314 06/08/2023

Москвада ҳар куни полиция рейд уюштириб қаернидир босяпти. Тўғри келган жойга босиб кириб кетишяпти, масжидга ҳам кирди, кафега тортиб, хостел-у, спорт залга-ча.

Хуллас биз мусофирлар юракда озроқ ҳадик билан юрибмиз. Бирор жойга ишга борсам доим таксида бораман, шуниси тинч дея. Анови рейдчилар мени излашяпти-да ўзи, эҳтиёт бўлиш керак.

Икки кун олдин бир жойга ишга бордим. Ишга чақирувчи ёши етмишга бориб қолган момо эди, ватсап орқали уй манзилини ёзиб юборди. Ёзилган манзилга етиб бориб машинадан тушдим, қарасам аниқ топиб келибман, уй рақами, подъезд рақами ҳаммаси ўша момо ёзгандек, осон топилганидан хурсанд бўлиб ичкари кирдим.

Бахтимга подъезд эшиги ҳам катта очиб қўйилган экан, эшикка кириш жойига байроқ осиб қўйилган, ўйлабман, бирор байрам яқин шекилли эшикларга байроқ осилган, дея.

Ичкарига кирсам ҳеч уйга ўхшамайди-да, узун зал, икки томони қатор эшиклар, худди бирор ташкилотнинг идорасига ўхшайди.Тепага чиқиш учун лифт излаб атрофга қарадим, деворга илинган расмларга энди кўзим тушди.

Бошига полиция кепкаси кийган, елкасида юлдузлари бор кастюм кийган бир одам сурати осилган, остига лейтенант фалончи фалончиев деб ёзилган экан.

Ёзувни охиригача ўқишга улгурмадим, зал охиридаги эшикларнинг биридан полиция формаси кийган одам чиқиб мен томонга юра бошлади, менга бир қараб қўйди-да, тўғридаги эшикка кириб кетди.

Юрагим шув етиб кетди, бўрининг уясига кириб олибман-ку. Шартта ортга қайтиб чиқдим, тез-тез юриб бинодан узоқлашдим. Каллам қурсин, киришда эътибор ҳам бермабман, мен ўн икки қаватли бинога чиқишим керак эди. Бу бино эски бўлиб бир қаватли экан ўзи.

Нарироққа бориб кўчадан ўтаётган ёш рус йигитидан, “бу қанақа жой?” деб сўрадим. “Участка инспектори биноси” деди у. Мингга қўйиб бу жойдан узоқлашдим, сал қолди-я.

Бир кинода айтишади-ку, “князь Мерославский ўз оёғи билан келибди, тутинглар уни” дея. Етмиш ёшли момо битта рақамни хато ёзиб, мени тўғри бўрининг уясига жўнатибди-да. 😃😃😃😃

БАХТИЁР ТУРСУН

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация