«Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимча киритилди. Президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев имзолаган ҳамда “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган ушбу ўзгартишлар 24 сентябрдан кучга киради.
Қонуннинг 21-моддасига киритилган қўшимчага кўра, агар шахс чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса, Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиши мумкин.
Қонуннинг амалдаги таҳририга кўра, шу пайтга қадар
1) шахс чет давлатда ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизмати идораларига, полицияга, адлия идораларига ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа идораларига ишга кирганлиги натижасида;
2) агар чет элда доимий яшовчи шахс уч йил ичида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса; 3) агар Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ёлғонлиги шак-шубҳасиз маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этиш натижасида олинган бўлса; агар шахс чет давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса фуқароликни йўқотиши мумкин.
Қонунда айтилишича, чет давлатнинг фуқаролигини қабул қилган шахс ушбу факт ҳақида ўттиз кун ичида Ўзбекистон Республикасининг ички ишлар идораларига ёки чет элдаги консуллик муассасаларига хабар бериши шарт.
Манба: vatandosh.uz