Maqola

4 594 02/06/2016

04.12.52

Мадина Шамсиддинова,

Санкт-Петербург.

Мусофир юртда ҳам ким нимани изласа албатта топади. Мен ўзим излаганимдан ортиғини ҳам топдим. Ҳаётим давомида излаган сокинликни, пулга сотиб олиб бўлмас ҳис ва туғён, чидам, сабр, Худонинг ҳар бир кунига кўнишни ҳам топдим.

Ҳаммани йўқотиб қадрига етар ҳисни туйдим юракдан…

Менинг болалик йилларим етар-етмас оилада ўтди. Буни авваллари  ночорлик дердим, энди бойлик деб ўйлайман.

 Ҳаётда ҳеч қачон биз хоҳлаган нарса бўлмайди.

Ҳозир нимаики юз берса-да, тақдирдан деб қабул қиламан. Мусофирлик, хасталик менинг қисматим эди…

Икки ўғилнинг онасиман. Болаларим ким бўлишини баъзида тасаввур этиб кўраман…
Етимлик болани тез улғайтиради, дейишади. Фикран тез ўсади, тезда қандай яшашни мўлжалини олади. Бир-икки йиқилганда атрофдан нажот кутади, ёрдам қўли чўзилмаса ўрнидан ўзи туришга ҳаракат қилади.

Мен болаликдан ўзим йиқилиб ўзим ўрнимдан турганман. Болаларимга хам шу имкониятни берди Худо.

Хуллас, мен уларни пул билан таъминлайман, аммо меҳр бера олмайман. Оилада ҳам эркак, ҳам аёлман.

Эрим билан ажрашдим. Ўз вақтида ҳиёнатини кечира олдим, аммо менга учинчи эркакни боқиш малол келди. Бир ўғлим холам билан вилоятда. Кичик ўғлим отаси билан пойтахтда отаси билан қолишни хоҳлади, рухсат бердим. Бу билан собиқ эримга ўзимни эслатиб туришни ҳам хоҳладим, чамаси.

Ўғлим менга ўхшайди феъл-атвори жиҳатидан ҳам, қош-кўзлари ҳам. Ҳозир расм чизади, аъло ўқийди, шеър ёзади, расм чизади. Яқинда домла ёрдамида Қуръон ўқишга тушди. Балки ёнида бўлсам бундан ҳам яхши бўлмасмиди, деб ўйлайман. Аммо, начора! Отаси оила боқишдан кўра, энагаликни афзал билса айб менда ҳам эмасдек.

Мусофирликда энг оғир кечинма ва азоб – соғинч. Қондириб бўлмас чанқоқдек бу ҳис. Юракни то тонг қадар анордек эзғилайди. Кун бўйи қирмиз қондек томчи…томчи…томчи бўлиб томиб ошкор этади. Баъзан тўйиб шароб ичгинг, хеч ким йўқ жойда бор овозда бақириб йиғлагинг келади ҳам…

Бундай пайт ўзимни чалғита оламан: шеър ёзаман, мусиқа эшитаман. Қайси бир мусофир қўнғироқ қилиб битмас-туганмас дардини айтганда, ўз кунимга шукур қиламан. Менинг куним бошқаларнинг кунидан кўра яхшироқдек кўринади, лекин мусофирнинг дардлари битта – сабр.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya