Maqola

1 252 24/04/2022

Ижтимоий тармоқларда 11 нафар ўзбекистонлик йигит Киевда бўлиб тургани тасвирланган видео тарқалди.

Украинада уруш бошлангач, Ўзбекистон эвакуация режаси орқали минглаб ватандошларни ортга қайтарди. Бироқ, яқинда 11 нафар ўзбекистонлик йигит Киевда бўлиб тургани тасвирланган видео тарқалди.

“Украинадаги ўзбеклар тузган Telegram-гуруҳ ва каналларда тарқалган видеода 9 нафар ўзбекистонлик видеога олаётган одамга ўз исми-шарифини, қаердан эканини айтган. Уларнинг ҳаммаси Сурхондарё вилоятидан. Украинадаги ўзбеклар тузган каналда шу видеодан кейин йигитлардан дарак бўлмагани айтилмоқда”, — дея хабар беради Kun.uz нашри.

Маълум бўлишича, уларнинг яна 2 нафар шериги бўлган. Видео Киев яқинидаги Бучада жойлашган база қоровули томонидан ёзиб олинган.

Йигитлар ўзларини Амирқулов Улуғбек Нуриддинович, Мажидов Фирдавс Ҳусанович, Асқаров Валишер Алишерович, Сафаров Сиратулло Сайфуллоевич, Маҳмаражабов Камолиддин Усмонович, Ботиров Муроджон Усмонович, Ҳамраев Наврўз Ҳасанович, Сафаров Ҳумайни Абдураҳмонович, Абдуманноев Ҳамидулло Абдураҳмонович деб таништирган. Улар орасида 2004 ва 2001 йил туғилган ёшлар ҳам бор.

Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда видеодаги йигитларни топиш учун гуруҳлар ташкил этилган. Уларда йўқолганларнинг яқинлари билган маълумотларини улашиб туришибди. Маълум бўлишича, йигитлар уруш бошлангунга қадар Киевда бўлган. Россия қўшинлари Украинага киргач, 11 нафар ўзбекистонлик Бучадан чиқишга имкон тополмаган. Отишма бошланганда Бузовая қишлоғига жўнаб кетишган. 24-28 февралда шу қишлоқда яшашган. 28 февралда Житомир йўлига чиқиб Лвовга кетишаётган бўлган.

«Улардан 2 киши машина тўхтатиб кетган, 9 нафари қолган. Отишма бошланиши билан йўлнинг ўрмон томонига беркинишган. Кейин яна Лвовга етиб олиш учун такси чақиришади, аммо такси етиб бормаган. Эшитишимча, танклар ўқ ота бошлаганда, ўша қишлоқдаги одамлар уларга бошпана берган. Бироз вақт ўтгач, улар яна Лвовга етиб олиш учун такси чақиришади. Шу орада телефон қуввати ҳам тугайди. Улар ёнимизга келишлари керак эди, бироқ алоқа узилиб қолди», дейди воқеадан бохабар гуруҳ аъзоларидан бири.

Kun.uz йўқолган йигитлардан бирининг оиласи билан боғланишга муваффақ бўлди. Видеода ўзини Асқаров Валишер деб таништирган деновлик йигитнинг укаси Шерзод Асқаровнинг айтишича, акаси 3 март кунидан бери уйдагилари билан гаплашмаган:

«Ўйлашимча, акам ва у билан бирга бўлганлар чегарага боришаётган бўлган. Ўша пайтда руслар ҳужуми бошланиб қолиб, кириш-чиқиш тақиқланган қизил зона ҳисобланган. Шу сабабдан улар чиқиб кетишга улгурмаган бўлса керак», дейди Шерзод.

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 28 февралдан 24 мартга қадар Украинада қолган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш учун 27 та авиарейс ташкиллаштирилиб, ҳарбий ҳаракатлар кечаётган ҳудудлардан 6 030 нафар ўзбекистонлик қайтарилган. Ҳозирда эвакуация ишлари тўхтатилган.

Kun.uz мухбири йўқолган ўзбекистонлик йигитларнинг қидирув жараёнлари ҳақида маълумот олиш учун Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилди. Вазирлик воқеадан хабардор экани, Ўзбекистон ваколатхонаси Украинадаги тегишли ташкилотлар билан қидирув ишлари бўйича алоқа ўрнатганини маълум қилди.

«Одамлар турли сабабларга кўра, эвакуация жараёнига етиб келолмаган. Ҳозирда эвакуация рейслари тўхтатилган. Украинадаги нотинч вазият қидирув ишларини қийинлаштирса-да, жараённи давом эттиряпмиз», деди вазирлик ахборот хизмати вакили.

Маълумот учун, Киев яқинидаги Буча шаҳарчаси узоқ вақт Россия аскарлари назоратида бўлди. Россия армияси Киевда фаолликни пасайтириб, Украина шимолини тарк этишини маълум қилгач, Буча яна Украина назоратига қайтди. Украина Бучада оммавий қирғин бўлганини хабар қилди. Россия томони эса мамлакат армияси Бучада маҳаллий аҳоли вакилларини ўлдирмаганини айтиб, кўрсатилган кадрлар уюштирилган эканини билдирди. АҚШ президенти Жо Байден Бучадаги воқеаларни ҳарбий жиноят деб атаганди.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya