Мақола

1 390 15/10/2022

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Владимир Путиндан Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан собиқ Совет Иттифоқ давридагидек сиёсат юритмасликни сўради.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Остонада Россия Федерацияси раҳбари Владимир Путинга мурожаат қилиб, Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан собиқ Совет Иттифоқ давридагидек сиёсат юритмасликни сўради.

“Биз сизлар билан совет иттифоқининг парчаланишига гувоҳ бўлганмиз. Биз кичик республикалар, кичик халқларга эътибор бўлмаганини кўрганмиз – худди ҳозиргидек. Анъаналар, урф-одатлар билан ҳисоблашилмаган. Ривожланишига кўмак берилмаган. Биз кеча икки миллион [тожикистонлик муҳожир – таҳр.] ҳақида гаплашдик, лекин шуни айтишни истардимки, нафақат ишлаш учун, балки ўқиш, даволаниш учун Россия Федерациясига бораётган фуқароларимиз сони 2 миллиондан ошади”, – деди Раҳмон.

Унинг сўзларига кўра, Россия ўзи учун манфаатли бўлган озиқ-овқат соҳасида Марказий Осиё билан савдони ривожлантиряпти, лекин бунинг эвазига ҳамкорларга нисбатан тенг муносабатда бўлмаяпти.

“Негадир Тожикистонда ўтказилиб, “омади келмай қолган” форумда… [Россиядан] ҳеч бўлмаса вазир даражасидаги иштирокчилар бўлиши учун мен ТИВга топшириқ бергандим, ҳатто сиз билан ҳам гаплашгандим. Йўқ, вазир ўринбосарлари келди. Мана, Тожикистон стратегик ҳамкор бўла туриб нимани олди. Биз бунақа қилмаяпмиз-ку?

Ҳа, бизнинг халқимиз сон жиҳатдан катта эмас, биз 100-200 миллионлик халқ эмасмиз. Лекин бизда ўз тарихимиз, маданиятимиз, халқимиз бор. Шуни хоҳлаймизки, бизни ҳурмат қилишсин. Биз тиланчи эмасмиз. Биз тиланчи эмасмиз. Минерал ресурсларга бой мамлакатимиз бор.

[…] Қаерда, қанақа қоидани буздик? Қаердадир нотўғри саломлашиб қўйдикми? Биз ҳар доим ўзимизнинг асосий стратегик ҳамкоримизнинг манфаатларини ҳурмат қилиб келганмиз. Ўз навбатида, бизни ҳам ҳурмат қилишларини хоҳлаймиз. Нима, биз қандайдир бегоналармизми?” – дея шикоят қилди Тожикистон президенти.

Йиғилиш мезбони, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев тожикистонлик ҳамкасбининг сўзларини бўлиб, ундан ўз фикрига хулоса ясашни сўради. Шундан кейин Раҳмон шахсан Путинга юзланди.

“Мен шунчаки сўрамоқчиман, Марказий Осиё давлатларига нисбатан собиқ совет иттифоқи каби сиёсат бўлмасин”, – деди Тожикистон президенти.

Имомали Раҳмоннинг якунида “ҳар бир давлатнинг ўз муаммолари, масалалари, урф-одат ва анъаналари борлиги”ни таъкидлаб, ўзаро муносабатларда буни инобатга олиш кераклигини айтди. “Олтин ўрталикни топиш ва ҳар бир республика билан алоҳида ишлаш керак”, – дея Россия президентига маслаҳат берди у.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация