О, Россия! Бир учида қуёш чиқса, иккинчи учида қуёш ботадиган дунёдаги энг йирик, ёлғон-яхши статистикалар бўйича юқори ўринларда турадиган давлат. Бу ерларни кўрмаган ўзбек, нонини емаган ўзбекистонлик кам эмас. Ўқиши ўхшамаган ҳам, турмуши ўхшамаган ҳам, иши ўхшамаган ҳам шу ерда…
«Дело»лар тезроқ ёпилиши учун мигрантларга туҳмат қилиниб, улар қурбон бўладиган, камситиладиган, миллатчилик қилинадиган, зўрланадиган, керак бўлса, мушукдек ўлиб кетиб, изидан суриштирилмайдиган инсон қадри бир тийин ўлка ҳам шу ер… Айрилиқ, алам, пушаймонлик, соғинч, дард, бемеҳрлик, фахш, кўз-ёшлар ва хиёнатлар юрти…
Фақат пул учун десангиз – адашасиз. Айрим эркаклар «Марусья»лари учунгина келадиган ер ҳам, айрим аёллар «Бубусья»лари учун келадиган ер ҳам, уйидан урушиб қолса, бош олиб кетиладиган ер ҳам, зериккандан бир айланиб келинадиган ер ҳам, ичкиликка мойиллиги борларда кайф қилиб яшаш учун комфорт ер ҳам, адашиб турли оқимларга қўшилиб кетиладиган ер ҳам шу манзил…
О, Москва! «Тошкент – нон шаҳри» бўлса, «кўз ёшларга ишонмайдиган шаҳар» бу. Бу ерга келишингиз билан сизни совуқ ва ҳиссиз қиёфалар қарши олади. Табассум, мулозамат, меҳр, виждон, муомалалардан айро, ҳамма бир-бирининг кўзига пул бўлиб кўринадиган, чўнтакда ҳатто 200 минг сўмгина олиб юриш ўта хавфли бўлган, ҳужжатларда камчилик бўлса, «мент» ва «ГАИ»лари иккига бўлинган бир лаваш ёки энг арзон битта пивога ҳам кўниб кетаверадиган жамият (охирги таъриф кайфият учун эди ?). Умумий ракурсдан қаралганда, ҳеч қандай таассурот ва ҳаяжон беролмайдиган кулранг пойтахт.
Қанийди, Давлатимиз ўз қаддини тезроқ тиклаб олса-ю, юртдошларимизнинг ҳамма ишлари «ўхшаса»… Бу ернинг берадиган меҳнати оғир, қадри паст, қиймати кам маошига қарам бўлмаса ўзбек… Қанийди, мияларга ўрнашиб қолган «Россия – ечим» фикридан ҳам тезроқ воз кечиб, ўз юртимизда, оиламиз бағрида тирикчилик йўлларини қидирсак ва бу танлов қаршимизда кўп бўлса…
Ўзимизда шундан кўпроқ пул топиш эҳтимоли бўла туриб, арзимаган маошли ишларда ҳам ишлаб юрган айрим юртдошларингни кўриб ачинасан. Ўзларига бу ҳақда айтсанг, «Россиянинг пули баракали-да» деган жавоб оласан. Шу пайт шундай навқирон йигит юртдошингни нарироқда хунук бир «местный» аёлнинг папирос тутатиб, семиз қорнининг киндигини қашилаб кутиб турганини кўриб, «барака» сабабини тушунгандай бўласан.
Афсусланасан, ачинасан, жаҳлинг чиқади ва охири кўникасан. Қанийди, бу ерда ҳалоллигини, иймонини йўқотмаган меҳнаткаш ҳамюртларингни «Кетдик, Ватанда бунданда яхшироқ яшайсиз!» – дея ишонтириб, ўзинг билан бирга олиб қайтолсанг. Мен ишонаман, шу кунлар келади ва биз бу вақтинчалик ноиложликдан албатта ҳалос бўламиз!
— САРДОРБЕК УСМОНИЙ —