Maqola

1 079 17/11/2023

Россиянинг Сахалин вилояти таркибидаги Итуруп оролига ҳам етиб борган ўзбекистонлик муҳожирлар қаҳрамонлик намунасини кўрсатишгани ҳақида илгари ёзган эдик.

Ўзбекистонлик қурувчилар – Усмон Мирсалиев, Исломжон Қўчқоров, Усмон Усвалиев, Абдураҳим Шакиров чўкиб кетаётган икки нафар россияликни сувга ғарқ бўлишдан қутқариб қолишган.

Қайд этилишича, Рейдово қишлоғи ҳудудида бир бола қирғоқ яқинидаги дарё бўйлаб сайр қилиб юрган ва тўсатдан сувга тушиб кетган. У чўкишни бошлаганида яқин орада бўлган яна бир киши  ёрдамга шошилган, лекин унинг ўзи ҳам сузишни билмас экан. Курил оролларига ризқ талабида келган ўзбекистонлик муҳожирлар бир дақиқа ҳам ўйлаб ўтирмай ўзларини дарёга ташлаб, аллақачон ҳушини йўқотган икки жабрланувчини сувдан олиб чиқишган.

Қутқарилганлар Курил марказий туман касалхонаси шифокори ва унинг ўғли бўлган.

“Курил марказий туман касалхонаси ходимлари Ўзбекистон фуқаролари Усмон Мирсалиев, Исломжон Қўчқоров, Усмон Усвалиев, Абдурахим Шокировга икки нафар – бизнинг ходимимиз ва шифокоримизнинг фарзандининг ҳаётини сақлаб қолгани учун миннатдорчилик билдирадилар. Агар номлари кўрсатилган фуқароларнинг ёрдами бўлмаганида, фожиа муқаррар, икки кишининг ҳалок бўлиши мумкин эди”, дейилади туман ҳокимияти томонидан эълон қилинган баёнотда.

Йигитлар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланишган. Бироқ россиялик фойдаланувчилар ижтимоий тармоқларда бу уларнинг ҳаракатлари учун жуда камтарона ва ҳатто номутаносиб мукофот эканлигини таъкидлашган.

Чунки одатда бундай қаҳрамонлик қилган россияликлар “Чўкаётган одамни қутқаргани учун” деган махсус медал билан тақдирланишади. Масалан, Соликамскда қайиғи ағдарилиб кетган икки балиқчини қутқарган паром ишчиларига, Забайкальеда болани қутқарган ўсмирга ҳам медал берилган.

Нима бўлганда ҳам, ўзбекистонликларнинг инсон ҳаётига бефарқ бўлмагани россияликларнинг назарига тушди. Медал олмасаям, икки инсон ҳаёти сақлаб қолинганининг ўзи савоб бўлиши аниқ.

Хўш, сизнингча, қаҳрамонлар қандай мукофотга лойиқ?

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya