Eterna Tech уларга ишлаш учун рухсатнома олиш ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам беради.
Австриянинг Eterna Tech юридик фирмаси ўзбекистонлик мигрантларга ёрдам беради, деб ёзади Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.
Меҳнат вазирлиги делегациясининг Вена шаҳрига ташрифи доирасида агентлик ва Eterna Tech компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ўзбекистон вакиллари Австрия пойтахтида миграция соҳасидаги муносабатларни ривожлантиришга бағишланган анжуманда иштирок этишди.
Компания адвокатлари Ўзбекистон фуқароларига ишлаш ва яшаш учун рухсатнома олиш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда кўмак беради. Шунингдек, уларга меҳнат масалалари бўйича ҳуқуқий ва ахборот ёрдами кўрсатилади.
Eterna Tech иммиграция қонунчилиги соҳасида катта тажрибага эга.
Компаниянинг Дюссельдорф (Германия), Рига ва Киевда ваколатхоналари мавжуд. Бу Европа компанияси билан имзоланган мигрантларга хизмат кўрсатиш бўйича иккинчи келишувдир.
Аввалроқ Латвиянинг UberHint компанияси билан меморандум тузилгани ҳақида хабар берилган эди – у Европа Иттифоқига ишлаш учун саёҳат қилаётган ўзбекистонликлар учун веб-сайт ва иловани ишга туширади.