Агентлик, Англияга ишга юборишда ёрдам беришни ваъда қилувчи турли шахсларга ишонмасликни сўрамоқда.
Маълумки, 24 май куни Ташқи меҳнат миграцяиси агентлигида Буюк Британиянинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавсумий ишларга ўзбекистонликларни ёллаш бўйича жонли суҳбатлар бўлиб ўтиши режалаштирилган эди. Бироқ, номзодлар сони кўплиги боис, суҳбат бекор қилинган, фуқаролардан онлайн рўйхатдан ўтиш сўралган эди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норовнинг маълум қилишича, Англия мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларидаги бўш иш ўринлари учун жорий йил 24 май куни 4000 дан ортиқ юртдошлар онлайн рўйхатдан ўтган.
Яқин кунларда рўйхатдан ўтган номзодлар билан “Pro-Force” ташкилоти вакиллари томонидан онлайн суҳбатлар ўтказилиши режалаштирилмоқда.
“Шу ўринда, юртдошларимиздан хорижий давлатларга, хусусан, Англияга ишга жўнатиш бўйича воситачи шахсларга ишонмасликларини, турли тўловларни амалга оширмасликларини сўраймиз”, – деган Ортиқхўжа Норов.