Мақола

2 946 15/06/2023

Халқаро валюта жамғармаси раҳбари ўзбекистонликларга жамғармаларини қайси валютада сақлашни тавсия қилди.

ХВЖ бошқарувчи директори Кристалина Георгиева Ўзбекистон Марказий банкидаги норасмий мулоқот чоғида жамғармаларни долларда сақлашни тавсия қилди.

ХВЖ раҳбарининг тушунтиришича, АҚШ валютасининг устунлиги АҚШ иқтисодиёти ва молиявий капитал бозорлари ҳажми билан боғлиқ. Агар АҚШ иқтисодиёти мустаҳкам позицияни сақлаб қолса, доллар энг кўп талаб қилинадиган валюта бўлиб қолади.

Георгиева сўнгги ўн йилликларда долларнинг халқаро захиралардаги роли 70% дан 58% гача пасайганини таъкидлайди. Бу захирадаги улуши 20 фоизгача кўтарилган евро, шунингдек, Швейцария франки, Австралия доллари ва Хитой юанининг позициясини мустаҳкамлади.

“Тўловлар миллий валютада амалга оширилаётган савдо операциялари кўпаймоқда. Бироқ, яқин келажакда доллар бошқа валюталар орасида етакчи ролини йўқотиши эҳтимолдан йироқ”, — деган ХВЖ раҳбари дунё ўзгараётганини ва буни ҳам ҳисобга олиш кераклигини таъкидлаган.

Кристалина Георгиева президент маслаҳатчиси ўринбосари Тимур Ишметовдан Ўзбекистон аҳолиси қонуний равишда валюта сақлаши мумкинми, деб сўраган. Ижобий жавоб олгач, у “АҚШ валютасини ушлаб туришни” тавсия қилган.

Ишметовнинг Ўзбекистон ҳукумати мамлакат тараққиётида муваффақиятга эришиш учун қайси соҳаларга эътибор қаратиши кераклиги ҳақидаги саволига жавоб берар экан, ХВФ раҳбари қуйидагиларни тавсия қилди:

– давлатнинг иқтисодиётдаги ролини пасайтирган ҳолда тадбиркорларга янада кенг имкониятлар яратиш;

– Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) киришни тезлаштириш. Георгиеванинг таъкидлашича, бу жараён ҳам фойда, ҳам харажат олиб келади, лекин биринчиси кўпроқ ва буни жамиятга тушунтириш керак. ХВЖ раҳбари Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши учун фақат ички бозор етарли эмаслигини таъкидлайди. “Айтайлик, сизда [Ўзбекистонда] аҳоли жон бошига 4000 доллар даромадингиз бор. Бир неча баробар кўп даромадга эга давлатлар бор. Маҳсулотларингизни уларга сотишни хоҳламайсизми? Агар савдо қилмасангиз, ўсишингиз мумкинми?” – дейди ХВЖ раҳбари.

– Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этувчи ёшларга сармоя киритиш орқали инсон капиталини ривожлантириш. “Тўғри ишлатилса, бу катта демографик совғадир. Кўникмаларга, қобилиятларга ва ҳаёт давомида такомиллашишни ўрганишга маблағ киритинг. Инсон капитали бойликнинг энг муҳим манбаидир. Одамларга сармоя киритадиган мамлакатлар яхши натижаларни кўрсатмоқда”, – деб таъкидлайди Георгиева.

ХВЖ раҳбари ўз нутқи давомида 6 июн куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашувда республиканинг ХВФ билан ўзаро ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашгани айтилганини қўшимча қилган. “Сўнгги йилларда Ўзбекистонга Жамғарманинг 70 дан ортиқ миссияси ташриф буюрди, эксперт ва техник ёрдам кўлами кенгаймоқда. ХВЖ раҳбари Кристалина Георгиева тўлиқ қўллаб-қувватлаши ва Янги Ўзбекистонда қайтариб бўлмайдиган ислоҳотлар дастурини давом эттиришга ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди”, — дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

7 июн куни Ўзбекистон Марказий банки томонидан ташкил этилган норасмий мулоқот бўлиб ўтди, унда модератор сифатида Тимур Ишметов иштирок этди. Учрашувда нуфузли хорижий олий ўқув юртларини тамомлаб, Марказий банк тизимида фаолият юритаётган ёш мутахассислар ҳамда Ўзбекистон олий ўқув юртларининг иқтидорли стипендиантлари иштирок этди.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация