Мақола

830 26/06/2023

Хабарингиз бор, охирги пайтларда бир қанча юртдошларимиз диний мазмундаги материалларни интернет тармоғида тарқатганлиги юзасидан жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилаётгани жамиятда турли норозиликларни уйғотмоқда. Шулардан бири беш йил аввал Туркияда ишлаган ўзбекистонлик 57 ёшли аёлнинг тақиқланган диний маърузага “класс” босгани учун озодлиги 3 йилга чеклангани ҳақида хабар берган эдик.

Интернетда видео маърузага «класс» босган аёлга ҳукм ўқилди

Шундан келиб чиқиб бир гуруҳ диний уламолар, ҳуқуқшунослар ва умуман мавжуд вазиятга бефарқ бўлмаган зиёли ватандошларимиз амалдаги қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан мутасадди ташкилотларга ўз таклиф ва мулоҳазаларини йўллади.

“Диний мазмундаги маълумотларни тарқатиш билан боғлиқ шов-шувли судлар ҳақида ҳаммамизнинг хабаримиз бор”, дейилади устоз Мубашшир Аҳмаднинг изоҳларида. “Муаммо кўпроқ судларда эмас, балки жиноятга номутаносиб жазо белгиланган қонун ва қарорларда эканига олдиндан урғу бериб келаётган эдик. Шу сабаб бир гуруҳ дўстларимиз билан, жорий қонун ва қарорларга тегишли ўзимизнинг таклиф ва мулоҳазаларимиз битилган Мурожаатни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил – Омбудсманга ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига юбордик.

Сиз жамоатчилик вакилларидан ушбу Мурожаатга бепарво бўлмай, уни қўллаб-қувватлашингизни ҳамда бироз ўтиб эълон қилинадиган Мурожаат матнига ўз имзоингизни қўйишингизни сўраймиз”.

Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг (Қонун) 10-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги 180-сон “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори (Қарор) юзасидан

МУРОЖААТНОМА

Ушбу мурожаатда Ўзбекистонда конституция билан мустаҳкамлаб қўйилган фикрлаш, сўз, ахборот ва эътиқод эркинликларига айрим норматив ҳужжатлар билан қўйилган асоссиз чекловларни бартараф қилиш бўйича таклифлар берилади.

Амалдаги қонунчиликда диний мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш олдиндан диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган (Қонун, 10-модда).

Қонунда экспертизанинг ижобий хулосасини олишдан кўзланган мақсад жамиятда конфессиялараро тотувлик, диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорлайдиган ғоялар ҳамда қарашлар тарқалишининг олдини олиш экани баён қилинган.

Мазкур таклифда бугунги кундаги мавжуд ҳолатдан, Конституция ва қонунлар моҳиятидан келиб чиқиб, давлатнинг жамиятда конфессиялараро тотувлик, диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорлайдиган ғоялар ҳамда қарашлар тарқалишининг олдини олиш ваколатини сақлаб қолган ҳолда сўз эркинлиги ва ахборот эркинлигининг чекланишига, цензурага сабаб бўлаётган айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш масаласи кўтарилади.

МАВЖУД ҚОНУНЧИЛИК

Сўз ва ахборот эркинлиги чекланишига, цензурага сабаб бўлаётган нормалар:

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 5 июлдаги ЎРҚ-699-сонли “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни.

10-модда. Диний мазмундаги материаллар, уларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш

Диний мазмундаги материаллар диний таълимотнинг ақидавий асосларини, тарихини, диний таълимот мафкурасини ва шарҳларни, турли диний таълимотларнинг маросимлар ўтказиш амалиётини, шунингдек, алоҳида шахсларнинг, тарихий фактлар ва ҳодисаларнинг диний нуқтаи назардан баҳосини акс эттирувчи

– китоблар, рисолалар, журналлар, газеталар, варақалар, бошқа босма нашрлар,

– белгилар, предметлар, рамзлар,

– аудиовизуал асарлар (теле-, кино- ва видеофильмлар, клиплар, концерт дастурларининг ёзувлари, мультфильмлар ва бошқалар),

– электрон ахборот ташувчилардан (дискетлар, CD, DVD дисклари, ўрнатилган ва ечиб олинадиган хотира карталари, Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилган материаллар ва бошқалар) иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш жамиятда конфессиялараро тотувлик, диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорлайдиган ғоялар ҳамда қарашлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади.

Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги 180-сонли “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори

Қарор билан Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг (МЖТК) 1842-моддаси ва Жиноят кодексининг (ЖК) 2443-моддалари (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жавобгарлик белгиланган.

ТАҲЛИЛ

Қонуннинг 10-моддасига кўра диний мазмундаги ҳар қандай кўринишдаги маълумот, ахборот (ҳажми, шакли, манбасидан қатъи назар) диний мазмундаги материал хисобланади.

Биз асосан оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, интернет тармоғида ахборот тарқатиш билан боғлиқ масалага эътибор қаратмоқчимиз.

Қонунда ҳар қандай материални тайёрлаш ва тарқатишдан олдин диншунослик экспертизасидан ўтказилиши кераклиги тўғрисида қатъи норма ўрнатилган ва ҳеч қандай истиснолар мавжуд эмас.

Диний китоблардан (масалан, Қуръон ёки бошқа динларнинг муқаддас китобларидан) ёки илмий китоблардан келтирилган иқтибослар, кўчирмалар, олимларнинг (ҳатто қонуний диний ташкилотларда фаолият юритадиган расмий дин пешволари, диний таълим муассасалари ўқитувчиларининг) сўзлари ва маърузалари ҳам бу норманинг таъсир доирасига тушиб қолган.

Гарчи, бу чеклов диний соҳагагина тегишлидек кўринса-да, аслида кўпроқ фикр, сўз ва ахборот эркинлигига қўйилган чеклов ҳисобланади. Бу эса фикр, сўз, ахборот эркинлигининг умумэътироф этилган тамойилларига зид ва цензуранинг яққол намоён бўлишидир.

Юқоридаги нормаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги таҳлили

Конституциянинг 20-моддаси 4-қисмига асосан давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.

Конституциянинг 21-моддасига асосан инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ, фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.

Конституциянинг 33-моддасига кўра ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек, давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади.

Конституциянинг 82-моддасида цензурага йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Юқоридаги нормаларнинг мазмунини жамлайдиган бўлсак, қуйидагича хулосаларга келамиз:

1. Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлигига, исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга;

2. Мазкур ҳуқуқ ва эркинликларга нисбатан чекловлар ҳамда инсонга нисбатан таъсир чоралари фақатгина қуйидаги шартларга риоя қилган ҳолда жорий қилиниши мумкин:

– конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек, давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш (бундан сўнг матнда умумий қилиб “хавфсизлик” дейилади) мақсадида зарур бўлган доирада (цензурадан, яъни ахборот тарқатишни чеклашдан мақсад фақат хавфсизликни таъминлаш бўлиши керак);

– таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши зарур.

Демак, ҳар қандай қонун воситасида конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқларга нисбатан чеклов фақат юқорида кўрсатилган мақсадда ва доирада жорий қилиниши мумкин.

Хўш, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасидаги сўз ва ахборот эркинлигига қўйилган чекловлар хавфсизлик учун зарур доирадан четга чиқиб кетмаганми? МЖТКда ва ЖКда келтирилган таъсир чоралари қилмишга мутаносибми, хавфсизлик мақсадига эришиш учун етарлими ёки керагидан ортиқчами?

Бизнингча, Қонуннинг 10-моддасидаги чеклов кўрсатилган иккала талабдан ҳам четга чиқиб кетган.

Жамият учун ҳеч қандай хавф туғдирмайдиган, аксинча тарбиявий харатерга эга бўлган материалларни тарқатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш на мутаносиблик ва на етарлилик принципига тўғри келади.

Ахборотни (мазмунидан қатъи назар) мониторинг қилиб бориш йўли билан назорат қилиш хавфсизлик мақсадига эришиш учун етарли чора ҳисобланади.

Айнан диний материалларга тўхталадиган бўлсак, таъқиқланган материалларни тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгилангани хавфсизликни таъминлаш учун етарли таъсир чораси ҳисобланади.

Давлатга ва жамиятга ҳеч қандай зарари бўлмаган маълумотни тарқатишни чеклаш ва уни рухсатсиз тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланиши конституциянинг юқорида қайд этилган нормаларидан келиб чиққан на биринчи ва на иккинчи шартга тўғри келади.

Мақсад жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш экан, фақат таъқиқланган материалларни чеклаш зарур. Таъқиқланмаган материалларни тарқатиш эса эркин бўлиши керак.

Агар баҳс юритилаётган чекловлар ўрнатилишидаги мантиқдан келиб чиқадиган бўлсак, бошқа ҳар қандай маълумотлар (сиёсий, тарихий ва ҳ.к.з.) аввал рухсат олиниб, экспертизадан ўтказилиб, кейин чоп этилиши керак бўлади. Чунки ҳар қандай маълумотда давлат ва жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи ахборотлар бўлиши эҳтимоли бор.

Масалан, бирор миллатнинг тарихи ҳақида (динга алоқаси йўқ) салбий материал чоп этилса, миллатлараро тотувликка таҳдид солиши; тиббиётга оид тарқатилган илмий асосланмаган маълумот одамлар саломатлигига зарар етказиши; сиёсий мазмундаги нохолис танқидий фикр конституциявий тузумга хавф туғдириши мумкин. Лекин сўз ва ахборот эркинлиги сабабли ҳар қандай ахборот цензурасиз, аввалдан давлат идорасининг розилигини олмасдан чоп этилиши мумкин. Мазкур маълумотлар қандайдир таҳдидни келтириб чиқарадиган ахборот деб баҳолансагина чора кўрилади. Диний мазмундаги материалларга нисбатан муносабат ҳам худди шундай бўлиши керак.

(Ўзи аслида тарқатилган фикр, маълумот ёки ахборот учун қандайдир чора кўриш қай даражада тўғри ва мантиқли?! Ахир, ҳозирча у бор-йўғи фикр. Бордию шу фикр/ахборот/маълумот доирасида/таъсирида қандайдир амалий ҳаракатда ўтилса, ана шунда дарҳол зарурий таъсир чоралари қўлланиши керак эмасми?! )

Ахборотга соҳасига қараб чеклов қўйиш нотўғри. Ахборот қайси соҳада бўлишидан қатъи назар, ё хавфли, ёки хавфсиз бўлади. Хавфсиз ахборотнинг, қайси соҳага тегишли бўлмасин, ҳеч қандай чекловларсиз тайёрланиши, сақланиши, тарқатилиши эркин бўлиши керак. Хавфли ахборотнинг муомаласи эса, қайси соҳада бўлишидан қатъи назар, чекланиши мумкин.

Аслида, ахборот билан муомала қилиш (тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш) бўйича “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар билан белгилаб қўйилган тартиб-қоидалар ва чекловлар, шунингдек, МЖТК ва ЖКда белгиланган жавобгарлик чоралари барча соҳадаги ахборот айланишини назорат қилиш учун етарли ҳисобланади.

Мазкур қонунларнинг диний мазмундаги ахборотларга ҳам татбиқ қилиниши ахборот соҳасидаги хавфсизликни таъминлаш учун етарлидир.

СУД АМАЛИЁТИ

Судлар (Шайхонтоҳур, Учтепа, Юнусобод туманлари судлари) томонидан МЖТКнинг 1842-моддаси бўйча кўрилган маъмурий ишлар танлов асосида ўрганиб чиқилганда, аксарияти интернет тармоқларида диний материаллар тарқатганлик билан боғлиқ бўлиб, бундай ҳаракатлар учун турли миқдорларда маъмурий жарималар қўлланилган.

Бундан ташқари, телефонида ёки ижтимоий тармоқдаги саҳифасида диний мазмундаги материалларни сақлаганлиги учун ҳам жавобгарликка тортилган ҳолатлар мавжуд. Ваҳоланки, МЖТКнинг 1842-моддасида тарқатиш мақсадида сақлаганлик учун жавобгарлик назарда тутилган, ўзи фойдаланиши мақсадида сақлаганлиги учун эса жавобгарлик белгиланмаган. Бу ўринда топилган материални айнан қай мақсадда сақлаганликни аниқлаб берадиган қонуний механизмнинг ўзи мавжуд эмаслиги, бунинг имкони йўқлигини таъкидлаш лозим.

Эътиборли жиҳати шуки, ичида диний ақидапарастлик, экстремизм, радикализм каби давлат ва жамият учун хавфли маълумотлар топилмаса ҳам, диншунослик экспертизасидан ўтмагани учунгина таъқиқланган материал деб баҳоланиб, уни сақлаганлик ва тарқатганлик учун турли ёшдаги, турли қарашларга эга шахслар жавобгарликка тортилган. Бундай жавобгарлик чоралари диний ташкилотларнинг расмий лавозимларида ишлайдиган, халқ орасида ҳурматга сазовор бўлган шахсларни ҳам четлаб ўтмагани эса ушбу нормаларда кўзланган мақсадга (хавфсизлик) эришиш учун керагидан ортиқча чекловлар қўйиб юборилганига яна бир далилдир.

Суд қарорлари таҳлили натижасига кўра мантиқий хулоса қилинадиган бўлса, Ўзбекистоннинг динга эътиқод қиладиган фуқароларининг аксар қисми (қайси динга эътиқод қилишидан қатъи назар) потенциал ҳуқуқбузар бўлиб қолади. Чунки ахборот технологиялари ривожланган ҳозирги замонда уяли алоқа воситаси, компьютер, интернет, ижтимоий тармоқлардан фойдаланмайдиган кишилар жуда кам ва бу воситалардан фойдаланадиган диндорларнинг деярли барчасида диний материал топилиши турган гап. Бундан ташқари, республикада расмий рўйхатдан ўтган юзлаб диний ташкилотларнинг (масжидлар ва бошқ.), диний таълим муассасаларининг, ушбу муассасалар устозларининг ижтимоий тармоқларда ўз саҳифалари мавжуд ва улар орқали диний материаллар тарқатилади. Уларнинг ҳаммасини тарқатишдан олдин диншунослик экспертизасидан ўтказиш жисмонан амалга ошириб бўлмайдиган иш ҳисобланади ва аксар қисми экспертизадан ўтказмасдан тарқатилмоқда. Шу сабабли, бугунги кунда амалда аввалдан рухсат бериш тартиби эмас, балки мониторинг қилиш тизими ишламоқда. Ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар томонидан танлов асосида айрим шахслар текширилиб, уларга нисбатан баённомалар расмийлаштирилиб, суд томонидан маъмурий жазо қўлланилмоқда.

Агар республикадаги барча судлар томонидан кўриб чиқилган шу соҳадаги маъмурий ва жиноят ишлари инсон манфаатлари, адолатлилик тамойиллари нуқтаи назаридан таҳлил қилинадиган бўлса, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги” қонуннинг 10-моддаси, МЖТКнинг 1842-моддаси ва ЖКнинг 2443-моддаларини қайта кўриб чиқиш вақти келганини исботлашга ҳожат қолмайди, деб ҳисоблаймиз.

ТАКЛИФ

Давлат, жамият, фуқаролар хавфсизлиги, тинчлик ва барқарорликни юқори ўринда тутган ҳолда, фикрлаш, сўз ва ахборот эркинлигига қўйилган чекловларни норматив ҳужжатлар билан адолатли ва мутаносиб ҳолатга келтириш учун қуйидаги таклифларни берамиз:

Ҳар қандай диний материалларни тайёрлаш ва тарқатишдан олдин дастлаб диншунослик экспертизасидан ўтказишни талаб қиладиган нормаларни бекор қилиб, ваколатли органлар томонидан мониторинг қилиш тартибини белгилаш.

Мониторинг натижасида давлат ва жамият учун хавф туғдирувчи (қонунда белгиланган мезонларга кўра) маълумотлар аниқлансагина жавобгарликка тортиш чорасини кўриш лозим бўлади.

Агар тарқатилган материалда давлат ва жамият учун хавф туғдирувчи, динни бузиб кўрсатувчи ва шу каби салбий маълумотлар бўлмаса, шахс жавобгарликка тортилмаслиги керак.

Бунинг учун “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасига тегишли ўзгартириш киритиш ва МЖТКнинг 1842 ва ЖКнинг 2443-моддаларини чиқариб ташлаш лозим.

Шу билан бирга, диншунослик экспертизасидан ўтган ва ижобий хулоса берилган материалларнинг барча учун очиқ реестрини юритиш лозим. Ҳар бир шахс очиқ манбада ижобий ва салбий хулоса берилган материаллар ҳақида онлайн маълумот олиш имконига эга бўлиши керак.

Ушбу таклиф инобатга олиниб, қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш киритилиши қуйидаги ижобий натижаларга олиб келади:

– фикр ва сўз эркинлигига қўйилган чекловлар бекор бўлиши аҳолининг, халқаро ташкилотларнинг давлат ва ҳукуматга бўлган ижобий муносабатини шакллантиради;

– аҳолининг “хавфсиз” диний материалларга бўлган талаби қондирилади. Чунки аҳолининг асосий қатлами диндор бўлганлиги туфайли диний ахборотга бўлган талаб жуда юқори. Агар етарли даражада “хавфсиз” ахборот билан таъминланмаса, “хавфли” ахборотлар оқими кириб кела бошлайди”, дейилади мурожаатномада.

Бу мурожаатномага қўшилишни истаган юртдошларимиз қуйидаги ҳавола орқали имзо чекишлари мумкин.

ҲАВОЛА

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация