Англияда ишлаш учун танлов қандай ўтди?
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Англияда мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида ишлаш истагидаги фуқаролар учун 2022 йил 24 май куни танлов ўтказилишини эълон қилган эди. Migrant.mobi сайти ушбу эълонни ўз платформасида ҳам тарқатди. Хўш, танлов қандай бўлиб ўтди? Шу савол билан танловга келган фуқаролардан бирига мурожаат қилдик.
Жавоҳир Кимсанов, Фарғона вилояти
“3 мингга яқин одам тўпланди, мен Фарғонадан Тошкентга танловда иштирокэтиш учун келган эдим…улар соат 9 да бошланади деган суҳбат соат 12 да бошланди…нима учун онлайн рўйхатдан ўтказиш тизими ҳамма йиғилиб бўлгандан сўнг ташкилотчиларнинг ёдига тушди?” – дейди Жавоҳир. У танлов қандай ўтганига доир видеотасвирларни Migrant.mobi сайтига тақдим этди.
Танлов қандай ўтганига доир видеотасвирларда: “Англияга ишга кетаман деганларни қўйга ўхшаб далага қўйиб юборишди, ўтлаб олинглар деб…” дейилади тасвирларда.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 24 май соат 12:41 да ўзининг Telegram саҳифасида танлов бўйича навбатдаги эълонни жойлаган. Унда таъкидланишича, танловда иштирок этиш истагидаги фуқароларнинг сони кўплигидан келиб чиқиб, номзодлардан 24 май 18:00 гача онлайн рўйхатдан ўтишларини сўралган.
“Рўйхатдан ўтган номзодлар билан Zoom платформаси орқали онлайн танловлар ўтказилади”, дейилади хабарда. Ўз ўрнида чекка вилоятлардан танлов 24 май соат 9:00 да бошланишига ишониб келган, суҳбатга киришга улгура олмаган фуқаролар энди ўша куннинг ўзида соат 18:00 гача рўйхатдан ўтишлари керак эди.
Танлов асосида Англияга ишга қабул қилинадиган фуқаролар қулупнай,олма териш ишларига жалб қилинади”, дейди Жавоҳир Кимсанов.
Таъкидлаш керакки, танловни уюштиришда ташкилий ишларга эътибор қаратилмаган. Жавоҳир Кимсановга кўра, “…телеканалларнинг ахборот дастурларига чиройли кўрсатиш учун, мана одамлар келди, деб, бир икки аёлни ичкарида чиройли қилиб расмга олишган холос. Ташқарини эса кўрсатишмаган”.