Мақола

913 15/09/2022

Дунёнинг энг қиммат шаҳарлари рейтинги мунтазам эълон қилиб борилади. Ўзбекистон пойтахти бу рейтингда етакчилар сафида эмас. Лекин сўнгги йилларда Тошкентда яшаш харажатлари кескин кўтарилиб бормоқдаки, ўсиш суръати бўйича дунёнинг манаман деган шаҳарлари билан беллашиши мумкин.

Хўш, Ўзбекистон пойтахтида бир ой яшаш қанчага тушади? Иқтисодий салоҳиятга номутаносиб бўлган бундай баланд нархлар сабаби нимада?

Ҳисоб-китобни пойтахтга ўз омадини синаш учун келган ёш оила мисолида кўрамиз, зеро ҳамма давлатларда ҳам айнан шундай ўрта қатлам тараққиётни ҳам, истеъмолни ҳам белгилайди.

Ижара – бошпана муаммоси

Бугунги кунда Тошкентда ўртача ҳисобланган, 2 хонали жиҳозланган хонадонни 250-300 долларга топиш имконсиз бўлиб қолди. Деярли ҳамма ижара берувчилар мижозлари талабалар эмас, оила бўлишини истайди, лекин оила учун нарх арзон бўлиб қолмайди. Яна бунинг устига коммунал тўловлар ҳам бор. Икки хонали уйга бир ойда ўртача 250 минг сўм атрофида харажат қилиш зарур. Шундай қилиб тўрт кишилик оиланинг бошпана муаммоси бир ойда ўртача 3,5 млн сўмга тушади. Бу минимал миқдор.

Егулик — рўзғор

Сўнгги йилларда озиқ-овқат баҳоси шиддат билан ўсаётгани ҳеч кимга сир эмас. Албатта, “… бу фақат Ўзбекистонда кузатилаётган ҳолат эмас, ҳозир бутун дунё шу аҳволда…”, дейиш мумкин. Аммо даромади харажатларига нисбатан тенг ўсмайдиган оддий аҳоли бу изоҳлардан таскин топмайди. Нарх ошиши айниқса барча нарсани харид қилишга мажбур бўлган Тошкентдек каби йирик шаҳарлар аҳолисига яхшигина билинади.

Кузатувларга кўра тўрт кишилик кичик оилага ҳафтасига 500-600 минг, ойига 2-2.5 млн сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари зарур бўлади. Бу ҳам ўртачадан пастроқ ҳисоб-китобларда.

Транспорт — йўл харажатлари

Кўп ҳолларда ёш ва ижарада яшовчи, ўзини эндигина оёққа қўяётган оилада машина бўлиши қийин масала. Демак улар жамоат транспорти ва заруратга кўра таксидан фойдаланадилар. Агар икки киши ишлайдиган бўлса, транспорт учун кундалик харажат камида 15-20 мингни, ойлик эса 500-600 минг сўмни ташкил этади. Лекин бунда ҳам болаларни боғча, мактабга жўнатиш ёки олиб келиш харажатлари кирмаган.

Кийиниш — уст-бош харажатлари

Бу харажатларнинг энг мавҳуми, лекин зарурларидан бири. Катталарнинг либосини қўйиб туриб, қиш олдидан болаларга кийим харид қилиш тажрибасидан келиб чиқамиз. Дейлик бир нафар мактаб ўқувчиси ва боғча тарбияланувчиси бўлган болаларга биттадан куртка, этик, жемфер, шим ва кўйлак олиш ўртача 1,5-2 млн сўмга тушади.

Албатта, мавсумий уст-бош ҳар доим ҳам харид қилинавермайди. Лекин биз ота-онанинг бу борадаги харажатларини ҳисобга олмадик. Демак бир оиланинг кийиниш учун ойлик харажатларни камида 800 минг-1 млн сўм деб олиш мумкин. Бу ҳам иқтисод қилинганда.

Техника ва коммуникация

Бугун уяли алоқа, интернет, кабел телевидениеси каби қулайликлар ҳаётий заруратга айланган. Албатта, уларсиз ҳам яшаш мумкин, лекин ривожланиб бўлмайди. Ўртача интернет пакетни 100 минг, икки кишининг телефон тўловларини 70 минг, кабел тўловини 30 минг деб олсак, бир хонадонга 200 минг сўм харажат қўшилади. Бу мунтазам харажатлар туркумидан.

Бундан ташқари ёш оила замонавий телефон ва ноутбукларсиз бўлиши мумкин эмас. Доим харажат қилинмасада, бир ойга чақилганда буларнинг хариди ўртача 300 минг сўмдан камига айланмайди. Жамланганида эса юқоридагиларга яна 500 минг қўшилиб турибди.

Болаларга қилинадиган харажатлар

Бугунги кунда фарзандларнинг таълим олишига ҳамма жойда бирдек жиддий эътибор қаратиляпти. Тил ўрганмаётган, бирор қўшимча машғулотга қатнамаётган болани топиш қийин бўлиб қолгани қувонарли. Лекин келажакка инвестиция ҳам чўнтакни бўшатиши тайин.

Боғча харажати камида 200 минг сўм, мактабга қатновчи фарзанднинг қўшимча машғулотлар билан бирга таълими ва кунлик пули ойига ўртача 400 мингга боради. Демак жами 600 минг. Бунга турли йиғимлар, кутилмаган харажатларни қўшмадик. Албатта, бу рақамга қўшилмайдиганлар ҳам бўлади, лекин нисбийликда энг яқини шу.

Кўчада қорин тўйдириш

Ишга қатновчи эр-хотин бир ойда камида 20 кун тушлик қилишга мажбур бўлади. Мана шу нуқта ҳам бироз оғриқли, маҳаллий аҳоли билан бирга Тошкентга мунтазам келиб кетувчи хорижликлар ҳам умумий овқатланиш тармоқларида егулик нархлари мунтазам ошиб бораётганини таъкидлашган. Бугунги кунда Тошкентда 15 мингга овқатланиш имконсиз бўлиб қолди. Лекин биз минимумни оламиз ва икки киши учун 40 минг сўм, ойлик харажатни эса 800 минг сўм деб чиқарамиз.

Хўш, қандай картина ҳосил бўлмоқда?

3,5 млн+2.5 млн+600 минг+1 млн+500 минг+600 минг+800 минг=9,5 млн* сўм.

Бу фақат тирикчилик харажатлари. Даволаниш, маданий ҳордиқ, саёҳатлар, узоқ муддат фойдаланилувчи буюмлар харид қилиш, кимгадир ёрдам бериш каби кейинга суриш мумкин бўлган харажатлар киритилмаган.

Кўринадики, оиланинг ҳар икки аъзоси бугунги кун даражасини сақлаб қолиш учун ойига камида 9-10 млн сўм маош олиши (пул топиши), яъни ҳар бири 5 млн сўмлик мунтазам ишга эга бўлиши лозим. Кимдир буни эплаяпти, кимдир эса йўқ.

Ўзбекистонда яшаш шароитлари бўйича пойтахт етакчилиги тайин. Шу билан бирга салоҳиятни намойиш этишда ҳам ҳеч бир шаҳар пойтахтга етмайди. Демак белни боғлаб Тошкентга йўл олганлар бу жиҳатларни ҳисобга олишлари лозим.

P.S.: Ҳисоб-китоблар расмий статистикага эмас, кундалик кузатувлар ва сўровларга асосланган.

Аброр Зоҳидов

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация