Мақола

477 23/10/2023

Маълумки, АҚШга бориш истагида бўлган Ўзбекистон фуқароларининг айримлари қонуний йўл билан боришга кўзлари етмай, Мексика орқали АҚШга киришга уринаётгани ҳақида хабар берилган эди. Худди шу масал Кun.uz сайти мухбирининг АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник билан қилган суҳбатида ҳам кўтарилди.

Мухбир Ўзбекистон фуқароларининг АҚШда эркин ҳаракатланиш имконияти, аксарият ўзбекистонликларнинг АҚШга бориш учун топширган виза аризалари элчихона томонидан рад этилиши ҳақида савол берди.

«Бу йил биз Ўзбекистон фуқароларидан рекорд даражада кўп виза аризалари қабул қилдик, виза суҳбатлари ташкил этдик ва рекорд даражада кўп визалар бердик. Охирги пайтларда АҚШга саёҳат қилиш истагини билдираётган ўзбеклар сони кескин ортиб боряпти. Тўғри, айрим фуқаролар виза ололмаган бўлиши мумкин. Бунинг сабаблари турлича ва бу сабаблар ҳар доим ҳам элчихонага боғлиқ бўлавермайди, Конгресс барча элчихоналарга бир хил талаб қўяди. Бу талаблардан мақсад АҚШга кирувчиларнинг қонунларни ҳурмат қиладиган фуқаролар бўлиши ва саёҳат мақсадлари қонун доирасида эканига ишонч ҳосил қилиш. Айтиб ўтганимдек, сўнгги пайтларда кўплаб ўзбеклар туризм, бизнес, таълим ва ҳаттоки, иш учун АҚШга сафар қилишяпти. Бироқ ноқонуний саёҳат қилувчилар сони ҳам ортган. Улар Марказий Америка орқали жуда хавфли йўллардан ўтиб, Мексика ва АҚШ чегарасини ноқонуний тарзда кесиб ўтмоқда. Мен уларни бундай қилишдан қатъий қайтарган бўлардим. Чунки бу жуда хавфли йўлда одам савдоси билан шуғулланувчилар қўлига тушиб қолиш эҳтимоли бор.

Улар ўзлари уддасидан чиқа олмайдиган ишларни ваъда қилиб ноқонуний мигрантлардан катта пул талаб қилишади. Бу каби ҳолатлар айниқса сўнгги вақтларда жуда кўпайган. Ўзбеклар ҳудудини кесиб ўтаётган мамлакатлар уларга чегараларини ёпмоқда, бу эса уй-жойини сотиб, бор пулини сарфлаб йўлга чиққанларни қийин аҳволга солиб қўйяпти. АҚШ чегарасигача етиб боришини уддалаганлар эса ўша ерда қўлга тушяпти. Олдинлари уларни қўйиб юборишарди. Бироқ ҳозирда тартиб-қоида анча ўзгарган, чегарани бузиб ўтганлар қўлга олиниб, ўз юртларига депортация қилиняпти. Шундай экан, мен яна бир бор одамларни АҚШга ноқонуний йўллар билан бориш фикридан қайтарган бўлардим. АҚШга боришнинг кўплаб қонуний йўллари бор.

Мен юқорида санаб ўтганлардан ташқари «грин кард» лотереяси ҳам шулар жумласидан. Биз ҳар йили дунё бўйлаб эллик беш минг «Грин кард» лотереяларни таклиф қиламиз. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон фуқаролари «грин кард» ўйновчилар сони бўйича дунёда энг юқори ўринларда туради. Ноқонуний саёҳатчилар бир нарсани билиши зарур, улар бу ишлар орқали АҚШ ҳудудидан бутунлай қувилиши мумкин. Яъни уларга мамлакат ҳудудига кириш «грин кард» ўйнаш визанинг ҳар қандай турига топшириш тақиқланади. Бу ҳам одамларни АҚШга ноқонуний миграциядан қайтаришимизга асосий сабаблардан», деди АҚШнинг юртимиздаги элчиси Жонатан Ҳеник.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация