Мақола

1 413 28/02/2023

Байден маъмурияти янги қонунни таклиф қилди. Мигрантлар ҳуқуқлари ҳимоячилари бунга қарши ва судга мурожаат этишни ваъда қилишяпти.

АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги ва Адлия вазирлиги мамлакатда бошпана изловчилар учун чекловлар жорий этишни таклиф қилди, деб хабар берди Reuters.

21 февраль куни янги қоидалар 30 кунлик муҳокамага қўйилди. Унга кўра, мигрантлар шунчаки чегара пунктига етиб келиб, АҚШ чегарасини кесиб ўтган тақдирда бошпана олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Янги таклиф бошпана изловчилардан CBP One иловаси орқали чегарада АҚШ расмийси билан учрашиш учун навбатга ёзилишни талаб қилади. Ушбу мобил илова АҚШ божхона ва чегара хизмати томонидан чиқарилган.

Бундан ташқари, агар ариза берувчилар Америка чегарасига тўғридан-тўғри эмас, балки бошқа давлат ҳудуди орқали келган бўлса, улар биринчи навбатда ушбу мамлакатдан бошпана сўраши керак. Агар бу мамлакат уларга рад жавобини берса, шунда улар Америка расмийларига мурожаат қилиши мумкин.

Ушбу чекловлар катталар ҳамроҳлигисиз чегарага келган вояга етмаганларга эмас, балки бошпана изловчи катталарга нисбатан қўлланиши таклиф этилмоқда.

Бундай қоидалар аллақачон Украина, Венесуэла, Куба, Никарагуа ва Гаитидан келган мигрантларга нисбатан қўлланмоқда: улар CBP One иловаси орқали онлайн ариза топшириши ва иммиграция органлари билан учрашувга олдиндан ёзилиши шарт.

АҚШ маъмурияти баёнотида айтилишича, янги қоидалар Мексика билан чегарада «мигрантлар оқимининг жиддий ортиши кутилаётгани» сабабли таклиф этилган. Чунки, 2023 йил 11 май куни собиқ президент Доналд Трамп даврида қабул қилинган ва мигрантларни Мексикага қайтариб юборишга рухсат берувчи қонун муддати тугайди. Жо Байден маъмурияти эса чегарада тартибсизликлар юз беришига йўл қўймоқчи эмас.

BBC News таклиф қилинган режани президент Жо Байден маъмуриятининг «мигрантларга нисбатан энг қаттиқ чеклови» деб атади. У лавозимга киришганида, ўзидан олдинги президент Дональд Трампга қараганда миграцияга нисбатан инсонийроқ ёндашишни ваъда қилган эди.

Таклиф этилаётган чекловлар ҳар ой Мексика-АҚШ чегарасини кесиб ўтишга уринаётган 200 минг кишининг ҳаётини қийинлаштириши мумкин. Улар асосан Марказий ва Жанубий Америкадан келган, ватанида қашшоқлик ва зўравонликдан қочган одамлардир.

Мигрантлар ҳуқуқлари ҳимоячилари янги қоидаларга суд орқали эътироз билдиришга ваъда беришмоқда. Америка фуқаролик эркинликлари иттифоқи (ACLU) Байден маъмуриятининг режасини Трампнинг конституцияга зид ҳаракатлари билан таққослади. «Биз судда Трампнинг транзит тақиқига қарши чиқдик ва муваффақият қозондик. Агар Байден маъмурияти бу режани амалга оширса, унга қарши курашамиз», деди ACLU вакили Ли Гелернт.

Қайд қилиш жоизки, Мексика ва АҚШ чегарасидан ўтиб, Қўшма Штатлардан бошпана сўровчилар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор. Аввалроқ, АҚШ элчихонаси Мексика орқали Америкага ноқонуний кирмоқчи бўлган ўзбекистонликларни огоҳлантирди. Элчихона бундай ҳолатларда одам савдоси ҳамда молиявий фирибгарлик қурбонига айланиш хавфи борлигини билдириб, АҚШга киришнинг қонуний йўлларини излаб топишга чақирган эди, деб ёзади «Кун.уз».

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация