қараб юрдим. Лўли йигит менга эргашиб орқамдан бораверди. Шу пайт хаёлимда «қара-я лўли бўлсаям инсофи ва виждони бор экан, гапимни эшитиб орқамдан масжидга кириб, намоз ўқиб тавба қилиш учун юрди» деб ҳам, ўйлаб қолдим.
У орқамдан келар экан мен туфлигимни ечиб, бир четга қўйиб масжид ичкарисига кириш учун эшик тарафга юрдим. Эшикни очиб ичкарига кирар эканман, лўлига қараш учун ортимга бурилдим. Шу пайт лўли йигит ўзини эски ва қийшайиб қолган туфлисини ечиб, мен ечиб қўйган туфлимни оёғига кийди-ю кўчага ўқдай отилиб чиқиб кетди. Бирпас нима қиларимни билмай серрайиб қараб қолдим. Хаёлим ўзига келганда эса у аллақачон масжиддан узоқлашиб, кўринмай кетиб бўлган эди. Туфлим қиммат пулга олинган эди. Аммо энди уни қувишдан ҳам, қидиришдан ҳам фойда йўқ эди.
Тақдирга тан бериб, масжидга кириб намозни ўқиб чиқдим. Чиқиб лўли йигит қолдириб кетган қийшайиб қолган туфлини кийдим. Қарасам таги тешиклиги туфайли ёмғирли ҳавода ичи сувга тўлган. Пайпоғим ва оёғим ҳўл бўлиб, шу ҳолда масжид яқинидаги оёқ кийимлар дўконидан бориб, оёғимга лойиқ янги туфли ва пайпоқ сотиб олдим. Қайтиб масжидга келиб таҳоратхонасида оёғимни ювиб, янги туфли ва пайпоғни кийиб масжиддан чиқиб кетдим.
Ишларимни битириб юртимизга қайтиб келдим. Ишларим билан чалғиб, у воқеалар эсимдан ҳам чиқиб кетди.
Кунлардан бир кун ишим юзасидан қўшни вилоятга боришга тўғри келиб қолди. Ёнимга бир дўстимни олиб, ўзимни машинамда жўнадик. Икки вилоятни ўртасида йўл тоғдаги довон орқали ўтар эди. Довондан чиқишга чиқдик-у, тушишда машинамизни созлиги бироз панд бериб йўлда тўхтадик. Дўстим билан бирпас оёғларни чигилини ёзайлик, кейин биронта машинадан илтимос қилсак яқин устахонагача шатакка олиб тортиб оборар деб йўл четида бироз гаплашиб қолдик. Шу пайт довонни тепасидан бир машина тутунни бурқситиб тушиб келаверди. Олдимизга келиб эса пақ-пақ этиб овоз чиқарди-ўчди. Қарасак, ҳаммаёғи чириб, пачоғи чиқиб, бўёқлари кўчиб тушиб кетган эски бир «Москвич» машинаси экан. Бу машина довонни тепасигача қандай чиққан ҳайронман.
Машина тўхтагандан кейин, ундан лўли миллатига мансуб бир йигит тушди ва бизни олдимизга келиб, биздан машинасини тузатиш учун калитларни бериб туришимизни сўради. Калитларни олиб бериш учун машинамни юкхонасини очар эканман бу лўли йигитни башараси ва овози менга таниш туюлди, аммо уни қайерда кўрганимни қанча эслашга ҳаракат қилсам ҳам эслай олмасдим. Машинани юкхонасидан эгилиб калитларни олар эканман ёнимда тургани учун кўзим уни оёғидаги бефаросатларча кийилаверганлигидан эзилиб, пачоғи чиқиб кетган туфлисига тушди.
Эсладим.
Ҳа бу йигитни эсладим.
Бу ўша Москвада туфлигимни ўғирлаб кетган лўли йигит эди. Оёғидаги пачоқ туфли ҳам ўша қиммат туфлигим эди.
Калитларни уни қўлига берар эканман, уни башарисига беўхшовроқ кулимсираб қарадим. У бу кулимсирашимдан ҳайрон бўлгандай бўлди, аммо ошиқча савол сўрамади. Калитларни олди-ю «танка»си томон кетди.
Дўстимни олдига бориб унга кулиб-кулиб ўша Москвадага воқеани айтиб бердим. Шунда дўстим ҳозир бориб лўли йигитга ўша воқеани эслатиб, оёғидан эски бўлса-да ўша туфлигимни ечиб олиб, уни оёқяланг қолдиришни ва бу унга сабоқ бўлишини ва бошқа бу ишни кейин такрорламаслигини айтди. Мен рози бўлмадим. «Қўй дўстим, уни ўзи шундоқ ҳам уни Худо уриб мана шунақа феъли туфайли «остин қўл» қилиб қўйибди. Умри харобликда тиланчиликда ўтиб кетаяпти. Унга шу жазони ўзиям етади» деб уни бу ишни қилишдан қайтардим. Айни чоқда бу лўли йигитга насиҳат ҳам қилишни лозим топмадик. Чунки, агар ўша воқеани унга эслатишни ҳоҳламаск, ҳозир буни тиланчиликни устида кўрганимиз йўқ. Шундай экан, нима деб ҳам насиҳат қилардик.
Бирпасдан кейин у машинасини амаллаб юрғизиб олди, калитларни бериб раҳмат айтиб йўлида кетди.
Бироздан кейин биз ҳам йўловчи машиналардан бирига илтимос қилиб мошинамизни шатакка олдириб довондан тушиб кетдик.
Ўшандан бери тиланиб юрган лўли йигитларни кўрсам, ўша лўли йигит эсимга тушади».
Манба: yuldoshgayrat.blogpost.ru