Maqola

1 430 29/03/2022

Россия энди МДҲ мамлакатларидан келган меҳнат мухожирларига нафақа тўламоқчи эмас. Бу нимани англатади?

Россия 1992 йилда имзоланган МДҲ мамлакатлари доирасида Пенсия ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги шартномадан чиқиб кетмоқчи. Бу ЕОИИга аъзо давлатлар билан янги шартнома имзолангани, шунингдек, МДҲ мамлакатларидан кўплаб меҳнат муҳожирлари келаётгани сабаб уларга пенсия тўлаш харажатлари ошиб бораётгани билан изоҳланган. Аммо ҳозиргача Ўзбекистон ва Россия ўртасида ушбу йўналишда алоҳида шартнома тузилмаган.

2023 йил 1 январда Россия МДҲга аъзо давлатлар фуқароларининг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги битимдан чиқишни режа қилмоқда. Бу ҳақда РБК нашри ҳукумат манбаларига таяниб хабар берди.

Пенсия ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги шартнома СССР тугатилганидан кейин, 1992 йилда 10та давлат: Россия, Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Украина томонидан имзоланган. Ҳужжатда пенсионернинг фуқаролигидан қатъи назар, шахснинг доимий яшаш жойидаги давлат томонидан пенсия тўлашга келишиб олинган эди. Бу доимий тарзда яшаб келаётган ва пенсионер бўлган Ўзбекистон фуқаросининг Россияда, пенсионер бўлган Россия фуқаросининг Ўзбекистонда пенсия олишига имконият берарди. Агар икки томонлама шартномаларда назарда тутилмаган бўлса, мамлакатлар ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар амалга оширилиши шарт бўлмаган.
Содда қилиб айтганда, 1992 йилгача СССР ҳудудида, шунингдек, 1992 йилдан кейинги даврда МДҲ давлатлари ҳудудидаги иш стажи ва даромадларидан келиб чиқиб пенсия тайинлаш тартиби йўлга қўйилганди. Масалан, МДҲнинг бирор давлатидан келган мигрант Россияда пенсия оладиган бўлса, унинг меҳнат стажи (хусусан, 10 йил Ўзбекистонда, 5 йил Қозоғистонда ва 10 йил Россияда ишлаган бўлса, 25 йиллик меҳнат стажи ҳисобланган) худди шу вақт давомида Россияда ишлагандек ҳисобланган.

Қайд этилишича, бу ҳозирги пенсионерларга таъсир қилмайди. Россия аллақачон ЕОИИ давлатлари билан янги шартнома имзолагани айтиб ўтилган. Шунингдек, МДҲ мамлакатларидан кўплаб меҳнат муҳожирлари келаётгани, айни пайтда уларга пенсия тўлаш харажатлари ҳам ошиб бораётгани келтириб ўтилган. Расмийларга кўра, келишувдан чиқиш 2023 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда Россияга 2,2 миллиард рублгача бюджет маблағларини тежаш имконини беради.

Россия шартномадан чиқиб кетса, пенсиялар қандай тайинланади?

Россиянинг келишувдан чиқиши шу пайтгача мамлакат томонидан тайинланган пенсияларнинг қайта кўриб чиқилишини назарда тутмайди. Шу билан бир қаторда, келажакда нафақалар тайинлаш янги қоидалар бўйича амалга оширилиши мумкин. Хусусан, ЕОИИ давлатлари (Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон) билан Россия янги кўп томонлама шартнома тузган, унга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб пенсия харажатлари пропорционал тизим бўйича тақсимланади. Турли аъзо давлатлар ҳудудида олинган иш стажи умумлаштирилади ва ҳар бир мамлакат ўз ҳудудида олинган иш стажига мувофиқ тарзда, ўз қисмини тўлайди. Тожикистон билан ҳам худди шундай принциплар бўйича икки томонлама шартнома имзоланган, аммо бошқа мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон билан ушбу масала юзасидан алоҳида шартнома имзоланмаган.

Россия ўз хоҳишига кўра, шартномадан чиқиб кетиши мумкинми?

1992 йилда тузилган шартноманинг 13-моддасида келтириб ўтилишича, ҳар бир томон ўз хоҳишига кўра битимдан чиқиш бўйича ёзма билдиришнома билан чиқиши мумкин. Шундан сўнг 6 ой муддат ўтгач, шартнома шартлари билдиришнома билан чиққан давлат учун тугатилади. Аммо аъзо мамлакатларнинг бири чиқиб кетган тақдирда ҳам, битим қоидаларига мувофиқ вужудга келган пенсия ҳуқуқлари ўз кучини йўқотмайди.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya