Ўйнадик, омад кулди, ютдик !
Узоқ кутилган Green Card жавоблари чиққанидан сўнг бир неча кун давомида сиз эшитган энг машҳур сўзлар – has not been selected бўлди. Ўзбекистонда ушбу лотереяда омадини синаб кўрганларнинг баъзилари «Америка орзуси»га бир қадам яқинлашди.
“Ўйнадик, омад кулди, ютдик! Хўш, энди нима қилишимиз керак?»
Омад кулиб боққан ватандошларимизда шундай саволлар туғилиши табиий. Ушбу мақола сизнинг саволларингизга жавоб бера олади, деган умиддамиз . ишонамиз.
ҒОЛИБЛАР ҚИЛИШИ КЕРАК БЎЛГАН ИШЛАР:
1. Авваламбор хабарномани pdf шаклида сақлаб қўйинг . “Case number” ни шахсий телеграмингизнинг ишончли ва эсдан чиқмайдиган жойига олиб қўйинг. Ушбу хабарнома ва “Case number” ни ҳеч кимга берманг . Кейинги ҳужжатларингизнинг барчаси шу рақам асосида тўлдирилади.
2. DS-260 анкета-формасини тўлдириш
Ушбу форма махсус сайтда тўлдирилади, унда фото ва бошқа умумий шахсий маълумотлардан ташқари, АҚШнинг қайси штатида яшамоқчи бўлсангиз, шу адресни ҳам киритасиз. Анкета ҳар бир оила аъзоси учун алоҳида-алоҳида тўлдирилади. Сайт уларни тасдиқлагандан сўнг тасдиқнома ва анкета чоп этилиб , Ўзбекистон Республикасидаги АҚШ элчихонасига суҳбатга олиб борилади. Анкетада тўлдирилган маълумотларда хато ёки ёлғон бўлиши виза бериш рад этилишига олиб келиши мумкин.
3.Ҳужжатларни йиғиш
Одатда қуйидаги ҳужжатлар интервью учун олиб борилиши керак:
1. Маълумот тўғрисидаги диплом ёки сертификат;
2. Судламанганлик ҳақида маълумотнома;
3. Молиявий жиҳатдан ўз-ўзини таъминлай олиш ҳақидаги ҳужжат (bank statement, ойлик маош ҳақида маълумот, спонсорлик хати);
4. Никоҳ/ажрашганлик ҳақида маълумотнома;
5. Меҳнат дафтарчаси ва бошқалар.
4.Тиббий кўрикдан ўтиш
Тиббий кўрик АҚШ дипломатик ваколатхоналари томонидан белгиланган жойларда олинади. Тиббий кўрикдан мувафақиятли ўтишдан ташқари айрим вакциналарни ҳам олган бўлишингиз лозим. Тиббий кўрикдан сўнг унинг натижалари махсус муҳрланган конвертда Сизнинг қўлингизга тутқазилади ва уни ҳам интервьюга олиб келишингиз керак. Конвертни фақатгина консул очиши мумкин.
5. Виза учун суҳбат
Суҳбат энг қийин босқичлардан бири ҳисобланади. Интервью куни одатда 2-2,5 ой аввал элчихона томонидан эълон қилинади. Барча ҳужжатларни тўплаган ҳолатда белгиланган вақтда АҚШ элчихонасига ташриф буюрасиз ва консуллик йиғимини тўлайсиз. Шундан сўнг сиз ва консуллик ходими ўртасида суҳбат бўлиб ўтади – айнан шу интервьюдан сўнг паспортингизга виза урилади. Унда қайси муддатларда АҚШга кириб боришингиз кўрсатилган бўлади.