2022 йил январидан мартига қадар ЕИга 40 минг мигрант кирган.
Euronews – Европанинг кундалик ахборот телеканали Европа Иттифоқининг Чегара ва соҳилбўйини қўриқлаш агентлигига (Frontex) таяниб хабар қилишича, 2022 йилнинг дастлабки уч ойида айни иттифоққа киришга уринганлар сони 2016 йилдан бери энг юқори даражага етган.
Frontex агентлигига кўра, 2022 йил январидан мартига қадар ЕИга 40 минг мигрант кирган ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 57 фоиз кўпдир. Бунга ЕИ чегарасини махсус ўтиш жойлари орқали кесиб ўтган украиналик қочқинлар кирмайди. Мигрантлар ЕИ чегараларини аскарият ҳолларда Ғарбий Болқон, яъни Хорватия ва Греция орқали кесиб ўтмоқда.
Ла-Манш бўғозини кесиб ўтиб, Франциядан Буюк Британия бораётган мигрантлар сони бир йил олдингига нисбатан 190 фоиз ўсди, дея қўшимча қилади Frontex.
“Буюк Британия яқинда ушбу мамлакатга ноқонуний кириб келаётган пайтда ушланган кишиларни Руандага жўнатиш учун ушбу мамлакат ҳукумати билан баҳсли битим тузди. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон бу “контрабандистларни тўхтатиш” учун зарур экани ҳақида баёнот берди. Халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари бу режани “мутлақо ўйланмаган” деб қоралади”, деб ёзади мақола муаллифи Жошуа Аскю.
Мақолада қайд этилишича, “Frontex Шарқий Европада қайд этган чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари бошқа барча миграция маршрутлари билан солиштирганда, 714 фоиз ортган”. Бунга Украинанинг айрим фуқаролари ЕИ чегарасини рухсат этилмаган жойлардан кесиб ўтишга уринишлари сабаб бўлган. Лекин аксарият украиналиклар чегарани кесиб ўтишга мўлжалланган доимий жойлардан ЕИга кирган.