1 091 05/02/2023

Тешавой бугун яна ичиб қўйди, хотинига “энди ичсам мол бўлай” деб ичган қасамини ҳам эсдан чиқариб думалаб қолгунча ичди. Қасам ичиб уч кун чидади, тўртинчи куни мол бўлди.

— Ойижон дадам бугун ишдан кеч келадими, — дея сўради беш ёшли Наргиза онасидан.

— Эрталаб кетишида “бугун ишимизни якунлаймиз” деганди даданг, бу усталарда “якун” деган одат бор қизим. Ишни тугатган куни уй эгаси зиёфат қилиб беради, ишқилиб шу “якун” дан даданг омон-эсон ўтиб олсин-да.
Қасамини бузиб қўймаса бўлди эди.

Қизига гапираяпти Назиранинг икки кўзи тез-тез дарвоза томонга ҳавотирли қараб-қараб қўяди.

Тандирхонада қурилган ўчоқда олов ёқиб кечки овқат учун макарон қовурди. Қоронғу тушиш арафаси, тайёр бўлган овқатни қозони билан ўчоқдан олиб тандир супасига авайлаб қўйди-да, ўчоққа худди шундай катталикдаги бошқа қозон қўйиб ичига сув солди.

Кейин тандирхона бурчагида турган қопдан икки, икки ярим килограммча макка донини олиб қозонга солди. Устидан озроқ туз сепиб қўйиб, қопқоғини ёпиб қўйди-да, ўчоққа яна ўтин ташлади.

— Ойижон бу овқатни сигирга пишираяпсизми?, — яна савол берди жажжи Наргиза.

— Ҳа қизим, сигирга ҳам овқат бериб турмасак соғаётган вақтида жойида турмайди сут бермайман деб. Даданг шу пайтгача ишидан ва ичишдан ортмади, шу бир қоп маккажўхори донини Эргаш аканинг тегирмонига олиб бориб майдалатиб келинг деб қилдира олмадим, энди пишириб беришга мажбурмиз.

Сен уйга кир қизим, укангга қара йиғласа бешигини тебратиб тур мен сигир соғиб келайин, кейин бирга овқатланамиз. Наргиза чопқиллаб уйга кириб кетди.

Назира кеча пишириб қўйилган маккажўхори донини олиб эски тоғорага солиб молхона томонга кетди. Сигирни соғиб бўлиб, сут ярмига яқинлаб қолган саккиз литрлик пақирни молхона айвонидаги симга илиб устига тозза дока ёпиб қўйди. Кейин сигири ташлаган янги гўнгларни олиб молхона деворига ёпиштириб чиқди.

Ишларини тугатиб, қозондаги маккажўхори қайнаб тайёр бўлгани учун, ўчоқ остида қолган чўғларни ўчирди, ювиниб олиб бир товоқ макаронни уйга олиб кирган вақти, Наргиза укасини ўйнатиб ўтирган экан.
Биргалашиб овқатланиб бўлишди ҳамки ҳамон Тешавойдан дарак йўқ.

Бу пайтда зиёфат авжида эди. Уч кун ичилмаган ароқларини ҳам бир тўла бугун ичди Тешавой. Зиёфат тугаб учта шериги билан судралишиб кўчага чиқишди.

— Битта нос отгим келди, Асқар носингни бер, — деди шеригига Тешавой тили зўрға айланиб.

— Ароқ ичган вақти нос чекиб бўлмайди,— дея қўли билан йўқ ишорасини қилди Асқар.

— Нима учун?

— Чунки бошинг айланиб оёғинг ишламай қолади, хиринглади шерикларидан бири.

— Сигарет чекамиз, ана дўкон, кетдик бориб сигарет олиб чекамиз, гандираклаб дўконга томон кета бошлади Асқар. Дўкон ёнида ўтирган уч тўрт тенгқурлари билан минг йиллик қадрдонлардек бир-бирларини бағриларига босишиб кўришишди. Зиёфатнинг ками шу жойда давом этди.

— Мен кўп ичдим роса, бошқа ича олмайман мен сигарет чекиш учун келудим ўзи. Битта сигарет бер бирортанг, ароқ қуйилган пиёлани нарига сурди Тешавой.

— Э, ака сигаретни зўри бор. Махсус сиз учун мана битта тортиб кўринг қани, дея чўнтагидан бир дона сигарет чиқариб берди шу қишлоқлик Рўзибой исмли йигит. Тешавой роса тортди сигаретни, аммо ярмига етмасдан “ака буни кўп чекиб бўлмайди, бўлди сизга етарли” дея қўлидан олиб қўйди Рўзибой.
Кейин нималар бўлди яхши эслолмайди, эсида қолгани қорни очқаб кетаверди. Чидолмайдиган даражада оч қолган одамдек қўлига илинган нарсани оғзига тиқди, барибир бўлмади.

— Мен уйга кетмасам бўлмайди, деди-ю, тентираб-тентираб уйига томон шошди.
Ярим кечаси ҳовлидаги танғир-тунғирдан чўчиб уйғонди Назира. Яна ичибди, қасамини ҳам бузибди-да, шуларни ҳаёл қилиб турганди.

— Назира!!! Овқат қилдингми? Қорним оч овқат бер тез, дея эшикдан бошини суқиб бақира кетди эри. Бешикда ётган ўғли чўчиб уйғониб йиғлай бошлади. Хонани ароқнинг ёқимсиз ҳиди тутиб кетди.

— Секинроқ, бунча бақирасиз. Зиёфатда овқат бермай фақат ароқ беришдими нима бало, болани қўрқитдингиз. Овқат тандирхонада, бир қозон макарон қовуриб қўйибман ўзингиз сузиб олиб еяверинг. Капгир, товоқ қошиқ ўша жойда. Тешавой индамасдан чиқиб кетди. Назира йиғлаётган ўғлини ухлатиб ўзи ҳам ухлаб қолибди. Эри қачон келиб, жойига қачон ётган сезмабди ҳам.
Эрта саҳар уйғонса, эри оёғидаги ботинкасини ҳам ечмаган ухлаб ётибди.

Ҳар куни биринчи қиладиган иши юз қўлини ювиб келгач, сигир соғиш. Сигир учун пишириб қўйилган емни олиш учун, эски тоғорани кўтариб тандирхона томонга борди.
Бир пасдан кейин қўлидаги тоғорани ташлаб тез уйи томонга юрди.

— Дадаси, ҳой дадаси туринг, донг қотиб ухлаб ётган эрини силиклай бошлади.

— Нима дейсан-ей, тинч қўй мени уйқум келаяпти.

— Кечаси овқат едингизми?

— Ҳа едим, қозонда макарон бор экан шуни едим.

— Ўлинг, одам бўлмай ўлинг сиз, ичсам мол бўлай дегандингиз қасам урди сизни мол бўлибсиз. Мен пиширган макарон жойида турибди бузилмасдан, сигирга деб пишириб қўйган ем йўқ, бир қозон емни еб қўйибсиз ёрилиб ўлмапсиз яхшиям.

— Ааа..Уйқудан кўзлари чарақлаб очилиб кетди Тешавойнинг,— йўғее, бўлмаган гап, деган вақти оғзидан бир дона маккажўхори донаси отилиб чиқиб ёстиқ устига тушди.

— БАХТИЁР ТУРСУН —

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация