Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан 10 октябрь куни Олий Мажлис Сенатига Ўзбекистон Конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги қарорни қабул қилиш ҳақида тақдимнома киритилди. “Газета.uz”нинг хабар қилишича, Сенат мазкур масалани 12 октябрда очиладиган ялпи йиғилишида кўриб чиқади.
“Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига мувофиқ инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият сифатида тан олинади, — дейилади тақдимнома матнида. — Жазонинг асосий мақсади ҳукм қилинган шахсларнинг тузалиши ва қайта тарбияланиши, яъни ҳар бир қонунбузар содир этган қилмишининг ижтимоий хавфлилик даражасини, жавобгарликнинг муқаррарлигини ва чин кўнгилдан пушаймон бўлиш зарурлигини англаб етиши ҳисобланади”.
“Амнистия актининг эълон қилиниши халқимизга хос инсонпарварлик, эзгулик ва раҳмдилликнинг ёрқин ифодаси сифатида, маҳкумларда қонунга итоаткорлик ҳиссини рағбатлантиради ва қонунни четлаб ўтган шахсларга тузалиш, оиласига қайтиш ҳамда жамиятнинг муносиб аъзоси бўлиш учун яна бир имконият беради. Шу нуқтаи назардан, амнистия акти улкан профилактик, ижтимоий ва тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, муайян тоифадаги шахсларни нафақат жавобгарликдан ва жазодан озод қилишни, балки уларни даволаш, бандлигини таъминлаш, шунингдек, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш борасидаги бошқа қатор муҳим тадбирларни кўзда тутади”, — қайд этилади қарорди.
Ҳужжатда таъкидланишича, амнистия актининг қабул қилиниши инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоясини таъминлаш борасидаги умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла мос келади.
Инсонпарварлик принципларига амал қилган ҳолда, аввалги амнистия актларини қўллаш ва шахсга оид иш ҳужжатларини ўрганиш натижалари асосида, келгусида озодликдан маҳрум этиш жойларида сақлаш зарурияти йўқолганлигини, шунингдек, ёши ва соғлиғини инобатга олиб, қуйидагиларни назарда тутувчи амнистия актини қабул қилиш таклиф этилади:
Шу билан бирга, тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларни ҳам жазодан озод қилиш таклиф этилади.
Бундан ташқари, амнистия актида асосий жазодан озод этилган маҳкумларни қўшимча жазодан озод этмаслик ҳақидаги нормани назарда тутиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
“Амнистия актини татбиқ этиш борасида ошкоралик ва шаффофликни таъминлашда парламент ва жамоатчилик назорати муҳим аҳамият касб этишини инобатга олган ҳолда, мазкур жараёнда сенаторлар, депутатлар, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг бевосита иштирокини назарда тутиш таклиф қилинади”, — қайд этиб ўтилди тақдимномада.
“Самарали профилактик аҳамиятга эга бўлган амнистия актининг таклиф этилган тоифадаги шахсларга нисбатан қўлланилиши уларни тезроқ ижтимоий реабилитация қилиш ва жамиятга мослашишига хизмат қилади”, — дейилади ҳужжатда.
.