Maqola

1 295 25/03/2022

Россия рубли шок ҳолатидан чиқмоқда.

Мамлакатга жорий қилинган хорижий санкциялар таъсири эса, ҳозирча, ўз таъсирини тўла акс эттиргани йўқ. Лекин шу вақт оралиғида Россиядаги меҳнат мигрантлар анчагина зарар кўрди. Кимлардир кетиб қутилди, кимлардир қолди. Қолганлар иш қидириш ва озиқ-овқатга пул топиш ҳақида ўйламоқда.

Айни вазият қай ҳолатда эканига доир турлича талқинлар ва ёндашувлар, фикрлар мавжудки, ҳолатни аниқ тасаввур қилиш мушкул. Kun.uz мухбири Россиядаги меҳнат мигрантлари билан боғланиб, айни пайтдаги вазият ва яқин келажакдаги режаларига қизиқди.

Kun.uz билан суҳбатда бўлганлар турли соҳа вакиллари. Совуқ ва бепоён ўлканинг шафқатсиз муҳити уларни эҳтиёткорликка ўргатиб қўйган. Ўзаро суҳбатларда анча нолиб гапирсалар-да, омма учун фикр билдиришга келганда ё жимиб қоладилар ёки шахсларини сир тутишни маъқул кўрадилар.

Умумий кайфият ва ҳаётдаги ўзгаришлар ҳақида

Зоҳид, самарқандлик, тикув цехи ишчиси:

Бу бир ой ҳаётимда катта ўзгаришларга сабаб бўлди, дея олмайман-у, аммо тинчимиз йўқолди. Эртага нима бўларкин, деган хавотир билан яшашга мажбур бўлиб қолдик. Аввало уруш бўлмасин экан, мана шу нарсани чуқурроқ англаб етдим. Шу пайтгача анча хотиржам юрганимизни тушундим.

Сайёра Собиржонова, клининг компанияси ходими:

Кайфият ёмон! Ҳаётимдаги ўзгариш – деярли ишсиз қолдим. Буюртмаларим кескин камайиб кетди. Куним ўтиши учун бир-икки сўм топиб юрибман. Аммо бу қачонгача?!

Алишер ака, 47 ёш, деновлик, кўча супурувчи:

Кайфият ўртача, яхши деб бўлмайди. Ҳаётимдаги ўзгаришлар ҳақида гапирсам – тинч, бехавотир яшашнинг қадрига энди кўпроқ етяпмиз. Тўғри, биз ишлаётган жойда тинчлик, аммо бу воқеаларнинг таъсири, ваҳимаси бор. Ҳар куни Аллоҳдан бутун дунёда тинчлик бўлишини сўрайман. Ҳаловат йўқолган, шу энг катта ўзгариш.

Салоҳиддин, самарқандлик, қурувчи-уста:

Яқинда олдин олган ишимизни тугатдик. Вазият дарҳол ўз таъсирини ўтказди шекилли, ҳозирча янги иш чиқмаяпти. Ишимиз доимий эмас-да…

Маошдаги тафовут ва ишдан бўшатиш эҳтимоли ҳақида

Зоҳид:

Ўтган ойда уйга 500 доллар юборган эдим. Бу ой юборганим йўқ, ойлигимни олдим ва ўзимда сақлаб турибман. Кўпчилик қатори доллар курси пастлашини кутяпман. Ҳарқалай шунга умид қиляпмиз, йўқса, уйга 300 ҳам бормай қолади. Қисқартириш, ишдан бўшатиш ҳақида гап бўлмади. Лекин маош камайса, буларда ҳам иқтисод ортга кетса, эртами-кечми бўладиган нарса бу. Ишимизда ўзгариш йўқ, ўша-ўша маош, фақат долларга айлантирилганда баракаси учди.

Сайёра Собиржонова:

Ўтган ойда Ўзбекистонга 300 доллар юборгандим. Бу ой бу ҳақида гапира олмайман. Ишимга келсак – тозалаш компаниясида ишлардим. Мобил илова орқали иш оламиз. Мана шу ойда буюртма қилувчилар сони кескин камайиб кетди, йўқ деса ҳам бўлади. Бу ҳам табиий жараён, ким ҳам бундай вазиятда пул ишлатгиси келади?

Алишер ака:

Ҳа, бу ой ойлигимизни олдик. Биз бу жойда эр-хотин бирга ишлаймиз. Икковимиз ҳар ойда 1000 доллар юбориб турардик. Бу ой уйга 600 жўнатдик.

Иш жойимизда қисқариши ҳақида гап йўқ. Чунки биз кўчаларни тозалаш билан шуғулланамиз, бу соҳада доимо одам етишмайди.

Салоҳиддин:

Ишсизмиз. Қийин вазияти шу-да энди. Менга савол-павол қилмасдан, имконингиз бўлса минг рубль бериб туринг, пул ишласам қайтараман.

Ишсиз қолган ватандошлар ва қайтиш ҳақида

Зоҳид:

Қийин вазиятда қолган юртдошларимиз ҳақида гапирсам, яқинда иккита ўртоғим иш жойида бўлган қисқаришлар сабабли ишсиз қолишган экан, вазиятнинг бунақа бўлиб кетаётгани учун охирги ойликларини уйига юбормасдан ушлаб туришган экан, чипта олиб ватанга кетишди. Умуман, биз мусофирлар қайтиш ҳақида доимо ўйлаймиз, аммо ишлашга рўзғор камини тўлдириш учун шу жойларда юришга мажбурмиз. Охирги олган ойлигимни сақлаб турибман, аҳвол ўзгармаса, кетиш мўлжалда бор.

Сайёра Собиржонова:

Ўша қийин вазиятда қолган одамлардан бири ўзимман. Очиғи, ҳозирги вазиятда ўзимдан бошқани кўзим кўрмаяпти. Ҳаммада шу аҳвол бўлса, демак, қийин вазиятда қолганлар кўп бўлса керак. Кетишдан кўра, яхшироқ бир иш топиб, уйга пул чиқариш ҳақида кўпроқ ўйлаяпман. Ёлғиз аёлман, фарзандларимни боқишим керак ахир.

Алишер ака:

Қийналиб, ишсиз қолган одамни яқин ўртада кўрмадим. Эшитаман, аммо шахсан таниганларим ичида йўқ. Сабаби пандемия даврини бошдан ўтказдик, юртдошларимиз ҳам бунақа вазиятларга тайёр туришни ўрганишди. Пандемия бошланган вақтларда оғир аҳволда қолганлар кўп эди. Ҳозир доимо захирада пул сақлашади, ишсиз қолдими, ёки бошқа иш топади ёки уйига қайтади.

Салоҳиддин:

Қайтиб ҳам нима қиламан? Дуо қилиб туринглар, ишимиз яхши бўлиб кетсин…

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya