Maqola

1 447 01/08/2023

Мўмин-мусулмонларнинг ғазабини қўзғатишга уринишлар ҳар доим ҳам бўлган ва фитначилар тақдири ҳамиша аянчли якун топган. Бугунги кунда даниялик адвокат Расмус Палудан дунё диққат марказида турибди. У Ислом динининг муқаддас китоби,  Аллоҳнинг каломини жамлаган Қуръони Каримни омма олдида ёқиш орқали очиқ адоватга ундаяпти. Ундан илҳомланган яна бир жоҳил Швецияда шу ишни амалга оширди. Энг ҳайратланарлиси – бу сафар келиб чиқишига кўра ироқлик қочоқ Салван Момика бу разил ҳаракатга қўл урди. 

Палудан – адвокат

Швециялик Расмус Палудан Қуръони Каримни ёқиш ортидан диққат марказига тушди. Айнан унинг бу ҳаракати Скандинавия давлатларида тақлидларга сабаб бўляпти ва халқаро можаролар келтириб чиқаряпти. Кўпчилик уни ақлдан озган, ўз қилмишини тушунмайдиган телба деб ҳам ўйлайди. Аммо Палудан нафақат ақлан соғлом, балки ўз ҳаракати моҳияти ва оқибатини бошқалардан ҳам кўра кўпроқ англовчи касб эгаси – адвокат! Палудан Копенгаген университетини тугаллаб, ҳуқуқшунослик бўйича диплом олган. У ҳуқуқ бўйича фан номзоди ҳисобланади.

1982 йилнинг 2 январида Янги Зеландияда туғилган Палудан бугунги кунда икки давлат – Дания ва Швеция фуқароси ҳисобланади. Айнан мана шу жиҳатга эътибор бериш лозим: Расмус икки давлат ҳимоясида ва бу давлатлар фикр эркинлиги жиҳатдан дунёда етакчилардир. Лекин бу давлатларни ҳам Палуданни ҳимоялаш ёки қўллаб-қувватлашда айблаб бўлмайди. Улар адвокатнинг ҳаракатларини оқламасаларда, қоралаб жазолашга ҳам жиддий асос топа олмайдилар. Чунки бу қилмиш шу мамлакатларда йиллар давомида шаклланган фундаментал ҳуқуқларга зид ҳисобланади.

Бу давлатлар раҳбарияти ҳам мазкур масалада боши берк кўчага кириб қолган. Бир тарафдан ўз фуқароси ҳуқуқини таъминлаши керак, иккинчи томондан тобора кучайиб бораётган норозиликлар билан ҳисоблашиш, муқаддас дин вакиллари ғазабидан эҳтиёт бўлишлари шарт.

Сиёсий қадамлар

Расмус Палудан аксилисломий чақириқларига қадар ҳам диққат марказига кўп тушган. Хусусан 2016 йилда миграцион оқимни кескин қоралагани ортидан ўзига ҳамфикр бўлган “Янги ўнглар” партиясига аъзо бўлади. Партия вакиллари миграцияни чеклаш билан бирга муҳожирларга нисбатан ўта кескинликлари билан ажралиб турарди.

2017 йилда Палудан ўзининг “Қаттиқ курс” (“Шафқатсиз ва қатъий йўналиш”) партиясига асос солади ва энди инсонларни тоифаларга ажратишда олдинги партиядошларидан ҳам ўзиб кетади. Яхшики бу партия омма томонидан етарлича қўллаб-қувватланмайди ва фақат 1,8 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлади. Дания парламентига кириш учун камида 2 фоиз зарурлиги учун Палудан бу даргоҳдан четда қолди.

Аксилисломий қарашлар

Азалдан ноодатий чақириқлари билан ажралиб турган Расмус кейинчалик ўзининг асосий ғояси сифатида аксилисломий йўналишни танлаб олди. У бу йўналишда “муваффақият” ва омма эътиборини қозонишига ишонганди. Чунки аҳолиси қариб кетаётган Европада мусулмонлар сони табиий равишда кўпайиб бораётган, миграцион оқим бу жараённи кучайтираётган, Палудан учун энг алам қиларлиси кўплаб миллатдошлари ҳам Исломни қабул қилаётганди.

Бундай пайтда хавфсизликни четга суриб, кескин баёнотлар бериш орқали яхши сиёсий очкога эга бўлишни истаган Палудан энг ярамас усулларни қўллайди. 2018 йилнинг ўзида Даниянинг турли бурчакларида 53 марта аксилисломий намойишлар ўтказади ва уларнинг деярли барчасида бу муқаддас динни истаганча камситади. 2019 йилнинг 14 апрелидаги намойиш чоғида у Қуръони Каримни оёқлар остига улоқтиради ва бу билан омманинг сабр косасини тўлдиради. Намойиш муштлашувга айланиб кетади, тартибсизликларда кўпчилик жароҳатланади, 23 киши ҳибсга олинади.

Палудан бу билан чекланиб қолмайди. 2023 йилнинг 21 январида у Туркиянинг Стокҳольмдаги элчихонаси ёнида Қуръони Каримни ёқиш акциясини ўтказади. Таъсирлиси, уни полиция қўриқлаб турар, атрофдагиларни яқинлаштиришмасди.

Шу ўринда муҳим эътиборли жиҳат бор – Швециянинг SVT давлат телеканали маълумотларига кўра, Палуданни бу акцияга журналист ва кремлпараст фаол Чанг Фрик ундаган ҳамда барча харажатларни ўз зиммасига олган. Иккинчи акцияни Расмус 27 январь куни Даниядаги мачит қаршисида ўтказади. Бу сафар ҳам Қуръони Карим китоби омма эътиборида ёқилади.

Палудан жазоланмайдими?

Афсуски ўз давлатлари қонунчилиги бу қилмишлари бўйича жазога тортилмаслигини Расмус яхши билади. Аммо суд-ҳуқуқ тизими ҳам имкон қадар уни жавобгарликка тортишга ҳаракат қилган. 2019 йилда у шартли жазога тортилган. 2020 йилда эса Нествед шаҳар суди Палуданни ирқий камситиш йўналишида 14 та айблов бўйича жавобгар қилди ва бир ой қамоқ жазоси билан бирга икки ой шартли жазо қўллади. У нафақат расизмда, балки ижтимоий тармоқларда ва ўз партияси платформаларида мусулмонларга нисбатан ҳақоратли изоҳлар ёзишда, автомобилни хавфли бошқаришда айбланди. Келиб чиқиши сомалилик аёлни намойишлар чоғида фоҳиша деб атагани учун яна бир айблов қўлланди ва унинг ортидан Палудан уч йил адвокатлик ва бир йил автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Бироқ Палудан ҳукм ўқилган чоғда судга келмади.

Мусулмонлар муносабати

Албатта, Ислом уммати учун ўта таҳқирли ҳаракатлар қилган бўлсада, бирор мусулмон давлати ёки кенгаши томонидан аниқ жазога тортиш бўйича фатво берилмади. Тўғри, ҳаракатлари қораланди, айрим уламолар ҳатто қатл қилиш бўйича чақириқлар билан чиқишди. Аммо буларнинг бирортаси якдил хулосага олиб келмади. Бу нисбий босиқликнинг яхши ва ёмон жиҳатлари бор: бир тарафдан “Ит ҳурар, карвон ўтар” принципига амал қилинган бўлса, иккинчи тарафи расмий чоралар кўрилмаслиги “самосуд”ларга йўл очиши, мусулмонлар норозилигининг янги тўлқини туғилишига сабаб бўлиши мумкин.

Бундай ҳолат аввал ҳам юз берган: 2012 йилда “Мусулмонлар бегуноҳлиги” номли ўта зиддиятли фильм тарқатилган ва бунинг ортидан қатор давлатларда намойишлар бошланиб кетган. Тартибсизликлар тўлқинида АҚШнинг Ливиядаги элчиси Жон Кристофер Стивенс ҳалок бўлган. Бу Америка дипломатияси учун оғриқли саҳифа ҳисобланади ва шундан кейин АҚШ ўз дипломатлари учун алоҳида қўриқчилар ажратган.

Яна бир мисол – 1988 йилда келиб чиқиши ҳиндистонлик бўлган британиялик ёзувчи Аҳмад Салмон Рушдий ўзининг “Шайтон шеърлари” романини чоп эттиради ва мусулмон оламида катта норозиликларга сабаб бўлади. Эрон олий раҳнамоси унинг қатлига фатво беради. Аввал Буюк Британия, кейин АҚШ Рушдийни ўз ҳимоясига олишга мажбур бўлади. Шунга қарамай яқинда, 2022 йилнинг 12 августида Салмон Рушдийга суиқасд уюштирилган. У оғир яраланган бўлсада, ўлмай қолган.

2011 йилда флоридалик пастор Терри Жонс чақириқларига эргашган яна бир руҳоний Уэйн Сапп Қуръони Карим китобини омма олдида ёқади ва кейинчалик ҳам бу ҳаракатларини давом эттириш истагини билдиради. Бу ҳаракат ҳам бутун дунё бўйлаб норозиликлар ўйғотди.

Афсуски бу каби ҳолатлар узоқ ўтмишда қолмади. Бир неча ой олдин Москва шаҳрининг шарқий округида айни шундай ҳолат содир бўлди. Видеода ўз юзини яширган шахс Косино-Ухтомский ҳудудидаги Белое кўли яқинида Қуръонни ёқиб юборган. Полиция айни пайтда Қуръонни ёқишда гумонланувчи қидирилаётганини билдирган. Унга нисбатан қайси модда билан жиноят иши қўзғатилгани айтилмаган.

Бу каби ҳаракатларнинг энг сўнггиси яна Данияда содир этилди ва бир ҳафта ичидаги иккинчи ҳолатдир. “Дания ватанпарварлари” ультрамиллатчи гуруҳи томонидан Ироқ элчихонаси олдида Қуръон китоби ёқилди. Аввалроқ 20 июль куни ҳам ҳаракат фаоллари элчихона олдида Қуръон китобини ёққан ва Ироқ байроғига нисбатан беҳурматлик қилишганди.

Аброр Зоҳидов

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya