Maqola

849 21/08/2022

Ўзбекистонда  Uzbekistan airways АЖни хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш учун профессионал консалтинг компанияси танлаб олиш юзасидан танлов эълон қилинди. Танлов ҳақида Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, Ўзбекистон фуқаро авиацияси тармоғида активларни хусусийлаштириш қуйидаги мақсадларга эришишга қаратилган:

  • тармоқда рақобатни ривожлантириш ва унда давлат иштирокини қисқартириш;
  • табиий, молиявий, техник ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
  • тармоқни ривожлантириш учун хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳажмини кўпайтириш.

Компания “O’zbekiston havo yo’llari” миллий авиакомпанияси хизмат кўрсатиш белгиси ва савдо белгиси мутлақ ҳуқуқий вориси ҳисобланади, деб хабар беради “Кун.уз”.

Uzbekistan airways – Ўзбекистон авиацияси ва халқаро қоидалар низомига мувофиқ йўловчиларни ва ҳар қандай турдаги почталарни ҳаво кемалари орқали ташиш бўйича хизматларни тақдим этади.

Uzbekistan airways 50 дан ортиқ белгиланган йўналишларда, Европа, Осиё ва Шимолий Америка мамлакатларига мунтазам равишда рейсларни амалга оширади. Авиакомпания ваколатхоналари 20 дан ортиқ шаҳарларда фаолият кўрсатади.

Компания асосий фаолиятидан ташқари, Uzbekistan airways’га тегишли “UZBEKISTAN AIRWAYS TECHNICS” МЧЖ (ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш), “UZBEKISTAN HELICOPTERS” МЧЖ (махсус авиация), “O‘QUV-MASHGULOT MARKAZI” МЧЖ (таълим фаолияти) ва “KETRING” МЧЖ (борт учун озиқ-овқатлар етказиш) каби таркибий корхоналари мавжуд.

2021 йил якунига кўра компания 6,3 трлн сўм миқдоридаги соф тушумга, 53,7 млрд сўм миқдоридаги соф фойдага, 4,2 трлн сўм миқдоридаги устав капиталига эга.

Барча маҳаллий ва хорижий талабгорлар жорий йилнинг 17 сентябрь соат 18:00 га қадар буюртма бўйича ўз таклифларини тақдим этишлари мумкин.

Компаниянинг марказий офиси Тошкент шаҳар, Миробод тумани, А.Темур кўчасида жойлашган.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya