Мақола

2 246 04/11/2023

Марказий федерал округ президент вакили Игор Шеголевдан фуқароларни шартнома бўйича ҳарбий хизматга жалб қилиш режасини олди. Минтақадаги ҳокимият органлари ҳар ҳафта ушбу режа қай даражада амалга оширилганлиги ҳақида ҳисобот бериб боради. Бу ҳақда Марказий федерал округдаги Россия президенти вакили аппаратининг  Твер вилояти бўйича федерал инспектори Сергей Свитиннинг Россия гвардиясининг минтақавий бўлимига йўллаган хатидан маълум бўлган.

Режада алоҳида эътиборга муҳтож фуқароларнинг 22 тоифаси белгиланган. Бу рўйхатга мигрантлар, банкротлар, қарздорлар, маҳкумлар ва ишсизлар киради.

Шартнома қабул қилиш марказидаги ҳарбий хизматчининг маълум қилишича, ҳукумат ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни, жумладан, пиянисталар, уйсизлар, ривожланишида нуқсон бўлган ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчиларни ҳам фаол равишда шартнома тузишга жалб қилмоқда. “Уларда жамиятнинг пастки  қатламидан халос бўлаётгандек туйғу бор. Уларга армия қандай сифатда бўлишининг мутлақо аҳамияти йўқ. “Улар хандақ қазишади”, дейишади. У ерга жўнатилган [ёлланганларнинг] оилалари аҳволи нима бўлишининг фарқи йўқ. Бироқ уларга олтин тоғлар ваъда қилишади”, дейди у.

Ҳарбийнинг сўзларига кўра, туман қўмиталари ва шаҳар маъмуриятлари вакиллари контракт бўйича аскар қайси маҳаллий ҳокимиятдан ёзилиши борасида ўзаро зиддиятда. “Баъзилар режа бажарилмаса, ишдан бўшатилиши, ипотека ва болалари борлигини айтиб очиқчасига йиғлаяпти. Ёки ўз вақтида одамларни топмаса, баъзи ходимларидан воз кечиши ёки ўзлари кетишига тўғри келади”, деди у.

2023 йил ёзи бошидан бери Россияда муҳожирларга қарши “ҳарбий” рейдлар ўтказилмоқда. Полиция судланган ва фуқаролиги бўлмаган одамларни фаол равишда ёлламоқда. Шунингдек, октябр ойида Федерал суд ижрочилари хизмати қарздорларга қарзларни тўлаш эвазига Украина билан урушга бориш таклифларини юборишни бошлади. 31 октябрь куни худди шундай хат красноярсклик аёлга келган. У ҳозир икки фарзанди билан яшаётган квартирани таъмирлаш учун пул олган. Бироқ унинг на ҳарбий гувоҳномаси, на тиббий маълумоти бор.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация