Адлия вазирлиги «Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси» нодавлат нотижорат ташкилотини рўйхатга олди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.
Уюшмани ташкил этиш зарурлиги тўғрисида Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг парламентга мурожаатномасида таъкидлаган эди.
«Мана, бугунги кунда қанча-қанча ёшларимиз чет элларда таълим олмоқда, меҳнат қилмоқда. Албатта, уларнинг орасида ўз йўлини топиб, бегона юртда ҳеч кимдан кам бўлмай яшаётганлари ҳам кўп. Лекин Ватан соғинчи ҳар қандай одамни ҳам қийнайди. Шунинг учун улар билан доимий алоқа ўрнатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, юртимизга қайтиш истагида бўлганларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни кучайтиришимиз зарур», — деган эди давлат раҳбари.
Ассоциациянинг асосий мақсад ва вазифалари Ўзбекистон фуқароси бўлган ва хорижий мамлакатларда ўқиётган ҳамда меҳнат қилаётган ёшлар билан иш олиб бориш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, шунингдек, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишдан иборат.
Манба: Газета.uz